«Ювентус» - «Лион»: Превью

Саррининг курсиси қимирлаб қолган, буни ҳатто унинг ўзи ҳам билиб турибди. «Ювентус» сўнгги 9 йилдаги чемпионлик мавсумларининг энг ёмонини айнан италиялик мутахассис қўл остида ўтказди. Ҳар ҳолда, А Серия чемпионининг сўнгги иккита турда кетма-кет мағлубиятга учрашининг ўзиёқ катта сенсация. Мухлислар натижалардан ҳам кўра, жамоа кўрсатаётган футболдан норози бўлмоқда. «Ювентус» ўз анъаналарига эга катта клуб. Унинг қадриятларини бир йилда йўққа чиқаришга уриниш улкан норозиликларга сабаб бўлиши мумкин ва бўлмоқда ҳам.

«Лион»да ҳам муаммолар етарли. Жамоа 5 ойлик танаффусдан сўнг ўтказган дастлабки ўйинида ПСЖга лига кубоги финалини бой берди. Аммо французларга ишончимизни уларнинг 120 дақиқа мобайнида ҳимояда ишончли ўйнагани ошириб юборади. Қайсидир маънода лионликларни «Юве»га қарши худди шундай ҳимоявий ўйин қутқариб қолиши мумкин. ПСЖ билан кечган учрашувда қарши ҳужумлар ҳам анчагина хавфли тус олди. Шундай қарши ҳужумлардан бири туринликлар дарвозасининг ишғол қилиниши билан якунланиб қолса борми?! Келинг, учрашув атрофидаги деталларга батафсилроқ тўхталамиз.

Юве - Лион

Дастлабки ўйин

 

Францияда кечган баҳс ҳақида нимадир дейиш қийин. Иккала жамоанинг ҳимоя чизиғи зўр ўйнаб турган бир пайтда «Юве» мудофааси кутилмаган жойдан дарз кетди. Марказда Туссар бўш қолдирилди, жарима майдонида Ауар бемалол ҳаракат қилиб, шеригига тўп етказиб бериш имконига эга бўлди. Эътиборлиси, голдан кейин ҳам устунлик «Лион» тарафидалигича қолди.

Бир вазиятда тўп Куадрадонинг қўлига тегди. Ҳакам ва ВАР ушбу вазиятни узоқ муҳокама қилиб, пенальти белгиламасликка қарор қилди. Биринчидан, тўп қўлдан аввал футболчининг оёғига текканди. Унинг устига Куадрадонинг ортида ҳеч ким йўқ эди ва у тегинмаган тақдирда, тўп майдонни тарк этарди.

Гол

Хуллас, биринчи бўлимни бемалол «Лион» ҳисобига ёзиб қўяверсак бўлади.

Иккинчи бўлимда эса французлар ҳайратланарли даражада тартибли ҳимояланишди. Туринликлар томонидан уюштирилган ҳужумлар тизимли тарзда бартараф этилаверди. Фақатгина икки маротаба Дибала томонидан тепилган тўпларни зарба қаторига қўшсак бўлаверади.

Итальян футболига бегона бўлмаган Руди Гарсия яхши жамоа туза олган. Бугун улар Сарри шогирдларига росмана муаммолар туғдириши аниқ.

Роналду_3

Жамоаларнинг тахминий таркиблари

«Ювентус»: Шчесни, Куадрадо, Бонуччи, Де Лигт, Алекс Сандро, Бентанкур, Пьянич, Рабьо, Бернардески, Игуаин, Роналду.

Иштирок эта олмайди: Ди Шильо, Дуглас Коста.

Сўроқ остида: Дибала.

Дисквалификация хавфи остида: Матюиди.

Таркибга киритилганлар: Демирал.

Қайдномадан ўчирилганлар: Хедира.

Юве таркиб

«Лион»: Лопеш, Денайер, Марсело, Марсал, Дубоа, Какере, Гуимараеш, Ауар, Корне, Депай, Дембеле.

Сўроқ остида: Коне, Тете.

Дисквалификация хавфи остида: Марсело, Коне.

Таркибга киритилганлар: Диоманде, Гриффиц, Висса.

Қайдномадан ўчирилганлар: Террье, Туссар, Янга-Мбива.

Лион состав

Мураббийлар

Маурицио Сарри: «Улар ажойиб ўйин ва тартибли ҳимоя намойиш этишди. Биринчи ўйиндаги ғалаба орқали рақиб катта мақсадларни олдига қўйганини кўрсатди. Бу қийин беллашув бўлиши аниқ, аммо уддалаб бўлмайдиган нарса эмас. Роналду тўғри шуғулланмоқда. А Серия рестартидан сўнг юзага келган тиғиз тақвим вақтида ҳам у яхши меҳнат қилди. Пауло тайёр бўлиши учун барчамиз ҳаракат қиламиз. У ҳозир шифокорларимиз билан иш олиб бормоқда».

Сарри

Руди Гарсия: «Биз бу каби юқори даражадаги ўйинда иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Чорак финалга йўлланма олиш учун яхши имконият ҳосил қилганмиз. Рақиб таркибида кўплаб юқори классдаги ўйинлар бор. ПСЖга қарши кечган финал ва ундаги мағлубиятни чуқур таҳлил қилдик. Клубимиз амбициялари доим ғалабани талаб қилиб туради».

Гарсия

Хулоса ўрнида

 

Биринчи ўйинда «Ювентус» 0-3 ҳисобида мағлуб бўлса ҳам, таркибида Роналду бор экан, жавоб баҳси олдидан уларни курашдан чиқаришга ҳеч кимни ҳаққи йўқ. Буни жамоа аввалроқ Европанинг энг кучли ҳимояларидан бири ҳисобланган «Атлетико»га қарши беллашувда исботлаб улгурган.

Очиғини айтганда ушбу қарама-қаршиликдан жуда катта темп кутиш мушкул. Бир жамоа ҳимояланади, иккинчиси босим уюштиради. «Лион» қарши ҳужумларда ПСЖга кўрсатганидек, ўйнайдиган бўлса-ку,  яхши. Аммо натижани сақлаш учун ҳимоядан чиқмасликни режа қилса, нейтрал мухлислар учун бундан ёмони йўқ. Яна бир жиҳат шуки, «Лион» ҳимояга бор эътиборини қаратганига қарамасдан, гол ўтказиб юборадиган бўлса, «Ювентус»нинг ўйини очилиб кетади.

Параллел ўйиндан воз кечиб, ушбу баҳсни танлайдиган мухлисларга иккала жамоа кучли стратегик кураш таклиф этади.

ласт

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)