Юртимизга Австралия, Жанубий Корея, Япония термалари ташриф буюради

6-10 ноябрь кунлари Саудия Арабистонининг Хобар шаҳрида U-19 Осиё чемпионати-2020 саралаш баҳслари ўтказилди.

Отабек Ғуломхўжаев шогирдлари “F” гуруҳда Саудия Арабистони, Ҳиндистон ҳамда Афғонистон терма жамоалари билан куч синашишди.

Вакилларимиз дастлабки баҳсда иккинчи таймда урилган голлар эвазига Ҳиндистонни енгишди. Афғонистонга қарши учрашувда эса биринчи бўлимда киритилган тўплар ўйин тақдирини ҳал этди. Саралаш ўйинлари мезбони Саудия Арабистони билан беллашувда танаффусга яқин бир киши кам бўлиб қолдик. Чунки ҳакам футболчимизга қизил карточка кўрсатди. Шунга қарамай йигитлар ирода кўрсатган ҳолда 88-дақиқада ҳисобни тенглаштиришди. Жасурбек Жалолиддинов томонидан урилган гол ёшларимизга бир очко тақдим этди.

Шундай қилиб тўплар фарқига кўра гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган Саудия Арабистони терма жамоаси ҳам қитъа биринчилиги йўлланмасини қўлга киритди. Вакилларимиз эса квартетда 2-поғонани банд этишди.

Ўзбекистон – Ҳиндистон 2:0
Голлар: Улуғбек Ҳошимов 51, Музаффар Олимжонов 65

Афғонистон – Ўзбекистон 0:2
Голлар: Одилбек Абдумажидов 36, Диёрбек Раҳимқулов 41

Саудия Арабистони – Ўзбекистон 1:1
Голлар: Басил Юссуф Алсайяли 45+3 – Жасур Жалолиддинов 88

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг финал босқичи келаси йили тарихда илк бор Ўзбекистонда ўтказилади. Шу боисдан ҳамюртларимиз саралаш натижасидан қатъи назар финал босқичида иштирок этишади.

Маълумот ўрнида, октябрь ойида Тожикистон ёшлар терма жамоаси биринчи бўлиб қитъа биринчилиги иштирокчисига айланганди. Малайзия, Австралия, Жанубий Корея, Япония ва Индонезия гуруҳ ғолиби сифатида U-19 Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди.