Ёшлар ўртасида жаҳон рекордини ўрнатган оғир атлетикачимизни биласизми ёхуд у учун Олимпиада йўлланмаси нақдми?

Юртимизда бошқа Олимпиада дастуридан ўрин олган спорт турлари каби оғир атлетика ҳам яхши ривожланиб бормоқда. Олимпиада, жаҳон чемпионати, қитъа биринчиликлар ҳамда турли халқаро турнирларда юртдошларимиз яхши натижалар қайд этиб келмоқда.

Ана шундай атлетларимиздан бири Адҳамжон Эргашевдир. У ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида ҳам залворли натижаларни қўлга киритган ва ундан янада ажойиб кўрсаткичларни қайд этиши кутилмоқда. Зеро, унинг салоҳияти бунга етади.

Биз ушбу спортчимизни суҳбатга тортдик.

- Ассалому алайкум.

- Ваалайкум ассалом. Ассалому алайкум!

- Сиз билан суҳбат қилиш ниятимиз бор эди?

- Аввало, эътибор учун катта раҳмат. Қўлдан келганича жавоб беришга тайёрмиз!

- Бир неча йиллардан буён оғир атлетика оламидасиз, сизни бу спорт турига қизиққанлар яхши билади. Лекин энди, ушбу спортга ошно бўлаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Улар учун ўзингиз ҳақингизда бироз маълумот берсангиз?

- 1999 йил 12 мартда Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманида таваллуд топганман. 11 ёшимдан буён ушбу спорт тури билан шуғулланиб келаман.

- Кўплаб мусобақларда ғолиб ва совриндор бўлгансиз, бу борада батафсил ўзингиздан эшитсак?

- 2014 йил терма жамоа аъзоси бўлганман ва ўшандан бошлаб халқаро мусобақаларда қатнаша бошлганман. 2-ўсмирлар Олимпиадасида 3-ўринни қўлга киритганман. Шунингдек, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришганман. Икки карра катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндориман.

эргашев1_1

- Келинг, қайси вазн тоифасида эканлигингизга ҳам ойдинлик киритсак?

- 67 кг вазн тоифасида иштирок этаман.

- Спортчининг камол топишида биринчи мураббийнинг ўрни беқиёс бўлади. Илк устозингиз ким бўлганди?

- Биринчи мураббийим Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидан Элмурод ака Ёқубжонов бўлган.

- Ҳозирги кундаги энг долзарб мавзу бу Токио Олимпиадаси ҳисобланади. Сизнинг ушбу тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирида иштирок этиш имкониятингиз қай даражада?

- Ҳаммаси яхши ва албатта, борамиз!

- Имкони бўлса, очиқроқ маълумот беринг?

- Олимпиадага бориш учун имкониятимиз ҳам рейтингдаги очколаримиз ҳам етарли. Апрелда бўладиган Осиё чемпионатида сўнги очколар ўйналади. Ўшандан кейин Халқаро оғир атлетика федерацияси расман кимлар Токиога йўл олишини эълон қилади.

- Шахсий рекордингиз қандай?

- Даст кўтаришда 151 кг ва силтаб кўтаришда 185 кгни ташкил қилади.

- Расмий мусобақлардаги рекордчи?

- Даст кўтаришда 146 кг, силтаб кўтаришда 182 кг. Бу ёшлар ўртасидаги жаҳон рекорди ҳисобланади.

- Вазн тоифангиздаги энг кучли рақиблар қайси мамлакат вакиллари саналади?

- Хитой, Шимолий ва Жанубий Корея, Япония, Колумбия ва Италия.

- Оғир атлетикада тактик жиҳатдан жуда кучли кураш кетади. Шу нуқтаи назардан, юртимиздаги энг кучли мураббийлар деб кимларни айта оласиз?

- Бир сўз билан айтганда барчаси кучли мураббийлар.

- Бу спорт турида жуда кўп допинг можоралари бўлади. Сиз бу борада қанчалик масъулиятлисиз?

- Тўғри, бу бор гап. Лекин терма жамоага бу борада федерация мутасаддилари ва мураббийлар жиддий қарашади ва доимо, назоратда бўламиз.

- Умуман олганда, оғир атлетика билан неча ёшдан шуғулланган мақул?

- Ўзим юқорида таъкидлаб ўтганимдек, 11 ёшдан бошлаганман. Назаримда 11-12 ёшдан бошласа, мақсад мувофиқ бўлади.

эргашев2

- Овқатланиш тартибингиз қандай, сиз каби атлетлар қандай маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилгани маъқул?

- Аввало, қаътий режимга тушиб олиш зарур. Ҳар доим бунга амал қилиш керак ва витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Шунингдек, салатни ҳам канда қилмаслик керак.

- Қайсидир мураббийдан асал ва туршакларни кўпроқ истеъмол қилган маъқул, деб эшитгандим?

- Тўғри, биз ҳар доим эрталаб тарозидан ўтамиз ва кейин лимонли сув билан асал истеъмол қиламиз.

- Оғир атлетикачи учун вазнни бир маромда ушлаб туриш жуда ҳам қийин бўлса керак? бу борада қандай ишларни амалга оширасиз?

- Албатта, бу биз учун энг машаққатли ҳолат ҳисобланади. Шахсий вазнни ушлаб туриш жуда катта меҳнат талаб қилади. Мен бунга жиддий эътибор қаратаман ва овқатланишда ҳам вазн берадиган маҳсулотларни истеъмол қилмайман. Ҳар доим, мураббийларим тавсия қилгандек овқатланаман.

- Мазмунли суҳбат учун раҳмат. Олдингизда турган муҳим турнирларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишингизга тилакдошмиз!

- Ташаккур. Албатта, ишончни оқлашга ҳаракат қиламан!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар