Бугун юртимизга катта футбол қайтади. Пандемия туфайли бутунлай бўшаб қолган стадионлар яна мухлислар билан тўлиб-тошади. Бугунги кундаги Ўзбекистоннинг икки гранди ўртасидаги беллашув ҳеч қайси томошабинни бефарқ қолдириши мумкин эмас. Ўтган мавсум Суперлига ва кубокни ўзиники қилган "Пахтакор"да йилни хурсандчилик билан бошлаш учун яхши имконият мавжуд. Питер Хюистра "шерлар" бош мураббийи сифатидаги расмий дебютида соврин қўлга киритиши мумкин. Бу ажойиб мотивация бўлади, назаримизда. Қарама-қарши томонда эса, вазият анча ўзгача. Шундоқ ҳам бир неча юлдузларидан айрилган "Насаф" Рўзиқул Бердиевсиз машғулот ўташга мажбур бўлди. Бердиев мавсумолди йиғинлари, хусусан, кеча бўлиб ўтган Суперкубок олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум сабабларга кўра иштирок эта олмади. Аммо хабарларга қараганда, 49 ёшли мутахассис билан ҳаммаси жойида ва у Самарқандга етиб келган. Биз эса бевосита жамоаларнинг имкониятлари ҳақида фикр юритамиз.

paxtakor - nasaf

"Пахтакор" 

Юқорида таъкидлаганимиздек, "Пахтакор" Суперкубок учун борини майдонга ташлайди. Сабаби, нидерландиялик мураббий раҳбарият олдида қилинган трансферлар ва билдирилган ишончни оқлаши шарт. Бундан ташқари, "шерлар" ўз тарихида ҳали бирор марта ушбу совринга эга чиқмаган. 3 бор бунга яқин келган жамоа ҳар сафар турли клублар томонидан тўхтатиб қолинган. Ўтган аср сўнгида "Навбаҳор", 2015 йилда "Локомотив" "Пахтакор"дан устун келган бўлса, 2016 йилги Суперкубок "Насаф"га насиб этган. Демак, пойтахтликларда бугун реванш кайфияти бор ва умид қиламизки, бу ўйин интригаси энг юқори чўққига чиқишига сабаб бўлади.

Шунингдек, таркибга жалб этилган янги футболчилар учун ҳам бу дебют яхши имконият бўлиши мумкин. Ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатиш орқали Рашидов, Турғунбоев, Муҳитдинов каби футболчилар янги етакчига айланиб олиши ҳеч гап эмас.

paxtakor - nasaf.jpg1

Тахминий таркиб: Суюнов, Сайфиев, Исмоилов, Кримец, Алижонов, Собирхўжаев, Муҳитдинов, Черан, Рашидов, Турғунбоев, Дердийок.

Питер Хюистра: "Жамоамиз ушбу кубокни ҳали қўлга киритмаган. Биз эртага ушбу бўшлиқни тўлдиришни истаймиз. Мақсадимиз ғалаба қозониб, совринлар сонини ошириш. Ўйинчилар кетиши ва келиши одатий ҳол. Бунга тайёр туриш керак. Суперкубок мавсумга қай даражада ҳозирлигимизни кўрсатади. Рақибда ҳам бир неча ўзгаришлар рўй берди. Мавсумга тайёргарлик жараёнида бир неча ўйинларини кўрдим. Таркиб ўзагини сақлаб қолишди. Ўйин услуби ўзгармаган. Улар жиддий қаршилик кўрсатиб, жипс футбол намойиш этишади. Ўйинчилар ҳар хил бўлади. Вазифам улар орасида боғламни тезроқ шакллантириш ва яхши ўйин кўрсатишга уриниш. Бу ўзига хос бошқотирма, ундан чиқиб кетишга интиламиз".

xyuistra

"Насаф"

"Аждарлар"нинг ҳолат рақибникидан тубдан фарқ қилади. Боиси, уларга барча ачиниш кўзи билан қарамоқда. Бу ҳолатда қаршиликларнинг фаворит мақомида эмаслигини табиий. Айнан шу фактор уларга қўл келиши мумкин. "Яраланган" "Насаф" кутилмаганда сокинликка чек қўйиши мумкин. 2016 йил "Бунёдкор" стадионида кечган баҳсда "аждарлар" сўнгги совринини қўлга киритганди. Айнан "Пахтакор" мағлуб этилганди ўшанда. Мана 5 йилдирки, бирорта муваффақиятга эриша олмаётган Бердиев жамоаси мухлислар ишончини оқлаш учун ҳам бугун ғалаба қозониши шарт. Барчаси 90 дақиқа ичида ҳал бўлади ва Суперкубокни қўлга киритган тақдирда, "Насаф" Суперлига илк тури олдидан кайфиятни энг юқори поғонага чиқаради. Дарвоқе, ички чемпионат биринчи турида ушбу жамоалар яна тўқнаш келади. Бугунги ўйин натижаси кейингисига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини инобатга олсак, бугун "Динамо" стадионида супер учрашув кутиб турибди.

paxtakor - nasaf.jpg1.jpg2

Тахминий таркиб: Неъматов, Алиқулов, Маннонов, Эшмуродов, Хўжамбердиев, Мозговой, Насруллаев, Станоевич, Бозоров, Нуриллоев, Норчаев.

Шухрат Тошпўлатов: "Эртанги ўйин олдидан жамоамиз кайфияти аъло даражада. Тайёргарлик жараёни режа асосида ўтди. Эртага иккинчи марта Суперкубокни қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз. 2016 йил айнан “Пахтакор”ни мағлуб этиб, Суперкубокда зафар қучган эдик. Эртага ҳам ушбу натижани такрорлаб, кубокни Қаршига олиб кетишни ният қилганмиз. Тўғри, таркибда йўқотишлар бўлди, аммо захирада хам ўз навбатини кутиб турган иқтидорлар етарли. Ўқув-машғулот йиғинлари давомида айнан ушбу футболчилар ўйин амалиётига эга бўлди ва ўйлайманки, улар назорат баҳсларида ўзларини кўрсатди".

Shuxrat Toshpolatov

Сўнгги бор 20 декабрь куни катта футбол юртимизда меҳмон бўлганди. Орадан 2 ойдан кўпроқ вақт ўтиб, бизда яна шундай имконият юзага келмоқда. Стадионда супер муҳит яратиш учун мухлислар трибуналарга киритилмоқда, адолатни таъминлаш мақсадида ВАР тизими жорий этилди, ҳар икки жамоага қулай бўлиши учун ўйин нейтрал стадионда, томонлар учун узоқлиги деярли тенг шаҳарда ўтказилмоқда. Демак, бугун супер футбол кўриш учун ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди. Соат 16:00 га режалаштирган барча ишларингизни ққолдиринг. Бундай ўйинлар доим ҳам бўлавермайди!

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
06/03/2021 14:23
shu poliyani ham chempionat boshlanmasdan. qura orqali hal qilsa. masalan. kubik fenaliga sharik orqali hal qilinganday ayni. tasafur qiling. Navbahor stadiyoni kubik fenaliga chiqdi. muhlisla keyingisi yana kurushadi ayni. keyingi sharik. Super kubik poliyasini aniqlap beradi.