Йилнинг охирги рейтингида Ўзбекистон МТЖнинг ўрни,

Ҳафта воқеликлари

Ассалому алайкум спортс.уз сайтининг кузатувчилари. Бугун биз сизларга “ҳафта воқеликлари” кўрсатувининг навбатдаги сонини тақдим этамиз. Сиз унда ўзбек ва хориж футболида рўй берган энг муҳим воқеликлар билан танишасиз. Сиз тайёр бўлсангиз, биз бошладик.

1.ФИФА терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Жаҳон рейтингини ким бошқармоқда? Ўзбекистон миллий терма жамоаси қайси ўринда? Буларга қуйида жавоб оласиз.

2.Про лиганинг охирги ўйинидаги воқеани ҳали ҳеч ким унутгани йўқ. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров "Нефтчи"да йиғилиш ўтказди. "Турон" билан ўйиндаги тартибсизликлар учун “Нефтчи” бош мураббийи лавозимидан озод этилди.

3.ЎФА тартиб интизом қўмитаси “Нефтчи”га қандай чора кўрилишини жуда узоқ муҳокама қилган кўринади. 1 декабрь кунги воқеликка 9 декабрда жазо белгиланди. Хўш, фарғоналиклар Суперлига ўтиш ўйинига қўйиладими? Ўзи учрашув қачон бўлади? Мавсумнинг охирги беллашуви бўйича маълумотлар.

4.Ушбу ҳафтада бутун дунё кутган воқелик рўй берди. Роналду ва Месси тўқнаш келди. Криштиану деярли 3 йиллик танаффусдан сўнг Мессига қарши майдонга тушди ва қайтишини 2 та гол билан нишонлади.

5.ЕЧЛда гуруҳ босқич ўйинлари якунланди. Энг кўп мухлисларга эга жамоалардан бири “Манчестер Юнайтед” плей-оффга ўта олмади. Катта умидлар билан қаралаётган “Интер” эса ЕЛдан ҳам қуруқ қолди.

1. ФИФА терма жамоаларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Кучли ўнликда ўзгариш содир бўлмади. 1-ўриндаги Бельгия қаторасига 3-йил рейтингни пешқадам сифатида якунлайдиган бўлди. Эден Азар бошчилигидаги жамоа 1780 очко жамғарган. Ундан кейин Франция 1755 очко тўплади. Кучли учликни 1743 очко билан Бразилия якунлади.

Миллий терма жамоамиз ўз ўрнини сақлаб қолди. 10 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон 85-поғонада қайд этилди. Вадим Абрамов шогирдлари Осиёда 12-ўринда. Қитъамиздан Япония дунёда 27, Эрон 29 ва Жанубий Корея 38-ўринни банд этган.

 

2. "Нефтчи" - "Турон" учрашувидаги тартибсизликлар келиб чиққан ҳолат юзасидан 5 декабрь куни "Нефтчи" қароргоҳида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишга Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров раислик қилди. Йиғилишда шунингдек, вилоятнинг спортга алоқадор вакиллари қатнашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров йиғилиш қатнашчиларини кун тартибидаги масалалар билан таништириб ўтди. Йиғилишда 2020 йил 1 декабрь куни ўтказилган "Нефтчи" - "Турон" беллашувида "Нефтчи" жамоаси футболчиларининг ўйинни бошқарган ҳакамларга нисбатан қилган қўполликлари туфайли юзага келган тартибсизликлар натижасида футболга хос бўлмаган ҳолат бўлганлиги, жамоа масъул ходимлари клуб футболчиларини ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйганлиги, тартибсизлик келтириб чиқарган футболчиларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилганлиги ҳақида гапирилди.

Шунингдек, келгусида "Андижон" билан бўлиб ўтадиган ўйинга етарлича тайёргарлик кўриш ҳамда ижобий натижа кўрсатиш бўйича "Нефтчи" футбол клуби масъулларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. "Нефтчи" ФК масъул ходимлари футболчиларини ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун бош мураббий Абдусамад Дўрмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

photo_2020-12-02_19-14-24

3. Хабарингиз бор, “Нефтчи” ва “Турон” клублари ўртасидаги Про лиганинг 20-тур ўйинида футболга хос бўлмаган ҳолатлар содир бўлди.

“Истиқлол” стадионида ўтган мазкур баҳснинг якунида ҳакамларга нисбатан қўпол ва тажовузкор муносабатда бўлиб, уларга тан жароҳати етказилди.

ЎФA мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Ички ишлар вазирлиги, “Нефтчи” – “Турон” учрашувининг ташкилий ишларига масъул барча ташкилотлар билан ҳамкорликда юзага келган можаро бўйича суриштирув ишлари олиб борди ва қуйидаги қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда ЎФА Матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, “Нефтчи” клуби футболчиси Жамшид Тўрақулов бош ҳакам Шавкат Насибуллаевга қасддан тан жароҳати етказгани учун 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатиш интизом чораси қўлланди.

“Нефтчи” клуби футболчилари Шерзод Aбдураимов, Санжар Зокиров ва Жамшид Қобулов бош ҳакамга ҳужум қилганлиги учун уларнинг ҳар бири 1 йил муддатга футболдан четлатилди ва 15 миллион сўмдан жаримага тортилди.

“Нефтчи” клуби футболчиси Достон Тошматов ёрдамчи ҳакам Дониёр Сайлавовга нисбатан тажовузкор ҳаракат қилганлиги учун 10 та расмий учрашувга дисквалификация қилинди.

Ўйин якунлангандан сўнг, мухлислар футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, “Нефтчи” футбол клуби масъуллари жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ етарлича чоралар кўрилишини таъминламагани учун клубга 3 та уй ўйинини мухлисларсиз ўтказиш ва 100 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланди.

Шунингдек, стадионга ташриф буюрган томошабинлар томонидан футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқарилиши ҳолатини муҳокама қилиш ҳамда “Истиқлол” стадиони маъмуриятига чора кўриш бўйича Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига тақдимнома юборилди.

4. Замонавий футболнинг энг етук икки намояндаси Месси ва Роналду яна ўзаро тўқнаш келди. Икки даҳо деярли минг кунга (947 кун) яқин бир бирига қарши майдонга тушмаганди. Бу икки футболчи охирги марта 2018 йил 6 май куни Ла Лига доирасида тўқнаш келганди. 2:2 ҳисобида якунланган ўша ўйинда Роналду ва Месси биттадан гол урган.

Сешанба куни барчанинг нигоҳи Каталонияга қаратилди. Унда Криштиану Роналду ва Лионель Месси дуэли кузатилди. Португалиялик юлдуз жамоаларнинг дастлабки тўқнашувини коронавирусга чалингани боис ўтказиб юборганди. Бу сафарги беллашувга Роналду оптимал формада етиб келди.

“Камп Ноу”даги учрашувни икки футболчи асосий таркибда бошлади. Криштиану 13 ва 52-дақиқаларда пенальтидан иккита гол уриб, азалий рақибини таслим этди. Шу куни “Ювентус” Каталонияда 3:0 ҳисобида зафар қучди. Турнир жадвалида 1-ўрин билан плей-оффга йўл олди. Криштиану Роналду деярли 3 йил, яъни 947 кундан сўнг Мессига қарши майдонга тушди ва қайтишини голлар билан нишонлади.

“Барселона” билан баҳсда дублни расмийлаштирган Криштианунинг клублар миқёсида урган голлари 650 тага етди. У “Спортинг”да 5, “Манчестер Юнайтед”да 118, “Реал” сафида 450, “Ювентус”да эса ҳозирча 77 гол урган.

Португалиялик ҳужумчи “Камп Ноу”даги сўнгги 13 та ўйинда “Барселона” дарвозасига 14 та гол урди. Роналду 14 голдан 3 тасини пенальтидан киритган.

Лео Месси эса, ўйинда “Ювентус” дарвозаси томон 11 бор зарба берди. Шундан 7 таси аниқ чиқди ва уларни Буффон қайтарди. Натижада аргентиналик юлдуз битта ўйинда шунча аниқ зарба йўллаб, ЕЧЛда сўнгги 17 йилликдаги антирекордни ўрнатди. Ушбу мусобақада 2003/04 йилги мавсумдан бери битта ўйинда шунча аниқ зарб бериб, гол урмаслик ҳолати кузатилмаганди.

Ҳа айтганча, бу ўйинда яна бир афсона бор эди. У ҳам бўлса, Мессининг уринишларини бартараф этган Жанлуижи Буффон. У Криштиану билан бирга катта ўйинларда қатнашишни жуда ҳам хоҳлашини Роналду “Реал”далигида айтганди. Мана Буффоннинг нияти амалга ошди. У “Барселона”ни Каталонияда йирик ҳисобда таслим этди.

Eovc20QXYAEc-W6

5. 8-9 декабрь кунлари ЕЧЛ гуруҳ босқичида охирги тур ўйинлари бўлиб ўтди. Айрим гуруҳларда ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлди. Баъзилар эса, аллақачон кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиб бўлганди.

Дунёда энг кўп мухлисларга эга жамоалардан бири “Манчестер Юнайтед” мусобақа билан хайрлашди. 6-турда МЮ сафарда «РБ Лейпциг» (2:3) клубига имкониятни бой берди.

Германиядаги баҳсда учралган мағлубиятдан кейин Манчестер клуби 9 очко билан «H» гуруҳида 3-ўринга тушиб кетди ва ЕЧЛ плей-офф босқичи эмас, Европа лигасида юришини давом эттирадиган бўлди.

МЮ Чемпионлар лигаси тарихидаги 23 мавсумда 5-марта турнир плей-офф босқичига йўлланмага эга бўлолмади. Клуб бунгача – 1994/95, 2005/06, 2011/12 ва 2015/16 йилларда ҳам гуруҳдан чиқа олмаганди.

Жамоа аввалги турларда квартетдаги аутсайдер – “Истанбул”га имкониятни бой бергани унинг зарарига ишлади. Манчестерликлар 4 йиллик танаффусдан сўнг қатнашган ЕЧЛда узоққа бора олмади.

Балки Сульшерга тезроқ жавоб бериб, унга тажриба тўплаши учун вақт керакдир. Чунки мураббийга тажриба етишмаяпти. Муҳим ўйинларда очколар бой берилмоқда. Twitter ижтимоий тармоғи 2020 йил энг кўп муҳокама қилинган футбол клуби дея эътироф этган “Манчестер Юнайтед”нинг борган сари обрўсини тушиб кетмоқда. Жамоага юлдузларни ўрнини кўрсатиб қўядиган, қаттиққўл мураббий керакка ўхшайди. Сульшерга эса бироз кўнгилчанглиги панд беряпти, назаримизда. Ҳар ҳолда ташқаридан шундай кўринмоқда. Мана шундай клуб иккинчи даражали мусобақада қатнашиши ачинарли. Бундай паллада жамоадан аламзада бўлиб кетганлар қандай кулишини айтмаса ҳам бўлади. Жозе Моуриньо МЮ ЕЧЛни тарк этиб, ЕЛга йўл олганига кесатиқ маъносида муносабат билдирди: «Манчестер Юнайтед» энди Европа лигасининг фаворитига айланди».

“В” гуруҳида 6-тур олдидан учинчи поғонани эгаллаб турган «Реал» Карим Бензаманинг дубли эвазига «Боруссия Мёнхенгладбах”ни таслим этиб, 1-ўрин билан плей-оффга йўл олди. «Интер» эса жавоб ўйинида ҳам «Шахтёр» дарвозасига йўл топа олмай, сўнгги ўринда қолиб кетди. Миланликлар Европа Лигасидан қуруқ қолди. Украина клуби иштирокини Европа Лигасида давом эттирадиган бўлди.

Антонио Конте “Интер”нинг янги даврини бошлаши учун олиб келинганди. Бироқ “Интер” кўҳна қитъанинг энг нуфусли турнирини тарк этди. Жамоанинг икки фронтда кураш олиб боришга кучи етмади чоғи. А Сериядаги ишларини тўғрилаб олган Конте шогирдлари афтидан ЕЧЛга куч топа олмагандек. Чунки гуруҳдаги асосий рақобатчиси саналган “Реал”га икки ўйинда ютқазди. “Шахтёр”га эса икки тўқнашувда ҳам гол ура олмади. Энди миланликларнинг бор эътибори ички мусобақаларга қаратилади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)