Йилига 20 миллиондан кўпроқ маош олаётган Давид нега захирада ўтирибди? Унга нима бўлди?!

2017 йилнинг декабрь ойида бутун дунё Давид Де Хеанинг маҳоратига қойил қолди. «Арсенал»га қарши баҳсда қаҳрамонимиз АПЛ даги рекордни такрорлади. У 90 дақиқа ичида 14 та сейв амалга оширди. Жамоаси эса, 3:1 натижасида ғалаба қозонди. Ҳатто, Жозе Моуриньо ҳам учрашувдан сўнг, Давиднинг супер ўйинини алоҳида эътироф этди.

Ўша мавсум сўнгига қадар испан 18 ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Бутун мавсум давомида атиги 25 тўп ўтказиб юборди холос. 13,7 100 фоизлик голни бартараф этди. Ўз-ўзидан йил якунида уни жамоадошлари йил футболчиси деб эътироф этди. Бу Давиднинг фаолиятидаги энг зўр мавсум сифатида тарихда қолиши аниқ!

dind2

Сер Алекс томонидан танлаб олинган энг сўнгги футболчилардан бири қисқа фурсатда ўспириндан мухлислар қаҳрамонига айланди. 2011-йилда шотландиялик мутахассис Давидни келажакда Эдвин Ван Дер Сарнинг ўрнини эгаллашини тахмин қилган эди. «Юнайтед»даги илк мавсум стартида ёш посбон жуда ҳам асабийлашди. Хатто, асосий таркиб учун курашда даниялик Андрес Линдегорга мағлуб бўлди. Кейин эса, секин-аста ўз кучига ишонч пайдо бўлди. Оқибатда, Андрес чекинишга мажбур бўлди. 2015-йилда эса, уни «Реал Мадрид» ўз таркибида кўришни жуда ҳам истади. Давиднинг ўзи ҳам ватанига қайтиш орзусида эди, бироқ «Манчестер Юнайтед» уни қўйиб юборгани йўқ.

Бугунги кунга келиб, Давидни клуб афсонасига айланган бошқа киперлар билан солиштириш мумкин. Ваҳоланки, қаҳрамонимиз улар сингари бир неча совринларни боши узра баланд кўтаргани йўқ. У ўзининг хотиржам ўйини ва сокин характери билан «қизил иблислар» мухлислари эътирофига сазовор бўлди. Ортда қолган йиллар давомида у панд бергани йўқ. Поль Погба, Антони Марсьял, Крис Смоллинг, Андер Эррера, Дейли Блинд, Хуан Мата, Маттео Дармиан, Фил Жонс, Эрик Байи, Маркус Рэшфордлар турли сабаблар билан ўзини кўрсата олмаган бир пайтда, Де Хеа фантастик сейвларни амалга оширди. Юқоридаги номлар туширган «қовунлар» фонида бу омил кўзга ташланмагани аниқ.
Футболчининг даражаси ҳақида сўз борса, испан айни дамда 10 та кучли дарвозабондан бири эканлигини тан олиш лозим. Шунга қарамай, унинг ғалати ҳолатларда ўтказиб юборган голлари АПЛда амалга оширган 91 та сейвидан кўра мухлисларга қизиқроқ. Қаҳрамонимиз, мана бир неча мавсумлардан бери ўз дарвозасига гол олиб келиш борасида мастер класс намойиш этмоқда. Ачинарлиси, Давид Тибо Куртуа дебют мавсумида тушиб қолган вазиятни бошидан ўтказмоқда. Тибо ўзини тиклаб олди ва Ла Лигада ҳаммадан кам гол ўтказганча совринга эга чиқди. Хўш, Де Хеа ҳам Куртуа сингари вазият қаҳрамонига айланадими?

Агар интернетни титкиласангиз, Буффоннинг ҳам 10 га яқин қўпол хатоларига кўзингиз тушади, лекин Давидда бу кўрсаткич аллақачон 40 га яқинлашиб қолди. Тўғри, бу спорт турида ҳеч ким хатодан суғурталанмаган, бироқ Испания ва “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилаётган топ даражадаги ижрочиларда бу кўрсаткич анча паст бўлиши лозим. Афсуски, испаниялик посбон жамоасини уялтириб қўйди. Оқибатда, Рой Кин бошчилигидаги мухлислар армияси киперга босимни кучайтириб юборди. Хўш, аслида, Давидга нима бўлди?

ЖЧдаги омадсизлик?!

2018 йилда қаҳрамонимиз мундиалга Серхио Рамос сингари етакчилардан бири сифатида ташриф буюрди. ЖЧ саралаш ўйинларида Лопетеги қўл остида фантастик ўйин кўрсатган йигит учун барчаси омадсиз бошланди. Аввалига, унга ишонч билдирган Лопетеги ишдан олинди. Қаҳрамонимиз илк учрашувдаёқ Роналдуга хет-трик совға қилди. 4 ўйинда 6 гол ўтказиб юборди. Пеналтилар сериясида Игор Акинфеевдан енгилди. Турнир якунлангач, сейвлар бобида энг ёмон кўрсаткични қайд этди. 1966 йилдан бери ҳеч қайси кипер Давид сингари ЖЧда омадсиз иштирок этмагани маълум бўлгач, испан нашрлари танқидлар билан уни «кўмиб ташлади». Аввалига Марrса Давидни Испаниядаги энг кучсиз дарвозабон деб эълон қилган бўлса, AS Де Хеага «арвоҳ» лақабини берди.

Мундиалдан ортга қайтгач, унинг ўйинида пасайиш кузатила бошланди. Айниқса, 2020-йилнинг июль ойида «Челси»га қарши ўйин ҳаммасини ойдинлаштириб қўйди. 2 голда ёш болалардек қўпол хато қилган кипер жамоасининг 1:3 натижасида мағлуб бўлишида бош рольни ижро этди. Бу ўйиндан сўнг, норвегиялик мутахассис Давидни ҳимоя қилмай қўйди. У инглиз журналистлари бераётган саволлардан қочар, Де Хеа тез орада аввалги даражасига кўтарилишини айтиб келаётган эди. Бу орада клуб «Шеффилд»да супер мавсум ўтказган Дин Ҳендерсонни ортга қайтарди. Аввалига Сульшер Давидни биринчи планга олиб чиқди, аммо секин-аста Дин асосий таркибга суқилиб кирди. Давид қизининг дунёга келиши муносабати билан Испанияга йўл олди. Қайтиб келгач, уни мажбурий карантинга олишди. Бу орада, Дин Ҳендерсон ўзининг дебют ўйинларини ўтказди. испан 5 ўйинда жамоасига ёрдам бера олмади. Ҳендерсон учун ўз имкониятларини кўрсатиш учун шунинг ўзи кифоя бўлди.

Оле Гуннар Сульшер Давидни асосий таркибдан тушиб қолганини турли баландпарвоз гаплар билан оқлаб келди. Шунга қарамай, уни тушуниш мумкин. Ўтмишдаги меҳнати учун Давидни ҳозир асосий таркибда майдонга туширишдан нима наф? Боз устига, турли статистик маълумотлар Дин Ҳендерсон рақобатчисидан анча фойдали ҳаракат қилаётгани ҳақида сўзламоқда.

dasuhdafg

Жуда катта пул берилмоқда?!

Дарвозабоннинг катта маош олишига футбол олами ҳали ўрганганича йўқ. Сабаби, ҳали-ҳамон клубларда ҳужумчиларга дарвозабонларга нисбатан икки баробар кўпроқ маош тўланмоқда. Шунга қарамай, у 2019 йилнинг сентябр ойида “қизил иблислар” билан янги шартнома имзолади. Унга кўра, испаннинг маоши 19,5 миллион евро қилиб белгиланди. 4+1 кўринишида имзоланган шартномадан сўнг Давид ўзини бироз “қўйиб юборди”, шекилли. Тўғри, катта пуллар топ даражадаги футболчиларни ўзгартирмаслиги мумкин, бироқ айни дамдаги ҳолат бунинг аксидан далолат бермоқда.

Устозини ранжитди

Давид дунёнинг энг катта маош олувчи киперига айлангач, 4 кундан сўнг унинг персонал мураббийи истеъфога чиқди. Ваҳоланки, Эмилио Алварес Давид билан “Атлетико” давридан бери шуғулланиб келаётганди. Эмилио ўз қарорини қуйидагича изоҳлади: “Мен деярли 3 йил давомида унинг маоши кўтарилиши учун клуб билан музокара олиб борган бўлсам-да, Давид бу ишни менсиз амалга оширишни афзал кўрди. Унинг тутган йўли садоқатли инсонга хос эмас. Музокаралар чоғида Давид ўзи томонидан ёлланган инсон билан ҳам жанжаллашиб қолди. Мен клуб раҳбарларига “Манчестер Юнайтед”ни тарк этмоқчи эмаслигимни, шунчаки Давид билан бошқа ишламаслигимни айтдим”.

Бундан кўриниб турибдики, Давид анча катта муаммога дуч келди. Жамоа мураббийлар штабидаги Эмилиони олиб қолиш учун Сульшер ўртага ҳам тушмаганидан кўриниб турибдики, “қизил иблислар”нинг ички муҳити анча оғир аҳволда. Давидни топ даражага олиб чиққан Эмилионинг кетиши испаннинг ўйинига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Кўнгил бошқа клубда?!

“Ливерпуль” жамоасида чинакам порлашга муваффақ бўлган Алиссон клуб учун ҳар учрашувда жанг қилмоқда. Хўш, Давиднинг “Манчестер Юнайтед”га муносабати ҳам шундайми? Агар “йиртилган факс” воқеаси бўлмаганида, Давид аллақачон “Реал Мадрид” футболчисига айланган бўларди. Балки, ЕЧЛда ҳам зафар қучган бўлармиди?! Афсуски, Давид бу омилни миясидан чиқариб юборишга қодир эмас. У ҳар сафар “Реал”нинг совринларни қўлга киритаётганини кўрганида, ичидан хўрсиниб қўйиши аниқ. Сабаби, “Реал” узоқ муддат Давид билан шартнома имзоламоқчи бўлди, бироқ қаҳрамонимиз Манчестерда қолди. Кейин омадсиз мавсумлар бошланди. Бу орада унинг трансфер қиймати ҳам кескин тушиб кетди. “Реал” эса у билан бошқа қизиқмади ва Тибо Куртуани жамоага таклиф қилди. Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Де Хеанинг руҳий ҳолатига ҳавас қилиш мушкул. Фаолиятидаги энг зўр имкониятни қўлдан бой берганини англагач, унинг “Манчестер Юнайтед” учун иштиёқ билан тўп тепиши жуда мушкул вазифага айланмоқда.

Кутилмаганда пайдо бўлган рақобат

Қаҳрамонимиз айни дамда ўзи истаган барча нарсани қўлга киритгани йўқ. Унга ЕЧЛдаги чемпионлик ва АПЛ ғолиблиги етишмаяпти. Боз устига, қанча ҳаракат қилмасин Испания терма жамоасидаги асосий дарвозабон ўрни ҳали-ҳамон унга тегишли эмас. Де Хеа рақобат борасида бироз сусткашликка йўл қўйди. Эндиликда “Челси” кипери Кепа Аррисабалага ҳам ундан терма жамоадаги ўрнини тортиб олиши мумкин. Дин Ҳендерсон ўз постини ҳеч кимга бермоқчи эмас.

dindi1212

Агар Давид бу сафар ҳам рақобатда мағлуб бўлиб, захирага михланиб қолса, бу Де Хеанинг чинакамига “синиши” билан якунланиши аниқ. Дунёнинг энг катта моаш олувчи кипери Дин Ҳендерсоннинг ўйинини четдан томоша қилаётганини тасаввур қилиб кўринг! Бу вазиятни четдан кўриб турган америкалик Вудворд ўзига-ўзи қуйидаги саволни бериши турган гап: “Нима учун майдонга тушмаётган дарвозабон учун 20 миллионлаб маош тўлаяпмиз?!”

Наҳотки?

Инглиз нашрларининг маълум қилишича, «Манчестер Юнайтед» аллақачон ўз мижози хизматларини гранд клубларга таклиф қилишни бошлаган. Унга кўра, жамоа Де Хеани 50 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр. Давид ўз фаолиятини Англияда давом эттирмоқчи бўлса, камчиликлари устида ишлаши шарт. Шунингдек, ўйин услубини ҳам бироз замонавийлаштириш даркор. Руҳан тайёргарлик ҳам муҳим. Ўзига бўлаётган босимларни енгиб ўтиш шарт. Акс холда, "кеча" «Шеффилд Юнайтед»да тўп сураётган йигитча унинг ўрнини буткул тортиб олиши аниқ!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар