Бутун жаҳонда коронавирус пандемияси ҳукм сураётган бўлса-да, қатор спорт турнирлари мухлисларсиз ташкил этилмоқда. Бу борада ММА, яъни Дана Уайт бошчилигидаги UFC промоушени етакчилик қилмоқда. Ҳар ҳафта бу ташкилот шаъфелигида жанг оқшомлари бўлиб ўтмоқда. Бизни бир қатор ажойиб тўқнашувлар кутиб турибди. Жумладан, Даниэль Кормье ва Стипе Миочич ўртасидаги трилогия, Исраэль Адесанья - Пауло Коста ва Ҳабиб Нурмагомедов –Жастин Гэтжи ўртасидаги даҳшатли жангларни томоша қилишимиз мумкин.

Биз ушбу супер тўқнашувлар ҳақида бироз сўз юритган ҳолда, ўз таҳлил ва тахминларимиз билан ўртоқлашишни лозим топтик.

Даниэль Кормье  (22-2-1)– Стипе Миочич (19-3)

Лас-Вегасда “UFC 252” турнирининг марказий баҳсида оғир вазн тоифасидаги чемпионлик жанги бўлиб ўтади. Миочич ҳамда Кормье учинчи тўқнашувда ўзаро ҳисоб-китоб қилади.Уларнинг аввалги жангларида ҳар иккиси бир маротабадан ғалабага эришган. Дастлаб, 2018 йил 7 июлда “UFC 226” турнирида Кормье биринчи раунднинг ўзидаёқ нокаут билан ғалаба қозонган, реванш жанги эса 2019 йил 17 августда “UFC 241” турнири доирасида бўлиб, унда Миочич 4-раундда техник нокаут эвазига зафар қучганди. Хуллас, улар ўртасидаги бу жангни ҳам барча орзиқиб кутаётганлиги сир эмас.

Бу сафар ким ғалаба қозонади? Албатта, буни жанг кўрсатади. Бироқ, имкониятлар ҳақида бироз сўз юритсак бўлади. Демак, бу жангчилар тенг кучга эга, яъни имкониятлари 50/50. Шундай бўлса-да, барибир Кормье нисбатан тезроқ ва бу унга муваффақият олиб келиши мумкин. Аслида, реванш жангида ҳам DC яхши ва тезроқ эди. Лекин бироз хотиржамликка берилди ва у бунга қимматга тушди. Ўзи таъкидлаб ўтганидек, Миочичнинг зарбаларини ҳурмат қилмай қўйди. Натижада танага кучли зарбани ўтказиб юборган ва мағлуб бўлганди. Бу сафар эса, у бундай хатога йўқ қўймайди. Қолаверса, интервьюларининг бирида айтиб ўтганидек, “тэйкдаун”лардан кўпроқ фойдаланса керак. Шунингдек, катта эҳтимол билан бу жангдан сўнг, Кормье фаолиятини якунлайди. Бу борада жуда кўп гапирилди. Шундай экан, бу тўқнашувга у борини беради.

Ушбу жанг ғолиби ким билан тўқнаш келиши ҳам қизиқ. Воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай ҳолатда Миочич-Фрэнсис Нганну билан яна бир маротаба баҳс юритса керак. Чунки Кормье зафар қучган тақдирда айтиб ўтганидек, фаолиятини якунласа, камар вакант қолади ва табиийки бу вазндаги титул учун собиқ чемпион ва рейтингда улардан кейинги етакчи Нганну баҳс олиб боради. Миочич ғалаба қозонса  ҳам мажбурий даъвогар ҳисобланадиган камерунлик Нганнудан ўз камарини ҳимоя қилиш керак бўлади. Мабодо фалак гардиши билан Уайт оғир вазн чемпиони билан ярим оғир ва "Pound for pound" етакчиси Жон Жонс қарама-қаршилигини кўришни истаб қолмаса, катта эҳтимол билан шундай ҳолат кузатилиши мумкин.

мио

Исраэль Адесанья (19-0) – Пауло Коста (13-0)

19 сентябрь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри мезбонлигидаги “UFC 253” турнири бўлиб ўтади. Мазкур жанг кечасининг марказий тўқнашувида ўрта вазн қироли нигериялик Адесанья бу сафар мағлубиятсиз одимлаётган бразилиялик 29 ёшли Костага қарши октагонга кўтарилади. Бу жуфтликда яққол фаворит, шубҳасиз, чемпион Адесанья, дейишимиз мумкин. Тўғри, Коста ҳам ажойиб жангчи. Лекин техник жиҳатдан мукаммал эмас. Бу борада нигериялик жангчи рақибидан бир бош устун, дея бемалол айта оламиз. Бунга улар иштирокидаги жангларни бевосита кузатсангиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Коста тактик томонлама ҳужумкор, асосан, жангларда рақибига кучли босим уюштириб, кўп олдинга интилади. Бу эса нигериялик чемпионга айни муддао бўлади. Чунки у қарши ҳужумда беназир саналади. Унинг Роберт Уиттакерни шундай қарши ҳужумда ушлагани-ю, Кевин Кастелумни бир неча марта бундай тактик жанги билан қийнаб ташлаганини гувоҳи бўлганлигингиз аниқ. Шу нуқтаи назардан, имконият Адесаньяда юқори. Бироқ UFCда “апсет”лар жуда кўп учрайди. Бу жанг ҳам бундан мустасно эмас. Чунки буни UFC дейдилар…

Ушбу жанг ғолибининг дивизионда навбатдаги рақиби ким бўлиши борасида сўз юритадиган бўлсак, биринчи навбатда бўлажак Роберт Уиттакер- Жарред Каннонир тўқнашувининг ғолиби бўлади, деб айтишимиз мумкин. Чунки Дана Уайт айнан бу жангни амалга ошириши борасида ишонч билан айтиб ўтди. Ўз-ўзидан аёнки, Уиттакер-Каннонир баҳсида ғалаба қозонган, чемпионга қарши титул учун кураш олиб боришга энг ҳақли ва мажбурий даъвогарга айланади. Тўғри, Жек Херманссон ҳам бор, лекин унга бундай мақомга эришиш учун яна битта яхши жанг керак бўлади.

Adesanya - Costa

Ҳабиб Нурмагомедов (28-0) - Жастин Гэтжи (22-2)

Шубҳасиз, “Йил жанги” номига даъвогар тўқнашув... 24 октябрь куни енгил вазн тоифаси чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ва Жастин Гэтжи “UFC 254” турнири доирасида октагонга чиқади. Ўртага дивизион чемпионлиги қўйилган. Ҳозирча ушбу жанг қаерда ўтказилиши борасида аниқ маълумот йўқ. Жанг постерида ҳам бу борада аниқлик киритилмаган. Дана Уайтнинг гап-сўзларидан Абу-Дабидаги “Жанглар оролида” бўладигандек таассурот уйғонмоқда. Аслида, Ҳабиб - Гэтжи тўқнашуви эртароқ ўтиши керак эди. Абдулманап Нурмагомедовнинг ўлими туфайли кечиктирилганди.

Бу жуфтликда барибир Ҳабибнинг имконияти юқори. Гэтжи ҳам аслида самбодан чиққан. Бироқ у “тейкдаун”лар амалга оширишга ҳаракат қилмайди. Шу туфайли унинг “партер”даги имкониятлари қай даражада эканлигини билмаймиз. Гэтжининг жанг стратегияси, асосан, “стойка”да ушлашга ҳаракат қилишдан иборат бўлади. Бу барчага аён. “Лоу –кик” зарбалари билан Ҳабибнинг оёқларини ишдан чиқариб, “тейкдаун”га тезликда ўтиб кетмаслигига йўл қўймасликка ҳаракат қилса керак. Лекин бу ҳақида Ҳабибнинг Гэтжидан аввалги рақиблари ҳам ўйлаганлиги аниқ.... Бироқ бунинг уддасидан чиқа олишмаган. Ҳамкасбимиз Даврон Файзиевнинг таъбири билан айтганда, Ҳабибнинг рақиблари уни нима қилишини олдиндан билиб туришади. Лекин ҳеч нима қила олишмайди. Қолаверса, Ҳабибнинг ҳаётидаги қайғули ҳодисалар тушкунликка тушириш баробарида унга ўзига хос мотивация бериши ҳам аниқ. Яъни отасининг хотираси учун ҳам доғистонлик жангчи октагонга катта иштиёқ билан тушади.

Агар Ҳабиб ютса, Дана Уайт унинг Жорж Сен-Пьер билан жангини ташкил қилиши ҳақида гапирди. Албатта, бу дивизиондаги ҳолатдан ташқари тўқнашув бўлади. Шундан сўнг, у яна узоғи билан битта жангда иштирок этиши мумкин. У Конор билан реванш бўладими ёки Тони Фергюсонни ҳам мағлуб этиб, замонасидаги барча супер рақибларини мағлуб этиб, фаолиятини якунлайдими? Буни вақт кўрсатади.

Бу бизнинг тахмин ва фикр –мулоҳазаларимиз холос. Воқеалар ривожи қандай кўриниш олади. Бу бевосита октагонда ҳал бўлади.

3-8

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)