Яхшибоев етакчиликни, “Шахтёр” пешқадамликни бой берди. Аммо Жасур ҳали “тахт”дан тушмайди!

Беларусь чемпионатининг 24-тур учрашувлари Солигорскнинг “Шахтёр”и ва ушбу жамоа ҳужумчиси Жасур Яхшибоев учун омадсиз бўлди.

Шу пайтгача биринчи ўринда турган “Шахтёр” рақиб майдонидаги беллашувда “Славия”дан кичик ҳисобда мағлубиятга учради. Натижада солигорскликларни таъқиб қилиб келаётган БАТЭ футболчилари “Слуцк” устидан сафарда қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалаба эвазига мусобақа жадвалида пешқадамликни ўз қўлига олди. Борисовликлар чемпионат якунланишига олти тур қолганида “Шахтёр”ни уч очкога орқада қолдирмоқда.

Бу ёғига Яхшибоев жамоаси учун БАТЭни қувиб ўтиш жуда қийин бўлади. Кўп нарса жамоаларнинг 28-турда бўладиган ўзаро учрашувида ҳал бўлади. “Шахтёр”нинг бахтига чемпионатнинг марказий ўйинига айланадиган ўша баҳс Солигорскда, ўз мухлислари кўз ўнгида бўлади. Уйда деворлар ҳам қўллаб туради, дейишади. Унгача эса, “кончилар” бошқа очко йўқотишга ҳаққи йўқ.

Шу ўринда, “Шахтер” биринчи даврада БАТЭ майдонида 2:2 ҳисобида дуранг ўйнагани ҳам кейинчалик солигорскликларга фойда келтириши мумкин.

Жасур Яхшибоев масаласига қайтсак, унинг чемпионат тўпурарлари баҳсида ғолиб чиқиши гумон остида қолди. Кутилмаганда, “Беларусь” чемпионатида янги тўпурар пайдо бўлиб, дастлабки турлардан етакчиликни ўзида сақлаб келаётган ва таъкибчиларидан анча илгарилаб кетган ўзбекистонлик футболчини қувиб етишга муваффақ бўлди.

БАТЭнинг тажрибали ҳужумчиси Максим Скавиш чемпионатнинг 17-турига қадар рақиблар дарвозасига атиги учта гол урган эди. Лекин кейинчалик иштаҳаси очилиб кетган футболчи кетма-кет еттита учрашувда рақиблар дарвозасини ўн марта аниқ нишонга олди ва жами 13 та гол билан тўпурарлар баҳси етакчиси Жасур Яхшибоевга тенглашиб олди.

24.07.2019_bate_rusenborg_59

Солиштириш учун Жасур Яхшибоев охирги саккизта учрашувда тўртта гол урганини ва бу кўрсаткич бўйича барқарорликка эриша олмаётганини алоҳида таъкидлаш мумкин. “Славия”га қарши ўйинда ҳам футболчимиз бир неча марта қулай имкониятлардан самара чиқара олмади.  

Ҳозирча, ўзбекистонлик футбол мухлислари ва шахсан Жасурнинг ишқибозларини хурсанд қиладиган бир кўрсаткич бор. Ҳамюртимиз чемпионатнинг энг фойдали футболчилари рейтингида биринчи ўринни ўзида сақлаб турибди.  Катта эҳтимол билан чемпионат охиригача ҳеч ким уни “тахт”дан суриб юбора олмайди. Чунки бу рейтинг футболчиларнинг ҳар бир турда олган рейтинг баллари асосида шакллантирилади ва Жасур бу борада таъқибчиларидан анча илгарилаб кетган. Ўзбекистонлик легионер ўртача ўйин кўрсатган тақдирда ҳам, унга етиб олиш мушкул масала.

20200921110405 (1)

Демак, Беларусь чемпионати якунланишига олти тур қолган пайтда кураш янада кескинлашади. “Шахтёр” олтин медал учун курашда БАТЭ билан охиригача курашишига, тўпурарлар баҳсида эса, Яхшибоев ва Скавиш “дуэли”га гувоҳ бўламиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар