Яхши ният: “Насаф”нинг ОФК кубоги гуруҳ босқичидаги рақиблари ҳақида

Бироз муддат аввал, Осиё футбол конфедерацияси ОФК кубоги гуруҳ баҳсларига қуръа ташлади. Ушбу қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон Суперлигасидан турнирда иштирок этадиган жамоа қайси рақибларга дуч келиши аниқланди. “Ф” гуруҳидан курашни бошлайдиган ўзбек клуби Туркманистоннинг “Олтин Аср”, Тожикистоннинг “Хўжанд” ва Қирғизистоннинг “Олой” клубларига қарши баҳс олиб боради.

ОФКнинг Ўзбекистон Суперлигаси клубларига ажратган квота системасига биноан, ҳозирча қайси жамоамиз ушбу мусобақада иштирок этиши маълум эмас. Осиё Чемпионлар Лигаси плэй-офф босқичида иштирок этадиган Олмалиқнинг АГМК клуби меҳмонда Қатарнинг “Ал-Гарафа” жамоасига қарши баҳс олиб боради. Қатар Юлдузлар Лигасида 15 тур якунларига кўра, 3-поғонани банд этиб турган жамоани вакилларимиз таслим этган тақдирда, нуфуз жиҳатидан Осиёнинг иккинчи рақамли турнирида “Насаф” иштирок этади. Аксинча бўлса, Миржалол Қосимов шогирдлари ОФК кубогида ўйнайди, қаршиликлар халқаро мусобақасиз қолади. Демакки, барча ўзбек футболи мухлислари АГМКнинг якка ўйиндан иборат қарама-қаршиликда ғолиб чиқишини сўраб, дуо қилишимиз керак. Келинг, яхши ният қилган ҳолда, қўшни давлат вакилларидан иборат рақибларимизга қарши баҳсларда “аждарлар”нинг имконияти қандай эканига баҳо берамиз.

photo_2021-01-27_12-02-00

“Олтин Аср”
2008 йилда ташкил топган туркман клуби сўнгги йилларни миллий чемпионат гегемони сифатида ўтказмоқда. Ушбу клуб Ашхобод шаҳрини макон қилгани ва фаолиятининг илк саналариданоқ, жамоани Туркманистоннинг номдор шахсларидан бири Умаргули Нурмамедов бошқарув остига олганининг ўзиёқ кўп нарсаларни англатади. Яъники, клуб тепасида бевосита давлат раҳбарлари туради. “Ашхабат” ўйингоҳи 20000 мухлисни ўз бағрига сиғдира оладиган туркман элининг энг муҳташам стадионларидан бири ҳисобланади.

“Олтин Аср” сўнгги 6 йил ичида миллий биринчиликни ҳеч кимга бермай келади. Шу йиллар мобайнида 3 маротаба кубокда зафар қучган. 2018 йилда ОФК кубоги финалига етиб келган ва Ироқнинг “Ал-Қува Лл-Жавия” клубига имкониятни бой берган.

Жамоа таркибида номдор футболчилар мавжуд эмас. Биргина Везиргелди Ильясов “Қизилқум”даги қисқа фаолияти билан юртдошларимизга таниш.
Бугунги кунда жамоа Туркманистон юқори лигасида 28 та учрашувда майдонга тушиб, 73 очко жамғаришга муваффақ бўлган. Энг яқин таъқибчи “Ахал” клубида худди шунча ўйинда жамғарилган 55 очко мавжуд.

unnamed_2

“Хўжанд”
Тожикистоннинг “Хўжанд” клуби биз учун бегона эмас. Бир қатор ўзбекистонлик футболчиларни легионер сифатида ўз таркибида ушлаб турган жамоа билан ўзбек клубининг тўқнаш келиши ўзгача интрига тақдим этиши аниқ.

Жамоа улкан тарихга эга. “Помир” клуби базаси устига қайта қурилган хўжандликлар жамоаси мана неча йилдирки, тожик футболи байроқдори бўлиб келади. Кетма-кет 3 йилдан буён ушбу мусобақада мунтазам иштирок этиб келади. Аммо унинг иштирокини у қадар омадли, деб бўлмайди. Клуб бирор марта гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаган. Тожикистон чемпионатининг супер омадсизи ақалли бир маротаба бўлса ҳам, чемпионликни тантана қилмаган. Уларнинг бахтига, 4 та кубок бор. Шу мухлисларни овунтиради.

z8hyywfrpxsw1khuhpdi

“Олой”
Қирғизистоннинг гранд жамоаларидан бири ҳисобланадиган “Олой” сўнгги 2 йилда чемпионликни бой бериб қўймоқда. Ундан аввалги 5 йилда жамоа 4 та чемпионликка эришган. Жорий мавсумда эса, ўшликларнинг ишлари юришмаяпти. 14 та турда 23 та очко олган “Олой” Қирғизистон Премьер-лигасининг 5-поғонасида жойлашган. 2014 йилдан буён халқаро майдонларда ҳаракат қилиб келаётган “Олой” бирор марта ҳам ОФК кубоги гуруҳ босқичидан чиқа олмаган.

Жамоада грузиялик ва ганалик легионерлар кўриниш бераётганидан улар вакилларимизга жиддий қаршилик кўрсатадигандек туюлиши мумкин. Аммо ушбу легионерларнинг аксарияти захира футболчилари ва юқори савияли ҳисобланмайди.

htlvmdrgpiaaieewpocl

Хулоса ўрнида

Насиб этса, ОФК кубогида юртимиз шарафини “Насаф” ҳимоя қилади. Унинг ёш ва иқтидорли футболчилари юқоридаги жамоаларни қийинчиликсиз мағлуб этиш салоҳиятига эга. Миллатимиз футболи қитъа миқёсидаги совринларни соғиниб қолди. Ҳа, ОФК кубогидаги ғалаба у қадар катта ҳисобланмайди. Аммо бу ҳам Осиё миқёсидаги турнир ва унинг мукофот жамғармаси ҳеч бир клубимизга зарар қилмайди.

Бугунги пандемия билан боғлиқ вазиятни инобатга олган ҳолда, шуни айтиб ўтишимиз мумкинки, Ўрта Осиё вакиллари ўрин олган гуруҳ учрашувларини марказлашган ҳолда ўтказиш учун энг қулай жой бу - Тошкент! Тошкент вилоятининг ўзида нуфузли турнирларни ўтказишга қодир бўлган 6 та стадион мавжуд. Мамлакатимизда тез орада бўлиб ўтиши режалаштирилаётган катта мусобақалар олдидан мана шундай кичик турнирларни қабул қилиш биз учун ҳам улкан тажриба бўлар эди.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар