Янги мусобақа - УЕФА Суперлигасининг даҳшатли регламенти ҳақида

УЕФА собиқ президенти Герхард Айгнер 1998 йилнинг августида ўз кабинетида ўтирар эди. Шу пайт футбол оламининг бир қатор номдор вакиллари унинг қабулига кириб келади: Руперт Мердок, Силвио Берлускони, Лео Крих, шаҳзода Ал-Валид бин Талал ва ҳоказо. 

Улар президентга янги лойиҳани тақдим этадилар. Футбол сиёсатчиларининг орасида медиамагнат Руперт Мердок ҳам борлиги гап жуда катта сумма устида боришини англатиб турарди. Айгнерга Европа гранд жамоалари иштирок этадиган Суперлига ғоясини айтадилар. Бу каби йирик мусобақа ортидан миллионлаб пул ишлаш мумкинлигини уқдиришга урунишади. Аммо яқиндагина Чемпионлар Лигасини янги форматга олиб чиққан УЕФА вакиллари иш бериб турган лойиҳанинг бозорини “ўлдиришни” истамайди. Шу тариқа, улар Швейцариядаги қароргоҳдан қуруқ қўл билан қайтади. 

bayern-munich-champions-league-lenart-johansson-aleksander-ceferin-uefa-gfx_1gplsrgl3ecu21n266yg2v4q0a

Ушбу “шоввозлар” таъсис этмоқчи бўлган регламентни қисқача тушунтириб ўтишга ҳаракат қиламиз. Аввало, турнир 32 та жамоага мўлжалланган эди. 16 та клуб эса, бу мусобақада мезбон жамоа мақомида қатнашиши керак эди, камида 3 мавсум. Булар: “Арсенал”, “Манчестер Юнайтед”, “Ливерпуль”. “Ювентус”, “Интер”, “Милан”, “Барселона”, “Реал”, “Бавария”, “Боруссия” Дортмунд, “Марсель”, ПСЖ, “Бенфика”, “Панатинаикос” ва “Галатасарай”. Турнир 15 турдан иборат бўлиши ва жамоалар атиги бир маротабадан ўзаро кураш олиб бориши кўзда тутилганди. Бунда уй-меҳмон ўйинлари қуръага қараб ҳал этилиши лозим эди. Энг кучли 8 та клуб плей-офф тизимида гранд-финал томон бориши режа қилинган. Медиаҳомийлар плей-оффда иштирок этувчи ҳар бир жамоага 16,8 млн фунт-стерлингдан кафолатланган мукофот пулларига эга чиқишини ваъда қилмоқчи бўлган. Солиштириш учун, УЕФА Чемпионлар Лигасининг ўтган мавсумдаги чорак финалчилари ўртача 6,5 млн фунт-стерлингдан пул олди. Орадаги йиллар тафовутини ҳам ҳисобга олинг. 

Айни дамда ушбу мусобақа тақдири узил-кесил ҳал бўлиш арафасида. Ёзда бўлиб ўтадиган УЕФА ассамблеясида якуний қарор қабул қилиниши кутиляпти. 

unnamed

Хўш, топ-клублар бу ҳақида қандай фикр билдиряпти?

Бу борада ҳам фикрлар қарама-қаршилигини кузатишимиз мумкин. Баъзи жамоалар шундоқ ҳам тиғиз тақвимнинг янада зичлашиб кетишидан хавфсираётган бир пайтда, бошқалари пандемия юзага келтирган молиявий қийинчиликлардан айнан шу мусобақа билан чиқиб кетмоқчи бўляпти. Турнир каттагина молиявий совғаларни ваъда қиляпти. Аммо бу томонда терма жамоалар ўртасидаги мусобақаларга ҳам футболчиларни асраш масаласи турибди. Сезиб турганингиздек, еврофутболда жароҳатлар кўпайиб ва жиддийлашиб бормоқда. Бунга ўйинчилар учун дам олиш вақтининг кам берилаётгани сабаб бўлмоқда. Ёзги таътил пайтида ҳам уларнинг тинч қўймасдан, турли мусобақаларга чақираверилиши нотўғри. Бу томонда, ФИФА ҳам Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати форматини катталаштиришни режа қилган. Аслида, пандемия ҳолати бўлмаганида, ушбу мусобақа ўтган ёзда бўлиб ўтиши лозим эди. 

УЕФА Суперлигасида иштирок этувчи жамоаларни миллий чемпионатлардан озод қилиш масаласи ҳам кўтарилгандек бўлди. Бу энди миллий чемпионатлар ва уларнинг мухлислари манзилига нисбатан ҳурматсизлик. Ўша чемпионатлар шакллантириб, катта жамоага айлантирган лигаларни даромад манбаидан айиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Келинг, буни муҳокама қилишни ҳам тўхтатамиз. 

i

Европа нашрлари ва футбол олами нима деяпти?

Ўзининг катта воқеаларга нисбатан билдириб турадиган кескин гаплари билан бутун футбол оламида машҳур бўлган Испания Ла Лигаси президенти Хавьер Тебас УЕФА Суперлигасини аллақачон “бўлмағур” ғоя, деб аташга улгурган. Албатта, у ўз гранд жамоаларини ушбу лигада иштирок этишига рухсат бермаслигини айтиб ўтган эди. 

Инглиз телевидениеси эса, ушбу мусобақага “футболнинг тугаши”, дея таъриф бермоқда. Биласизки, “туманли альбион”да футболга санъат тури сифатида қарашади. АПЛ жамоаларининг мухлислари ҳам ўз суюкли футболчиларининг жисмоний ҳолатидан хавотирда. 

Аксарият нашрлар бу таклифга УЕФАнинг ўзида ҳам қаршилар жуда кўплигини айтмоқда. Ҳа, бу табиий. “Асалнинг ҳам ози ширин”, дейишади. Чемпионлар Лигасининг ўзи бизга етарлича катта ўйинларни совға қиляпти. Мисол тариқасида бир воқеани эслатишга ижозат этгайсиз. Ўтган асрнинг ўрталарида жаҳон чемпионати бутун дунё бўйлаб мисли кўрилмаган байрамга айланиб кетарди. Ушбу даврда бир ой мобайнида ҳамма футбол кўриш билан банд бўлар эди. Сабаби, телетрансляциялар орқали миллий чемпионатларни намойиш этишнинг имкони йўқ бўлган. Мухлислар 4 йилда бир маротаба футбол кўргани сабабли бор эътиборини ушбу мусобақага қаратган. Ҳозир ҳам, мундиалнинг обрўси ёмон эмас. Аммо биз Роналду ва Мессини, Левандовскини ва бошқа футболчиларни ҳар куни телевизорда кўрмоқдамиз. Балки, шунинг учун ҳам баъзи инсонлар дунё биринчилиги бўлиб ўтаётган пайтда ҳам телеэкран олдига келмайди. 

Бизнингча, ҳам УЕФА бу мусобақани ўтказмагани маъқул. Миллатлар Лигасининг йил тақвимига қўшилиши ҳам етарлича муаммолар туғдирди. Яна бир маротаба шундай хатога йўл қўйишдан наф йўқдек кўринмаяптими?!

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар