Яна катта футбол қайтмоқда - пойтахт мезбонлигидаги Суперлигани соғиндингизми?

Чемпионатимизда карантин туфайли юзага келган иккинчи танаффусдан сўнг яна ўйинларни давом эттириш арафасидамиз. Остонамизда эса 10-тур беллашувлари кутиб турибди. Истаймизми-йўқми, Суперлигадаги навбатдаги узилиш жамоаларнинг режаларига ўзгартириш киритди ва футболчилар яна бошқатдан ўйин амалиётига қайтишга ҳаракат қилишяпти. Бу борада мураббийларга ҳам яна қўшимча иш кўпайди.

Қолаверса, 10 августдан трансфер ойнаси очилгач, жамоалар таркибида келди-кетдилар амалга ошяпти, мураббийлар бир томондан қўл остидаги йигитларни бўлажак ўйинларга тайёрлашга уринаётган бўлса, иккинчи тарафдан селекция ишларини ҳам параллел равишда олиб бормоқдалар. Шу маънода айтганда, мураббийлар айни қизғин иш устида туришибди. Яна ўтган сафаргидек, мажбурий танаффус қайсидир клубларга фойда, яна қайсидир жамоаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айтайлик, “Насаф” биринчи карантиндан кейин ўзини ўнглаши қийин кечди. АГМК, “Металлург” кабилар эса бундан унумли фойдаланишди.

Кўрамиз, чемпионатимизда юз берган иккинчи танаффус кимга қандай таъсир кўрсатаркин? Аниғи шуки, чемпионатимиз чўзилиб кетаётгани ва пандемия сабабли ПФЛ биринчи давранинг қолган тўртта турини марказлашган ҳолда Тошкентда ўтказишга қарор қилди. Шундан сўнг иккинчи давра борасида ПФЛ яна клуб раҳбарлари ва мураббийлари билан алоҳида йиғилиш ўтказади. Бу энди кейинги масала, олдимизда турган асосий вазифа эса тезроқ ўйинларни ўтказиб олишдир. Шу боис эътиборимизни яна Суперлиганинг қолган турларига қаратамиз.

17 август (душанба)

“Насаф” – “Сўғдиёна”

Кўпинча жиззахликлар учун “Насаф” ноқулай рақиб саналади. Бу ҳолат жамоаларнинг ўзаро ўйинлар статистикасида ҳам кўриниб турибди. Ҳозирга қадар клублар 40 маротаба тўқнаш келишган. Табиийки, катта устунлик қаршиликлар тарафида. 31 та ўйинда ғолиб чиқишган ва 7 та баҳсда “Сўғдиёна”нинг қўли баланд келган. Қизиғи, уларнинг иштирокидаги беллашувда дуранг жуда кам кузатилган. Фақат икки бор кучлар тенг келган холос. Аҳамиятлиси, “Сўғдиёна” охирги бор “Насаф”ни 2008 йилги мавсумда мағлуб этган. Ўшанда Жиззахдаги учрашувда 2:1 ҳисоби қайд этилганди. Шундан бери фақат “Насаф”нинг қўли баланд келмоқда. Ўтган йилги охирги баҳсда эса 1:1 натижаси кузатилган. Агар статистика бўйича фикр юритадиган бўлсак, ўз-ўзидан Рўзиқул Бердиев жамоасининг имкониятлари юқори кўринади ва амалда ҳам шундай. Очиғи, иккала жамоага ҳам қийин бўлиши аниқ. “Насаф” эса дастлабки карантиндан кейин анча-мунча очколарни бой бергач, турнир жадвалида ўзига ярашмаган ўринда юрибди. Шундай экан, Бердиев олдинги хатолардан тўғри хулоса чиқарганини “Сўғдиёна” билан учрашувда кўришимиз мумкин.

“Бунёдкор” – “Металлург”

Қизирқали ўйин бўлиши аниқ. “Бунёдкор” Вадим Абрамов бошчилигида ҳужумкор ва таваккалона ўйин кўрсатиб келмоқда. Андрей Шипилов эса “Металлург”ни анчайин тажрибалироқ жамоага айлантира олганини кўриб турибмиз. Бу албатта мураббийнинг топқирлиги билан боғлиқ. Катта эҳтимол билан “Бунёдкор” – “Металлург” учрашуви мураббийларнинг ҳам ўзига хос жанггига айланади. Айниқса, тактик томондан қўлланиладиган услублар кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Бўлажак баҳс жамоаларнинг 29-тўқнашувига айланади. Ҳозирча эса катта устунлик билан “Бунёдкор” олдинда. Боиси, улар 21 та баҳсда “Металлург”ни мағлуб этишган. Ўз ўрнида бекободликларда бундай имконият 3 марта бўлган холос. Яна 4 та беллашув дуранг билан интиҳо топган. Охирги учта ўйиндан бери “Бунёдкор”нинг қўли баланд келмоқда. Энг қизиғи, ўша баҳсларда “Металлург” ҳатто гол ҳам ура олмаган. 

АГМК – “Локомотив”

Бу йил АГМКнинг “иштаҳаси карнай”. Суперлигамизда ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган биргина жамоа айнан олмалиқликлар бўлиб турибди. Жамоа устози Миржалол Қосимов ўзи хоҳлагандек иккита тенг кучли таркибни йиға олгани ҳам ниҳоят ушбу мавсумда қўл келмоқда. “Локомотив” билан учрашув олдидан кўпчилик АГМКнинг имкониятини юқори баҳолашяпти. Тўғри, иккинчи карантиндан жамоалар қандай ҳолатда чиқишини ҳозирдан аниқ айтиш қийин. Аммо Олмалиқ жамоасида ғолибона руҳ сақланиб қолганини тахмин қилса бўлади. “Локомотив”да эса бундай эмас, бизнингча. Шундоқ ҳам ўтказилган 9 та турда темирйўлчилар ўзларига сира ўхшамади, қолаверса таркибда жиддий йўқотишларга учрамоқда ва бу ҳолат ҳозир ҳам давом этмоқда. Ўз-ўзидан бош мураббий Андрей Фёдоровнинг олдига бошқа-бошқа муаммоларни келтириб чиқармоқда. Лекин статистикада вазият аксинча. Шу кунгача жамоалар ўртасида бўлиб ўтган 23 та учрашувда “Локо” катта устунлик билан олдинда. Улар олмалиқликларни 15 марта мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди. АГМК эса фақат 4 бор ғалаба қозонди. Яна 4 беллашувда томонлар дурангга рози бўлишган. Охирги марта 2018 йилги мавсумда Олмалиқ жамоаси “Локо”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган. 

 18 август (сешанба)

“Қизилқум” – “Бухоро”

Ҳали ғалаба нималигини билмай келаётган жамоалар ўртасидаги ўйин. Расмий жиҳатдан мезбон “Қизилқум”, аммо барча ўйинларнинг Тошкентда ўтказилиши натижасида деярли вилоятдаги клубларни мезбон ёки меҳмон номига ажратиш ҳам шарт эмас. Шуни ҳисобга олсак, “Қизилқум” ва “Бухоро”нинг имкониятлари 50х50. Иккаласида ҳам жиддий ўзгаришлар бўлаётганини кўряпмиз. Навоийликлар сафига номдор, тажрибали футболчилар қўшилаётган бўлса, бухороликларда ҳам мураббийлар ўзгарган, жамоага янги қон қуйиляпти. “Қизилқум” ҳам, “Бухоро” ҳам ғалабага ташна бўлиб туришибди. Демак, ўйинга бўлган қизиқиш юқори бўлади ва шиддат ҳам шунга яраша. Қизиғи, сўнгги 8 та учрашувдан буён “Қизилқум” рақибини мағлуб этишни уддалай олмаяпти. 2015 йилги мавсумда “Бухоро”ни таслим этишган. Шундан бери ё дуранг, ёки бухороликлар ғалаба қозониб келишмоқда.

“Қўқон-1912” – “Пахтакор”

Агарда бу ўйин Қўқонда ўтганида борми, балки вазият бошқачароқ кечиши мумкин эди. Учрашув марказлашган ҳолда Тошкентда ўтиши, барибир ўз-ўзидан “Пахтакор”нинг имкониятини ошириши турган гап. “Қўқон-1912” эса жорий мавсумда айниқса, ўз майдонида анча тажовузкор ўйин кўрсатиб ғалабалар қозониб келаётганди. Сафардаги учрашувларда эса аксинча ҳолат кузатилаётганди. Қизиқ, навбатдаги беллашувда қўқонликларни нималар кутаётган экан? Ўз-ўзидан аёнки, “Пахтакор” ушбу жуфтликда фаворит. Боз устига иккала клуб ўртасида бўлиб ўтган 28 та учрашувнинг 16 тасида “Шерлар”нинг қўли баланд келган. “Қўқон-1912”га эса бу борада 5 марта омад кулиб боққан. Шунингдек, 7 та ўйинда ғолиб номи аниқланмай қолган. Қўқонликлар 2003 йилда “Пахтакор”ни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратган ва ўша ғалаба ҳозиргача улар учун охиргиси бўлиб турибди. Ўз вақтида “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилган “Қўқон-1912” бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов собиқ жамоасига қандай сюрприз тайёрлаб қўйганини 18 август куни билиб оламиз.

“Машъал” – “Андижон”

Ғалаба нималигини билмай келаётган “Андижон” “Машъал”га қарши ўйнайди. Жамоаларнинг охирги тўқнашуви 2016 йилги мавсумда кузатилган бўлиб, унда муборакликлар рақибини 5:0 ҳисобида тор-мор келтирганди. Умуман айтганда, ўзаро учрашувлардаги устунлик “Машъал”нинг фойдасига. 30 та ўйиннинг 18 тасида “Андижон”ни енгишган. Шунингдек, 9 марта ютқазишган ва 3 бор дуранг кузатилган. Эътиборлиси, 2010 йилда “Андижон”да кечган учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилган ва шундан бери ушбу жамоалар иштирокидаги баҳсда дуранг қайд этилмай келмоқда. Яқинда “Андижон” бош мураббийи Виктор Кумиков Sports.uz сайтига берган интервьюсида тезроқ ғалабасиз серияга барҳам бермоқчилигини ва “Машъал”га қарши баҳсда буни уддалашмоқчилигига шаъма берганди. Қолганини вақт кўрсатади.

19 август (чоршанба)

“Сурхон” – “Навбаҳор”

Ушбу қарама-қаршилик ҳам қизиқарли кечиши аниқ. “Сурхон”да эса бир қатор собиқ “навбаҳор”чилар тўп сураётганидан хабарингиз бўлса керак. Жаҳонгир Меҳмонов, Аъзам Алиев, Дилшод Жабборов, Александр Касьян каби футболчилар учун ушбу тўқнашув янада аҳамиятлидир. Қолаверса, Равшан Ҳайдаров “Сурхон” бош мураббийи этиб тайинлангач, бир бор ютқазди ва бир марта ғалаба қозонди. Наманганликларга қарши баҳс эса Ҳайдаров учун ҳам қайсидир маънода имтиҳон десак бўлаверади. Иккала клубнинг ҳам олдига қўйилган мақсади бор. “Навбаҳор” эса кучли учлик учун кураш олиб боряпти. Аммо “Сурхон”да ҳам тажрибали ўйинчилар ва мураббий бор. Ушбу тўқнашув эса жамоаларнинг 27-қарама-қаршилигидир. “Навбаҳор” термизликларни 18 марта ютишган. “Сурхон”нинг бу борада 5 марта омади чопган ва яна 3 та беллашув дуранг билан тугаган. Қизиғи, “Сурхон” сўнгги маротаба 2003 йили “Навбаҳор”ни мағлуб этган. Кўрамиз, термизликлар 17 йиллик нохуш анъанага барҳам бера олармикин?

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
17/08/2020 10:11
Супер лига согиндик лекин тошкент вилоят ва водий булиш керак эди тошкент корона вирос учоги ёниб ётибди билиб туриб киласан тошкентлар виждон йук сенларда
Ibpax Ibragimic
17/08/2020 18:19
Тогри водийда киса хам боларди Бир кисмини буларга Бир манфат бордурки шу пойтахтимизда утгазади хакони боса Болди хамаси судяларга хам боглик
Ibpax Ibragimic
17/08/2020 18:19
Тогри водийда киса хам боларди Бир кисмини буларга Бир манфат бордурки шу пойтахтимизда утгазади хакони боса Болди хамаси судяларга хам боглик

Минбар

Барча блоглар