Яна эски

Кетма-кет уч йил мобайнида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиб, ўтган мавсумдагина ўз ўрнини «Пахтакор»га бўшатиб берган «Локомотив» жорий йилда ўзбек клублари орасида биринчи бўлиб дастлабки расмий учрашувини ўтказди. 21 январь куни Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф доирасида темирйўлчилар ўз майдонида Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоаси билан беллашиб, кутилмаганда мағлубиятга учраб мусобақани барвақт тарк этди. «Локо» эса энди бутун диққат-эътиборини ички чемпионат баҳсларига қаратади. Улар БААда ҳам ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиб қайтишди. Таркибда ҳам ўзига яраша ўзгаришлар кузатилмоқда. Биз эса айнан клубда ҳозирга қадар олиб борилган селекция ишларига тўхталиб ўтмоқчимиз. Эътиборимизни тортган жиҳати шу бўлдики, «Локомотив» асосан собиқ футболчиларини қайтаришга қарор қилди. Ҳаммаси эса собиқ бош мураббийни қайтаришдан бошланди.

Андрей Фёдоров

Келинг, воқеалар ривожига ўтган йилги чемпионатдан тўхталсак, ҳаммага яхши маълумки, Фёдоров «Мавсум-2019»да ҳам «Локомотив» бош мураббийи сифатида ишлаб келаётганди. Лекин натижалар у қадар ўхшамаётганди. Тўғри, «Локо» унинг бошчилигида ўтган йили бошида Суперкубок соҳибига айланганди. Аммо Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида клуб ўзидан кутилган ўйинни кўрсата олмаган. Ваҳоланки, ўшанда клуб кейинги босқичга чиқса бўладиган гуруҳда эди. Бироқ темирйўлчилар гуруҳда қолиб кетишди. Бу эса Фёдоров учун минус эди ва аксига олиб чемпионатдаги натижалар ҳам қониқарли кечмаётганди. Охири шундай бўлдики, клуб 12-турда Самарқандда «Динамо»га ютқазиб қайтганидан сўнг Фёдоровга чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди. Аслида ҳам ўша пайтда воқеалар ривожи шунга қараб кетаётганди. Хуллас, Фёдоров клубни тарк этгач, «Локомотив» шов-шувли хабар тарқатди ва унга кўра Самвел Бабаян янги бош мураббий этиб тайинланганини эълон қилди. Аммо унинг клубдаги фаолияти фақат мавсум охиригача давом этди ва у Хитойдан тушган таклифни қабул қилгани сабабли «Локомотив»ни тарк этди. Шундан сўнг янги бош мураббий ким бўлиши яна барчани қизиқтира бошлади. Бу борада бир қатор мутахассисларнинг номзодлари қулоққа чалина бошлади. Рўйхатда Улуғбек Бақоев, Максим Шацких ва яна бошқа мутахассисларнинг номлари борлиги ҳақида гапирилди. Шунингдек, жамоага хориждан ҳам мураббий қидирилаётгани борасида гап-сўзлар ҳам йўқ эмасди. Тўғриси, «Локомотив»га четдан бош мураббий тайинлашлари тахмин қилинаётган бир пайтда клуб узоққа бориб ўтирмасдан собиқ мураббий Андрей Фёдоровни қайтарди-қўйди. Масалага нега бундай ечим топилганига эса фақат клуб раҳбарларидан жавоб олган маъқул. Балки улар Фёдоровга яна қайта имконият беришни тўғри йўл деб ҳисоблашгандир. Буни эса вақт кўрсатади. Аммо клуб унинг бошчилигида Осиё Чемпионлар лигасини иккинчи саралаш босқичидаёқ тарк этиб ҳаммани ажаблантирди. Хуллас, шу тариқа, собиқ мураббий қайтарилганидан кейин Андрей Микляев ҳам клубга қайтди. Илгари Фёдоров билан Микляев «Локомотив»да бирга ишлашган. Балки унинг қайтишини Андрей Витальевич хоҳлагандир. Нима бўлганда ҳам Андрей Микляев яна собиқ клубига қайтиб келган ҳолда бош мураббийга яқиндан ёрдам бермоқда.

андрей фёдоров

Кахи Махарадзе

«Локо»нинг таркибида ўзгаришлар бошланганлиги сабабли клуб ҳам тезроқ ўз сафига янги кучларни қўшиб олиши талаб этиларди, чунки вақт қисқа эди. Темирйўлчиларнинг дастлабки харидларидан бири эса Кахи Махарадзе бўлди. Маълумки, грузиялик ушбу ярим ҳимоячи 2009 йилда Ўзбекистон чемпионатидаги илк мавсумини айнан «Локомотив»да бошлаганди. 2010 йилги мавсумдан кейин эса Кахи «Пахтакор»га ўтиб кетди. Орадан беш йил ўтиб у яна «Локомотив»га қайтиб келди. Айнан 2016, 2017 ва 2018 йилги мавсумларда Махарадзе жамоанинг энг яхши ўйинчиларидан бирига айлана олди. Табиийки, жамоасининг чемпионлигига ҳам катта ҳисса қўшди. Ўтган йили эса футболчи клубни тарк этиб кутилмаганда «Сўғдиёна»га бориб қўшилди ва шу тариқа у жиззахликлар шарафини бир мавсум давомида ҳимоя қилди. «Сўғдиёна»нинг 4-ўринни эгаллашида эса Махарадзенинг ҳам хизмати катта бўлди. Орадан бир йил ўтгач, «Локо» грузиялик ярим ҳимоячини яна ортга қайтаришга қарор қилди.

махарадзе

Марат Бикмаев

Бу ҳужумчи 2014 йилдан 2018 йилгача «Локомотив» шарафини муносиб ҳимоя қилган. 2017 йилги чемпионатда эса у 27 та гол уриб энг яхши тўпурар бўлганди. Ўтган йилги мавсумдан сўнг Бикмаев «Локо»ни тарк этди. Унинг кетишига фақатгина «Пахтакор»дан тушадиган чорлов сабаб бўлиши мумкин эди ва амалда ҳам шундай бўлиб чиқди. «Локомотив» билан қаторасига уч бор мамлакат чемпиони бўлган футболчи «Пахтакор» билан ҳам яна бир бор ушбу совринни қўлга киритди. Бундан ташқари, Бикмаев жамоаси билан бирга Мамлакат Кубоги ва Лига Кубогида ҳам зафар қучди. Лекин ҳужумчининг «Шерлар» сафидаги шахсий кўрсаткичлари «Локо»дагидек самарали бўлмади. Тўғри, унинг «Пахтакор»даги иштироки яхши бошланганди, голлар уришга киришганди. Лекин  у ерда Драган Черан ҳамда Игорь Сергеев каби ҳужумчилар ҳам бор эди. Якунда эса Марат уларнинг соялари остида қолиб кетди. Черан билан Сергеев тинмай гол уриб келишди ва оқибатда Бикмаев ўз вақтини захирада кутишига мажбур бўлди. Статистика шуни кўрсатяптики, Марат «Пахтакор» таркибида 8 та гол урди. Бу ёқда эса Черан билан Сергеев Суперлигада 23 ва 17 тадан гол уриб туришганидан кейин мураббийлар ҳам уларга ишонишда давом этади-да. Клуб Бикмаев билан мавсум охиригача шартнома имзолаганди. Ўзаро битим ниҳоясига етганидан кейин «Пахтакор» у билан шартномани узайтирмади. Бу ёқда эса ҳужумчига собиқ жамоаси – «Локомотив»дан яна қизиқиш пайдо бўлди. Шу тариқа, ҳужумчи бир йиллик танаффусдан кейин термийўлчилар сафига қайтиб келди.

бикмаев

Темурхўжа Абдуҳолиқов

Ушбу ҳужумчининг ҳам яна ортга қайтарилгани жамоанинг олдинги чизиғини кучайтиришига хизмат қилиши шубҳасиз. Темурхўжа 2015 ҳамда 2016 йилги мавсумларда «Локомотив» шарафини ҳимоя қилган. Айнан 2016 йилги чемпионатда Абдуҳолиқов 22 та гол уриб энг яхши тўпурарга айланганди. Шундан сўнг у Қатарнинг «Ал Сайлия» жамоасида тўп сурди. Кейинчалик 2018 йилда яна бир бор «Локо»га қайтган Абдуҳолиқов ўтган йилги мавсумнинг иккинчи ярмида БААнинг «Хорфаккан» жамоасига ўтиб кетганди. Бироқ ҳужумчининг у ердаги фаолияти эрта тугади. У «Хорфаккан» сафида еттита учрашувда иштирок этди. Темирйўлчилар сафида ҳар йили тўпурарлик салоҳиятини кўрсатиб келган ҳужумчининг БААдаги фаолияти кўнгилдагидек чиқмади. Натижада у ерни голсиз тарк этишга мажбур бўлди. «Локо» эса ўтган йилнинг иккинчи ярмида кетган ҳужумчисини яна ортга қайтаришга қарор қилди. Ўз навбатида Темурхўжа ҳам ўзи учун қадрдон бўлган жамоасига қайтишга розилик билдирди. Албатта, бундай ҳужумчи билан «Локомотив» янада кучайишига ишонса бўлади. Айтиш мумкинки, унинг ўрни жамоада роса билинганди.

абдуҳоликов

Шерзод Файзиев

«Локомотив» собиқ футболчиларини қайтаришда давом этар экан, навбатдагиси Шерзод Файзиев бўлди. 28 ёшли ўйинчи катта футболга «Машъал» орқали кириб келган. У 2011 ва 2015 йиллар оралиғида муборакликлар таркибида 63 та ўйин ўтказган ва 2 та гол ҳам урган. Шундан кейин унинг фаолиятида ўзгариш юз берди. Натижада Файзиев 2016 йили «Локомотив»га кўчиб ўтган ҳолда икки мавсум давомида темирйўлчилар шарафини ҳимоя қилди. Ўтган вақт давомида ҳимоячи 38 та учрашувда майдонга тушган. Лекин Файзиев «Локо»дан кетганидан кейин жамоаларини тез-тез ўзгартирадиган бўлиб қолди. Аввалига 2018 йилни «Металлург»да ўтказиб, 27 та учрашувда иштирок этган. Ўтган йилги мавсумни эса АГМКда бошлаб «Сўғдиёна»да тугатди. Бу йилдан эса ҳимоячи яна собиқ клубида тўп суриши ойдинлашди.

Эътибор берган бўлсангиз, собиқ бош мураббий қайтиб келганидан кейин жамоага илгари ўзи билан бирга ишлаган футболчилардан тўрт нафари – Кахи Махарадзе, Марат Бикмаев, Темурхўжа Абдуҳолиқов ва Шерзод Файзиев қайтарилди. Бундан ташқари таркибга яна айрим янги ўйинчилар ҳам жалб этилганлигини айтиш жоиз. Масалан, ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш мақсадида черногориялик Славко Дамяновични айтишимиз мумкин. У марказий ҳимояда тўп суради. Анзур Исмоилов «Пахтакор»га ўтиб кетганидан кейин унинг ўрнини муносиб футболчи билан тўлдириш зарурати туғилганди. «Локомотив» эса бу муаммони айнан Дамянович ёрдамида бартараф этмоқчига ўхшайди. Ушбу футболчи фаолияти давомида Черногориянинг «Морнар Бар», Сутеска Никсич», «Будучност», Сербиянинг «Спартак», «Баска», Венгриянинг «Бекешаба-1912» ҳамда Жанубий Африка Республикасининг «Бидвест» клубларида тўп сурган. 27 ёшли ҳимоячи эркин агент мақомида «Локомотив»га қўшилди. Натижада темирйўлчилар у билан шартнома имзолади. Шунингдек, «Сурхон» сафида тўп сурган ҳужумчи Абдул Азиз Юсупов ҳам «Локомотив»нинг янги футболчисига айланди. Бунга қадар у «Андижон», «Қўқон-1912», «Нефтчи», «Сурхон» каби жамоаларда тўп сурган. Ўтган мавсумда термизликлар таркибида 23 та учрашувда 8 та гол урган. Таркибда Бикмаев ва Абдуҳолиқов сингари ҳужумчилар билан рақобатлашиш унга осон бўлмаслиги аниқ. Аммо мураббийлар унинг иқтидорини инобатга олган ҳолда таклиф қилишган бўлса ажаб эмас. Яъни, уни ҳам «Локо»га ёрдами тегишига ишонишгани учун таклиф этишган. Бу эса Юсупов учун янги чақириқ. Шунингдек, «Машъал», «Андижон», «Металлург»  ва «Навбаҳор» клубларида ўйнаган ўнг қанот ярим ҳимоячиси Шаҳзод Шайманов ҳам темирйўлчиларнинг янги аъзосига айланди. Ўтган йили «Навбаҳор»да 20 та учрашувда 2 та гол урган. Таркибга қўшилган футболчилар орасида легионер ҳам борлигини унутмаслик керак. Яқинда россиялик легионер Кирилл Погребянк «Локомотив»га ўтди. Қизиғи, 1992 йилнинг 27 июнь куни таваллуд топган футболчи 2018 йилда «Локомотив»да ўйнаган Николай Погребнякнинг эгизаги ҳисобланади. Ўшанда унинг темирйўлчилар сафидаги фаолияти кўнгилдагидек чиқмаганди. Кириллга тўхталадиган бўлсак, бунга қадар у «Том», «Факель», «Зенит-2», «Балтика» ва «Фалкенберг» (Швеция) жамоаларида тўп сурган. Ҳужум чизиғида тўп сурадиган Кирилл ҳам таниқли Павел Погребнякнинг укаси. Ўтган йили у Швеция жамоасида 19 та учрашувда 2 та гол урган. Қишки йиғин чоғида эса «Локо» мураббийлари россиялик ҳужумчини кўздан кечиришди ва унинг ҳаракатлари маъқул келгани учун шартнома имзолашди.

локо-истиқлол

Жамоада жиддий йўқотишлар ҳам йўқ эмас. Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Маъмур Икромов, Остон Ўрунов, Асрланмират Аманов, Шерзод Каримов, Йован Жокич, Медина Смит каби футболчилар «Локо»ни тарк этишди. Бундан ташқари, яна бир етакчи футболчи Жамшид Искандеров ҳам фаолиятини Жанубий Корея клубида давом эттирадиган бўлди. Хуллас, жамоа таркибида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Шу билан бирга клуб Игнатий Нестеров, Олег Зотеев, Даврон Ҳошимов, Диёр Туропов, Сардор Мирзаев сингари етакчиларни ҳам сақлаб қолди. Балки чемпионатимиз стартигача яна қўшимча ўзгаришлар ҳам бўлиб қолиши мумикн. Бош мураббий Андрей Фёдоров эса ўтган йилги хатоларидан қанчалик хулоса чиқарганини клубдаги иш жараёнида билиб оламиз. Аммо «Локомотив»нинг ўз уйида Тожикистоннинг «Истиқлол» клубидан енгилганини хазм қилиш қийин бўлди. Шу ўринда савол туғилади: «Локо» бош мураббийликка Андрей Фёдоровни қайтариб тўғри йўл тутдими? Унинг олдидаги дастлабки вазифа эса жамоани Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига олиб чиқиш эди. Бироқ Фёдоров «Локомотив»дан кучли бўлмаган жамоага ютқазди. Ажабланарлиси, ўша учрашувдан сўнг Андрей Витальевич бу мағлубиятни шармандали эмас деб ҳисоблади. Балки унинг учун шундайдир, лекин биз учун бу шармандали мағлубиятдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, мураббий эски футболчиларни қайтариш ҳам менинг ишим деб айтиб ўтди. Тўғри, таркибга кимни олишни ва кимга жавоб беришни мураббий ҳал қилади. Чунки натижага фақат у жавоб беради. Ачинарлиси, унинг қайтиши омадсиз бошланди. Клуб энди ўз-ўзидан бор эътиборини ички чемпионатига қаратиши турган гап. Дастлабки уринишдан ўта олмаган Фёдоров чемпионатда жамоасини шоҳсупага етаклай оладими ё йўқми? Бунисини энди вақт кўрсатади.  

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)