Хорижни кўзлаган истеъдодларимиз синиб қолмасин!

Жорий мавсум аввалида ўзбекистонлик футбол мухлислари Россия премьер-лигасини катта иштиёқ билан кузата бошлаган эди. Сабаби тайин – икки футболчимиз Москва грандлари билан узоқ муддатли шартнома имзолади, яъни Остон Ўрунов “Спартак”да, Жасур Жалолиддинов “Локомотив”да беш йил тўп тепиш имконига эга бўлди. Шунингдек, Элдор Шомуродов “Ростов”ни яна Еврокубокларга олиб чиқиши керак эди.

Бугунги кундаги энг машҳур футболчимизга айланган Шомуродов “Женоа”га ўтиб кетганидан кейин ҳамюртларимиз А Серия ўйинларини ҳам мунтазам катта қизиқиш билан кузатишга ўтди. Ҳозирча Элдорнинг Италиядаги ишлари ёмон эмас, у ўз ўйини билан ҳаммамизни хурсанд қилмоқда.

131890108_4147685285242360_4025541157088522275_o_2

Россия премьер-лигасида қолган икки футболчимиз учун ушбу мавсум фаолиятидаги энг омадсизи бўлди. “Уфа”га ўтганидан кейин креатив ўйинлари билан Россия чемпионатининг энг зўр ёш футболчилари қаторига қўшилган Остон Ўруновнинг ўзи ҳам, фаолияти ҳам ўсишдан тўхтади. Унга “Локомотив”, “Спартак”, “Рубин”, ЦСКА, “Зенит”, “Краснодар” каби жамоалардан жиддий қизиқиш ва айримларидан аниқ таклифлар бўлганди. Остонни Россия футболига олиб кирган Шамиль Газизов ўзбек футболчисини ўзи билан “Спартак”га олиб ўтди. Ҳар доим босим кучли бўлган бу жамоада ўйнаб кетиш жуда оғир эканини кўпчилик яхши билади.

Тўғриси, бундан на клуб, на футболчига фойда бўлди. Бу трансфер тўлиғича Шамиль Газизов манфаатига хизмат қилди. Бу мутахассис трансфердан сўнг, Остонга “Герта”дан беш миллион евролик таклиф борлигини, бироқ Ўруновнинг нархи мавсум охирига бориб, 25 миллион еврога “тортишини” таъкидлаган эди.

Амалда ғирт тескариси бўлди. Ўрунов “Спартак” таркибига киролмади. Россия матбуотининг ёзишича, қишки йиғинда ҳам футболчимиз мураббийлар ишончини қозона олмаган. Аввалроқ, москваликлар ёш ярим ҳимоячини “Рубин”га бермади, кейин “Уфа”нинг 1 миллион евролик таклифини қабул қилмади.

Агар “Спартак” Квинси Промеснинг трансферини ҳал қилса, бир нафар легионеридан воз кечади. Бу катта эҳтимол билан Остон бўлади. Демак, бош мураббий Доменико Тедеско ва клуб раҳбарияти Ўруновни олиб қолмаса, ҳамюртимиз олдида иккита вариант қолмоқда. Биринчиси, “Спартак”нинг иккинчи жамоасига ўтиб, Миллий футбол лигасида Вагиз Галиулин, Бобир Давлатов ва Виталий Денисов билан рақобатлашиши мумкин. Яна бир йўл “Тамбов” учун ўйнаш. Чунки премьер-лига клублари парокандаликка юз тутган “Тамбов”га бепул футболчи беришни таклиф қилмоқда. Тамбовликларга ёрдамга шошилаётганлар орасида “Спартак” ҳам бор. Остон премьер-лигада қолиши учун вақтинчалик тамбовликлар сафига қўшилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

1280_864_max_4

Катта умид бағишлаган Жасур Жалолиддинов трансферидан ҳам фақат Юрий Белоус бошчилигидаги агентлар ютгани кўп гапирилди. Қарийб бир миллион евролик трансфер суммасининг катта қисми айнан агентлар чўнтагидан жой олди. Жасурнинг бу трансфердан олган фойдаси аччиқ ҳақиқат ва катта дарс бўлди. Унинг иқтидори нафақат гранд клуб – “Локомотив”, балки инқироз кўчасига кириб қолган “Тамбов”га ҳам керак бўлмади. Оқибатда ярим мавсум давомида бирорта учрашувда майдонга қадам босмаган футболчи Россия футболи билан алоқаларни узди.

Юрий Белоус ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Жасурга хориждан жўяли таклифлар борлигини таъкидлаётган бўлса-да, бунинг амалий исботи ҳали кўрингани йўқ. Футболчи “Бунёдкор” таркибила назорат ўйинларида ўзини кўрсатиб юрибди холос.

Яна бир қизиқ жиҳати, Жасурни ортиқча мақтаб, “Яқин келажакда “Локомотив” етакчиси бўлади ва Жоау Мариудан кучли ўйинчи” эканини таъкидлаган Юрий Белоус амалда рус клубларининг ишончини ҳам йўқотган кўринади. Яқинда яна бир истеъдодли футболчимиз Санжар Қодирқуловни легионерга айлантиришга уринган россиялик мутахассиснинг ҳаракатлари зое кетди. Белоус томонидан тавсия қилинган Қодирқуловга Россия клубларидан қизиқиш бўлмади ва у ўзимизнинг “Локомотив”га ўтиб,  Суперлигамизда маҳоратини намойиш этадиган бўлди.

15235595_3

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддинов каби ёш футболчиларимизнинг Россиянинг гранд клубларидаги фаолияти ўзини оқлагани йўқ. Бундан фақат агентлар фойда кўргани кундек равшан. Биз эса бунақада миллий футболимиз келажаги бўлган энг истеъдодли футболчиларимизни йўқотиб қўйишимиз хавфи бор.  

Ўз навбатида, ёш ўйинчиларимиз ҳам янги жамоа танлашдан олдин ўз имкониятларига тўғри баҳо беришни ўрганиши мақсадга мувофиқ бўларди. Номдор жамоа захирасида муқим ўтиргандан кўра, истеъдодини тўлиқ очиш ва намойиш қилиш учун камтарроқ клублар етакчиси бўлиш анча фойдалироқ. Зеро, Шомуродов тутган йўл бунга исбот бўла олади.

Шомуродов Россиянинг ўртамиёна жамоасининг энг кучли футболчиларидан бири сифатида А Сериянинг аутсайдер клубига ўтди. “Женоа” энди аутсайдерлар қаторидан чиқди. Бунда Элдорнинг ҳам хизматлари бор. Гранд клубда ўйнамаётган бўлса-да, ана шу даражадаги клуб – “Ювентус” эътиборини қозонди. Номдор клуб захирасида бу даражага эришиб бўлмасди, албатта. Шундай экан, футболчиларимиз катта клублардан пастга шўнғигандан кўра, босқичма-босқич ўсишга эришиб, секин-аста юқорига кўтарилгани ҳамма учун маъқулроқдир.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар