Хабиб Нурмагомедовнинг қарори тўғри эдими? (Мутахассислар фикри, 2-қисм)

Маълумки, 18 апрелда бўлиб ўтиши керак бўлган Хабиб Нурмагомедов ҳамда Тони Фергюсон ўртасидаги жанг бекор қилинди. Албатта, бу воқеа Хабиб билан боғлиқ бўлганлиги учун турли хил фикрлар янграмоқда...

Кеча россиялик UFC чемпионининг қарори борасида мамлакатимизда ушбу спорт тури бўйича фаолият юритаётган баъзи мураббийлар, журналистлар ва спортчиларнинг фикри билан қизиққан эдик.

Бугун ушбу мавзу бўйича мутахассислардан тайёрланган 2–қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

                                                Даврон Файзиев (журналист ).

-Xабиб бўйича фикрим шуки, бу бир ўзининг шахсий қарори эмас, яъни у АҚШни тарк этаётганда, UFC ўша вақт жангни Абу-Дабида ўтказмоқчи эди. Шундан келиб чиқиб, UFC Хабибга рухсат берди. Чунки Россиядан Абу-Дабига бориш муаммо эмасди. Бунинг устига Хабиб шуғулланадиган “AKA” зали ёпилди. Бошқа лагерь қидириб, қисқа фурсат ичида барчасини нолдан бошлашга унда имкон йўқ эди. Шунинг учун кетди. Лекин у кетиб бўлганидан сўнг, менимча, Абу-Даби амирлиги қарорини ўзгартириб, Дана Уайтга жангни қабул қила олмаслигини айтган бўлса керак ва UFC бирданига жангни яна АҚШга кўчиришга қарор қилди.

 Хабиб эса Россияга бориб олди. Бу мамлакат карантин туфайли ёпилди. Хусусий самолётда учиб борса бўлади дейишди-ю, аммо бу масала ҳам бироз муаммоли бўлса керак, билмадим тафсилотларини...

Лекин Хабибни ўзи бормаслигини эълон қилди. Бир томондан тўғри, чунки қисқа фурсат ичида бирданига икки марта океан ортига бориш бутунлай кун тартибини ўзгариб кетишига сабаб бўларди. Чунки ҳар икки мамлакат орасида вақт тафовути бор. Мутлақо бир-бирига тескари...Бунинг натижасида тайёргарлик нолга тенг бўлиб қоларди.

Шунинг учун АҚШдан кетиши бу UFC билан бирга қабул қилган қарори, деб ўйлайман. Россиядан яна АҚШга бориш нотўғри эканлиги борасида Хабибни ўзи қарор қилди. Бу тўғри бўлса керак деган фикрдаман.

Биринчидан, ҳозирда АҚШ коронавирус юқтираётганлар сони бўйича биринчи ўринга чиқиб олди. Иккинчи сабабини юқорида таъкидлаб ўтдим: қисқа фурсат ичида Россияга яна АҚШга учиши натижасида тайёргарлик жараёни бутунлай бузилиб кетарди.

Даврон Файзиев

Азиз Жўрабоев (Ўзбекистон пенчак-силат федерацияси раҳбари).

Бу ўзига хос форс-мажор дейилади. Бу ерда ҳеч кимнинг айби йўқ. Хабиб томонидан тўғри қарор қабул қилинди. Чунки мамлакат қонунига барча бирдек риоя қилиши лозим. Россияда эса карантин жорий қилинганди. Шундай экан, бу ерда ортиқча изохга ҳожат йўқ.

Азиз ака

Зарруҳ Адашев ( ММА жангчиси).

-  Албатта, тўғри қарор қабул қилди. Унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам шундай қилган бўлардим.

зарруҳ

Азиз Тўхтамуродов  (журналист).

-  Узоқ кутилган жанг бешинчи маротаба бекор қилинди. Афсус. Хорижий ОАВда тарқалган хабарларга ишонадиган бўлсак, аввалига Хабибга жанг АҚШда бўлмайди деган маълумотни бериб, Абу-Дабига жўнатишган. БААга кира олмаган Нурмагомедов ўз юртига қайтиб кетган. Энди яна жанг ўтказиш учун коронавирус ўчоғига айланиб улгурган АҚШга бориши керак эди.

Хабиб ўзи учун тўғри қарор қабул қилган деб ҳисоблайман. Бугун кенг тарқалган коронавирус пандемияси чоғида пул, шоу, промоушен ва мухлислар эмас, айнан соғлиқ биринчи даражада туради. UFC 249 турнири ташкил этилган тақдирда мен учун иккита интрига сақланиб турибди. Биринчиси: Маҳмуд Мурадов ўша куни жанг қиладими? Иккинчиси: Тони Фергюсон кимга қарши октагонга кўтарилади? Умуман олганда, вазият бутунлай ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Барчасини вақт кўрсатади. Кутамиз.

Азиз

Зуфар Сулаймонов (бокс мураббийи).

-  Мутлақо тўғри қарор. Бу борада ҳадисларда ҳам ёзилган. Жумладан, вабо келганда уйда ўтириш кераклиги ва шаҳидлик савобини топиши айтилган. Шундай экан, ўзини ва жамоасини ҳаётини таҳликага қўймаганлиги ҳам таҳсинга сазовордир.

зуфар ака

Гулбаҳор Амантаева (собиқ ММА жангчиси, ҳакам).

-  Улар ўртасидаги жангни қолдирилиши мана бешинчи бор юз берди. Аввалгиларини билмадим-ку, лекин бу сафар ҳеч кимни айбдор эмас деб ўйлайман. Сабаби вазият барчага аён... Бундай ҳолатда кўнгилга нимадир сиғишини ўзи даргумон. Хабиб ажойиб жангчи. Унинг натижалари ҳам шуни кўрсатиб турибди. Бутун дунёда гап-сўз бўлишини билиб туриб ҳам ўзи ва жамоасини ҳаётини хавфга қўймади ва бу билан энг тўғри қарорга келди.

гуля опа

Наимжон Тўхтабоев  (профессионал муайтай устаси).

-  Инсоннинг хавфсизлиги биринчи ўринда туради. Шундай экан, Нурмагомедов тўғри қарорни қабул қилди. Мухлисларсиз ўтган тақдирда ҳам маълум бир одамлар тўпланар эди. Шунинг учун хавфдан холи бўларди, дейиш мушкул. Айниқса, ҳозир АҚШда коронавирус авж олмоқда.

наимжон

Фаррух Мадаминов (ММА мураббийи).

-  Бу жангни барчамиз кутган эдик. Бу иккиси - буюк спортчилар! Хабиб жангни қўрққанидан тўхтатди, дейиш фикридан йироқман. Дунё бўйлаб ҳукм сураётган коронавирус муаммоси бу жанг бекор бўлишига асосий сабаб бўлди. Биргина UFC эмас, бошқа спорт ўйинлари ҳам тўхтатилди-ку...

фарухх

                                          Ҳумоюн Ибрагимов (ММА жангчиси).

-  Ҳа, тўғри қарор қабул қилди. Бундай шароитда ҳар қандай спортчи ўз ҳукуматига ёрдам бериши баробарида бошқа инсонларга ҳам ўрнак бўлиш зарур.

Хабиб ҳам шундай қилди. Агар унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам шундай қилган бўлардим. Тони билан жангни кейин ўтказса ҳам бўлади. Мисол учун, мен ҳам 12 апрель куни “ProTurk” промоушенида чемпионлик камари учун жанг қилишим керак эди. Лекин бу жанг ҳам қолдирилди ва бундан норози эмасман. Аксинча, ҳозир биз юртбошимизга, шифокорларга карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда қисман бўлса-да, ёрдам беришимиз керак.

Халқимизни уйда қолишларини илтимос қилган бўлардим!

Хумоюн_1

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)