Виталий Денисов қаерга “йўқолиб” қолди ёхуд

Ўзбекистон миллий терма жамоасида 72 та учрашув ўтказган Виталий Денисов ёзги трансферлар мавсуми якунланиши арафасида Россия Миллий футбол лигасида иштирок этаётган “Томь” жамоаси таркибига қўшилган эди.

Мусобақада ишончли ўйин намойиш эта олмаётгани ортидан жадвалнинг энг қуйи поғоналарига тушиб қолган томскликлар вазиятни ўнглаш учун жамоага бир неча кучли футболчилар ва янги бош мураббий сифатида Александр Кержаковни таклиф қилган эди.

Шулар қаторида “Томь”га келиб, клуб раҳбарияти билан мавсум охиригача шартнома имзолаган Виталий Денисов асосий  таркибдан жой олди. Ҳамюртимиз мусобақа доирасида “Торпедо”, “Акрон”, “Краснодар-2” ва “Балтика”га қарши ўтказилган учрашувларда бошланғич таркибда майдонга тушди.

Бироқ, Миллий футбол лигасининг охирги икки турида “Велес” ва “СКА-Хабаровск” жамоаларига қарши ўтказилган учрашувларда бош мураббий Александр Кержаков ва етакчи ўйинчилар – ҳимоячи Виталий Денисов, дарвозабон Дмитрий Арапов, ярим ҳимоячилар Евгений Баляйкин ва  Чиди Оcучукву кўринмай қолди. Охирги ўйинда асосий ҳужумчилардан бири Ричлорд Эннин ҳам йўқ эди.  

Кутилмаган бу ҳолат кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Муҳим паллада бош мураббий ва асосий таркиб ўйинчиларидан бир нечтаси “йўқолиб” қолди. Жамоа эса, икки ўйинда қимматли беш очкони бой берди. Бу учрашувларда жамоани катта мураббий Владимир Казаков бошқарди.

Инсайдерлар тарқатаётган хабарларга кўра, жамоа бош мураббийи Александр Кержаков коронавирус юқтириб олган. Сўнгги ўйинларда иштирок этмаган етакчи футболчилар ҳам карантинга олинган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. “Томь” раҳбарияти бу борада ҳеч қандай расмий маълумот тарқатмаяпти. Бундан ташқари, инсайдерлар тарқатаётган хабарлар тасдиқлангани ҳам, рад этилгани ҳам йўқ. “Томь” вазиятга ойдинлик киритишни истамаяпти. Бу мухлислар норозилигига сабаб бўлмоқда.

9679ac4ae84db3720f17e9fe33b10814_1

Россиялик журналистларнинг бош мураббий ва юқорида номи келтирилган футболчиларнинг йўқлиги бўйича аниқ саволига катта мураббий Владимир Казаков мужмал жавоб берди. Унинг айтишича, бош мураббий ўйинларни онлайн тарзда бошқариб бормоқда ва ҳозирча жамоага қўшила олмайди, футболчиларнинг айримлари жароҳат олгани, бошқалари шамоллагани учун учрашувларда оптимал таркибни ўйнатиш имкони бўлмаётган экан.

Хуллас, “Томь”даги вазият мураккаблигича қолмоқда. Биз учун ҳам катта умидлар билан жамоага таклиф этилган Виталий Денисовнинг ҳам нега бирдан “йўқолиб” қолгани қизиқ, албатта. Бу ҳолатга яқин ўртада аниқлик киритилишига умид қиламиз.

Шу ўринда, Виталий Денисов Россия футболида энг кўп совриндор бўлган ўзбекистонлик футболчи эканини эслатиб ўтишни лозим топдик. Тажрибали футбочимиз фаолияти давомида премьер-лигада ЦСКА, “Локомотив”,  “Крилья Советов”, “Рубин” каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган. “Армиячилар” сафида икки марта мамлакат кубоги соҳиби ва УЕФА кубоги ғолиби бўлган. “Локомотив”да Россия чемпионатининг олтин ва бронза медалларини, икки марта мамлакат кубогини қўлга киритган.

Ўзбек легионерлари фаолиятида жиддий ўзгаришлар бўлди!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)