Вазирлик 7 йилга дисквалификация қилинган ўзбекистонлик теннисчи юзасидан расмий баёнот берди

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 7 йилга дисквалификация қилинган ўзбекистонлик теннисчи юзасидан расмий баёнот берди.

"Бугун кўплаб интернет сайтларида ўзбекистонлик теннисчи Темур Исмоиловнинг келишилган ўйинларда иштирок этгани учун 7 йилга спортдан четлатилгани ҳақида хабарлар эълон қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади:

Темур Чингизович Исмоилов 1995 йил 14 январда туғилган. 2013 йилдан то 2017 йилгача Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Ўша йили оиласи билан бирга доимий яшаш учун АҚШга кўчиб кетганлиги сабабли терма жамоа сафидан чиқарилган.

Т.Исмоилов ҳалигача АҚШ фуқаролигини олмагани боис бугунгача Халқаро теннис федерацияси (ITF) ҳамда профессионал теннисчилар ассоциацияси (АТР) таснифига кирувчи мусобақаларда Ўзбекистон байроғи остида қатнашиб келган.

Бугун, 2020 йил 23 декабрь куни теннис ўйинларини текширишга масъул бўлган Tennis Integrity Unit ташкилоти Т.Исмоиловнинг ITF ҳамда АТР таснифидаги турнирларда келишилган ўйинларда иштирок этгани учун 7 йилга спортдан четлатилгани ҳақидаги қарорини матбуотда эълон қилди.

Айни пайтда Темур Исмоилов теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида рўйхатда турмаслигини маълум қиламиз".

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар