Вадим Афонин: Яна Россия премьер-лигасига қайтиш ниятим йўқ эмас

Одатда мавсум аввалида Россиядан Ўзбекистон чемпионатига бир қатор футболчилар келиб фаолият олиб боришларига гувоҳ бўламиз. Лекин уларнинг аксарияти Россия премьер-лигасидан келган ўйинчилар ҳисобланишмайди.

Лекин ҳамюртимиз Вадим Афонин масаласида бундай дея олмаймиз. Хабарингиз бор, у янги мавсумни Суперлигамизда, “Локомотив” таркибида ўтказмоқда. Яхши билсангиз керак, ушбу ҳамюртимиз бунгача Россия премьер-лигасида “Оренбург” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётганди. Табиийки, катта тажрибага эга ўйинчининг чемпионатимизга қайтишини эса ижобий баҳолаш мумкин.

Ёдингизда бўлса, Вадим бунгача ҳам чемпионатизда иштирок этган бўлиб, Ғузорнинг “Шўртан” клубида муваффақиятли мавсумларни ўтказган. Шундан сўнг у Россияга кетди ва премьер-лигада ўйнай бошлади. Умуман олганда, Афонин у ерда “Рубин” ҳамда “Оренбург” клубларидаги фаолияти орқали мухлисларга жуда яхши таниш. Биз эса фурсатдан фойдаланган ҳолда унинг юртимизга қайтиши, Россиядаги фаолияти ва яна бошқа масалалар хусусида суҳбатлашдик.  

- Вадим, яхши биламизки, фаолиятингизда “Оренбург” клуби катта ўрин тутади. Чунки ушбу жамоада бир неча йилни ўтказгансиз. Лекин жорий мавсумда у ердан кетиб “Локомотив” клубига ўтдингиз. Аслида “Оренбург”дан кетишингиз ва “Локо”га келишингиз қандай юз берди?

- Охирги пайтларда менда “Оренбург”да унчалик кўп ўйин вақти бўлмаётганди. Шунинг учун ҳам раҳбарият ҳеч қандай муаммосиз менинг кетишимга имкон беришди. Бу орада эса Андрей Фёдоров билан мулоқот қилдим. Шунда у менга фаолиятимни “Локомотив”да давом эттиришни таклиф қилди ва мен бундан жуда хурсандман.

афонин3

- Адашмасам, 33 ёшга қараб кетяпсиз. “Локомотив”га келишингиз эса фаолиятингизни юртимизда якунлашингизни билдирадими ёки яна Россия премьер-лигасига қайта оламан деб ўйлайсизми?

- Ҳозир мен 32 ёшдаман. Ҳамон ўзимда ўйнаш учун катта куч ва иштиёқни ҳис қиляпман. Шундан сўнг ҳам олдингидек юқори савияда ўйнай олишимга ақлим етади. Шунинг эвазига янада кучлироқ жамоаларнинг қизиқиш доирасига тушишдан умидворман. Яна Россия премьер-лигасига қайтиш ниятим ҳам йўқ эмас. Фаолиятимни якунлашга эса ҳали анча эрта.

- Россияда катта ўйинларда иштирок этган ўйинчи сифатида ўзимизнинг Суперлигага келгач, бу ердаги баҳслар сиз учун қандай туюляпти? Яъни, ўзимиздаги чемпионатнинг мавқеи борасида нима деган бўлардингиз?

- Россияда кучли чемпионат ва шунга яраша кучли рақобат бор. У жойда юқори савияли легионерлар тўп суришади. РПЛга кучсиз футболчилар келиб қолмайди. Ўзбекистон чемпионатига таққосланса, бизда авлодлар алмашинуви кўпроқ давом этиб, шунинг эвазига ёш ва иқтидорли ўйинчилар етарлича кўзга ташланмоқда. Ўйлайманки, Ўзбекистонда яна иқтидорли ўйинчиларнинг сони ошади.

“Локомотив”га энди мослашаётганингизда коронавирус пандемияси сабабли чемпионат тўхтатилди. Бундай пайтда спорт формангизни бир маромда сақлаб туриш қийин бўлмаяптими, нималар билан шуғулланяпсиз?

- Карантинни оилам даврасида ўтказяпман. Индивидуал тарзда жисмоний машғулотлар билан шуғулланяпман. Ҳолатимни яхши ушлаб туришга астойдил берилганман.

афонин7

- Россиядаги фаолиятингиз давомида ўзингиз учун унутилмас ўйин қайси бири бўлган?

- “Оренбург” ва РПЛда тўп сурган чоғимда ҳар бир учрашув мен учун ўзига хос аҳамият касб этган. Айниқса, чемпионатнинг дастлабки юқори беш ўрнидаги клубларга қарши беллашувлар жуда ўзгача руҳда кечарди.

- Шунингдек, премьер-лигада футболчилардан энг яқин дўстингиз ким?

- Ўша жойдаги футболчиларнинг барчаси билан яхши алоқадаман ва дўстона муносабатдаман. Шу боис кимнидир алоҳида кўрсатиб ўтмаган бўлардим.

- Вадим, футболкаларни тўплаш борасида коллекциянгиз борми? Агар бор бўлса, кимларнинг футболкалари бор?

- Футболкалар коллекциясига эга эмасман. Менда бор-йўғи бир жуфт футболка бўлиб, улар Фёдор Смолов ва Олег Ивановга тегишли. Иванов эса “Ахмат” клубининг ўйинчисидир.

афонин6

- Футболчи сифатида орзу қилганларингиздан нималарга эришдингиз ва нималарга эриша олмадингиз?

- Бу саволингизни бирор-бир изоҳсиз қолдираман. Чунки бу кўп вақтни олади.

- Сизнинг даражангиздаги футболчилар одатда терма жамоада мунтазам равишда ўйнашади. Лекин сиз термамиз иштирокидаги ўйинларда доимий ҳолатда қатнашдингиз дея олмаймиз. Бу вазият сизни ҳам ўйлантирадими?

- Мен ҳар доим миллий терма жамоадан чақирувни кутиб қоламан. Терма жамоага ғалабалар қозонишда бор кучим билан ёрдам беришга тайёрман. Бундан кейин ҳам шундай чорловни олиш учун ўз устимда қаттиқ ишлашга ва кутишга тайёрман.

- Сизнингча, карантиндан сўнг чемпионатимизни қандай тартибда ўтказган маъқул? Шунингдек, ўйинларни мухлисларсиз ўтказиш ҳақида ҳам фикрлар йўқ эмас..

- Футболчилар учун стадион трибуналарида иложи борича томошабинларнинг кўпроқ бўлиши жуда муҳим. Аммо бугунги кунда юзага келган ҳолат туфайли ушбу масалага ҳар томонлама чуқур ва пухта ўйланган ҳолда ёндашган маъқул. Чунки бугунги кунда ҳар бир фуқаро учун саломатлик биринчи ўринда туради.

афонин5

- Ўз позициянгиз бўйича дунёдаги энг кучли футболчи деб кимни айта оласиз?

- Хавьер Маскерано ва Серхио Бускетсни алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардим.

- Футболдан кейин қандай иш билан шуғулланиш ҳақида ҳам ўйлаяпсизми, балки мураббий бўларсиз...

- Ҳозирча ўйинчилик фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйламаяпман. Шундай экан, мураббийлик иши билан шуғулланиш ҳақидаги фикр ҳаёлимга келмаяпти. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Бироқ кейинчалик мураббий бўлиб ишлашим ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

- Кўпчилик футболдан ташқари бошқа ишлар билан, айтайлик, бизнес ёки тадбиркорлик билан шуғулланадилар. Бу борада сизда ҳам қизиқишлар борми?

- Бу саволингизни жавобсиз қолдираман!

- Нима деб ўйлайсиз, “Локомотив” “Пахтакор”дан чемпионликни тортиб олишга қодирми?

- Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бизда кучли футболчилардан ташкил топган жамоа бор. Улар ҳар қандай вазифаларни бажара олишга қодирлар!

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)