Вадим Абрамов: Эртага нафақат Ғиёсов, балки айни вақтда Ўзбекистон ОТЖдаги футболчиларимизнинг ҳам ўрни билинади

Бугун Осиё Чемпионлар лигасининг иккинчи саралаш босқичидан ўрин олган “Бунёдкор” – “Ал Завра” учрашувидан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманнинг иккинчи қисмида мезбонлар устози Вадим Абрамов ва ярим ҳимоячи Лутфулла Тўраев иштирок этди.

Вадим Абрамов: - Янги мавсумда барчага омад тилайман! Ҳаммаси жойида, эртага ғалаба учун майдонга чиқамиз.

Лутфулла Тўраев: - Учрашувга яхши тайёргарлик кўрдик. Жамоада ҳаммаси яхши. Эртага ғалаба мақсадида майдонга тушамиз.

- Рақиб бош мураббийи матбуот анжуманида эртангга баҳсда “Бунёдкор”нинг устунлиги ҳақида гапирди. Сизнингча бу тактиками ё ҳақиқатдан ҳам шундайми?

Вадим Абрамов: - Мен бошқаларнинг муаммосини ўйламайман. Биламанки, улар кучли жамоа, жиддий рақиб. Фикримча, бу тактика ва алдов.

- Ўтган мавсум марказда Нурилло Тўхтасинов билан тандем бўлган эдингиз. Ҳозир жамоага Сардор Абдураимов жалб қилинди. Сардор билан тил топишиб олдингизми?

Лутфулла Тўраев: - Абу Даби йиғини доирасида ўтказилган ўртоқлик учрашувларида Сардор Абдураимов билан бирга ўйнадик, фикримча ҳаммаси жойида. Бир-биримизни билан тил топишиб кетдик деб ўйлайман.

Хуршид Ғиёсовнинг жамоани тарк этганини катта йўқотиш деб ҳисобласак бўладими?

Вадим Абрамов: - Нафақат Ғиёсов, жамоани тарк этган бошқа ўйинчилар, қолаверса, айни вақтда олимпия терма жамоасида бўлиб турган футболчиларнинг ўрни билинади. Лекин бу футбол. Замонавий футболда бундай ҳолатларга тайёр туриш керак.