Узрепорт ТВ Маҳмуд Муродов ва Конор Макгрегор жанг ўтказадиган UFC 257 мусобақаси трансляция ҳуқуқини сотиб олди

Шу йилнинг 24 январь куни мухлислар интизорлик билан кутаётган UFC 257 мусобақаси бўлиб ўтади. Унда сайёрамизнинг энг кучли курашчилари йиғилади.

Мусобақага бўлган катта қизиқиш ва томошабинлар мурожаатларини ҳисобга олган ҳолда, Узрепорт ТВ телеканали Ўзбекистон ҳудудида мусобақа трансляцияси эксклюзив ҳуқуқини харид қилди.

Мусобақа Абу Даби (БАА) шаҳри яқинидаги «UFC жангчилар ороли» спорт мажмуаси таркибидаги Яс оролида жойлашган «Flash Forum» спорт аренасида 24 январь куни Тошкент вақти билан тонгги соат 05:00да бошланади.

Мусобақанинг асосий жангида Конор Макгрегор ва Дастин Порье октагонга чиқади. Бу реванш жанг бўлиб, биринчи тўқнашувда Конор ғалаба қозонган эди.

Ўзбекистонлик мухлислар учун мазкур мусобақанинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, унда ҳамюртимиз Маҳмуд Муродов ўзининг UFCдаги 3-жангини ўтказади. Унга Эндрю Санчес рақиблик қилади.

Мазкур мусобақани такроран 24 ва 25 январь кунлари соат 21:00да Узрепорт ТВ да томоша қилишингиз мумкин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар