Узоқ кутилган икки чемпионлик, бўм-бўш трибуналар, рекордларга бой йил: АПЛда мавсум якунлари

Англия премьер-лигаси кутилган ва кутилмаган натижаларга бой бўлди. Мухлислар неча йиллар орзиқиб кутган икки чемпионлик қайд этилди. Бири замонавий форматдаги Англия биринчилиги тарихида илк маротаба «Ливерпуль» томонидан қўлга киритилган чемпионлик кубоги бўлса, иккинчиси 16 йиллик танаффусдан сўнг Чемпионшип ғолиблигини қўлга киритиб, юқори дивизионга йўл олган «Лидс» тантанаси.
Умуман, ушбу турнир замонавий АПЛ тарихида 28-тартиб рақами остида қайд этилди. Икки йил кетма-кет олтин медаллар ва сўнгги мавсумда миллий фронтда требл қайд этган «Манчестер Сити» ушбу биринчиликни амалдаги чемпион мақомида ўтказди. Аммо Гвардиола шогирдлари мавсум аввалидаёқ мерсисайдликларни олдинга қўйиб юборганича, қайтиб уларга ета олмади. Ўз навбатида, «Лестер» «шаҳарликлар» учун анча вақтгача муносиб рақобат кўрсатди. Якунда эса клубга оғир пандемия шароити панд берди. Келинг, буларнинг барчаси ҳақида бирма-бир тўхталиб ўтамиз.

premier_league_rebrands_designstudio_01
«Кенни учун, Жеррард учун…»

«Ливерпуль»нинг чемпионлиги ҳеч кимни хафа қилмади, назаримизда. Ҳаттоки, энг ашаддий рақиблари ҳисобланган МЮ мухлислари ҳам мерсисайдликларнинг чемпионликни нишонлашига юзларида нимтабассум билан қараб турган бўлса керак. Жеррарднинг сирпаниб кетиши, «Кристал Пэлас»нинг камбеки, ўтган мавсум атиги 1 очко етмай қолгани… Ҳа, бу ғалаба чиндан ҳам узоқ йиллик аламлар, кўз ёшлари ортидан келди ва Клопп йиғлаган кўйи чемпионликни «Ливерпуль»нинг чемпион бўла олмаган шонли вакиллари Кенни Далглиш, Робби Фаулер, Майкл Оуэн, Стивен Жеррардга бағишлади.
Мавсум аввалидаёқ, «Ливерпуль»нинг чемпионлик унвонини ютиш учун жиддий киришгани кўриниб турарди. Биринчи даврада ливерпулликлар фақат «Манчестер Юнайтед»га қарши баҳсда дуранг қайд этди. Энг асосий рақобатчи «Манчестер Сити» бу пайтда «Лестер» билан андармон бўлиб юрганди. Мерсисайд қизиллари ушбу мавсумда премьер-лига ғолиблигини биринчи планга қўйган ҳолда қолган барча мусобақаларга жиддий эътибор қаратишмади. Якунда улар 99 очко жамғариб, бу борада АПЛ тарихидаги иккинчи жамоага айланиб олишди.

liverpool
Эҳ, «Лестер»…

Нейтрал футбол мухлислари учун ушбу мавсумдаги энг ачинарли ҳолат «Лестер»нинг Чемпионлар лигасидан қуруқ қолгани бўлди, назаримизда. Карантингача барчаси рисоладагидек кетаётганди. Сўнгги 5 учрашувнинг биттасидагина «тулкилар» ғалаба қозонишни уддалади. Бундай вазиятдан эса тобора ўз ўйинини топиб бораётган МЮ унумли фойдаланиб кетди.
Уларни қувонтирадиган жиҳатлар ҳам бор. Клуб ҳужумчиси Жейми Варди мавсум давомида 23 та гол киритган ҳолда премьер-лига тўпурари бўлди. Таъкидлаш жоизки, 33 ёшли футболчи ушбу совринга эга чиққан энг «қария» тўпурар сифатида тарихга кирди.
«Кинг Пауэр» эгаларининг ажойиб мавсуми нега бундай паст нотада якунлангани ҳақида кўпроқ Бренден Рожерс ўйлаб кўргани маъқул. У «Ливерпуль» бош мураббийи бўлган кезлари ҳам бундай ҳолат кузатилган. Аслида, мерсисайдликларнинг чемпионликни бой бериши ёлғиз Жеррарднинг сирпаниб кетишига боғлиқ эмасди. Шимолий ирландиялик мутахассис курашувчанлик инстинктини шакллантирмаса бўлмайди.
Ўз навбатида, бой берилган ўйинларда бутун айбдорликни унга юклаб қўя олмаймиз. Чиндан ҳам пандемия шароитидаги қийин тақвим «Лестер» каби ўртамиёна таркибга эга клублар учун ҳалокатли тус олди. Асосий таркиб вакиллари Жеймс Мэддисон ва Рикардо Перейранинг жароҳати якунда кўп нарсани ҳал қилиб қўйди.

lester
Мавсум кашфиётлари

Клуб жиҳатидан бундай эътирофга «Вулверхэмптон» ва «Шеффилд» муносиб, наздимизда. Нуну Эшпириту Санту «бўрилар» жамоаси негизини португаллар билан тўлдирмоқда. Инглиз футболи жамоатчилиги «Вулверхэмптон»ни АПЛдаги португал клуби, деб атаётгани бежиз эмас. Мухлислар орасида мураббий олиб бораётган ушбу сиёсатдан норози қатлам ҳам шаклланиб қолди. Нима бўлган тақдирда ҳам, Санту жамоани юқори амбициялар учун курашадиган, рақобатбардош клубга айлантира олди. Сўнгги турларгача амалдаги УЕФА Чемпионлар лигаси финалчиси «Тоттенхэм»дан олдинда борган жамоа якунда 7-поғона билан чекланишга мажбур бўлди. Аммо бутун дунёда ушбу клубда ҳаракат қиладиган Руи Патрисиу, Метт Доэрти, Диогу Жота, Адама Траоре ва Рауль Хименес каби футболчиларнинг ўйинларини катта қизиқиш билан кузатиб борувчилар сони кўпайиб қолди.

Wolves
Ўз навбатида, «Шеффилд» ҳам инглиз футболига рангбаранглик олиб кирди. Крис Уайлдер мураббийлиги остида жамоа итальянча футбол намойиш этмоқда. Натижа ҳам ёмон эмас – дебют мавсумдаёқ 9-ўрин. Ушбу клуб ҳам бизга Динь Хендерсон, Болдок, Иган ва Ландстрем каби бир қатор номларни кашф қилиб берди.

SOCCER Sheff Utd 16060687
Индивидуал жиҳатдан ушбу мавсумда «Челси»нинг бир қатор футболчилари: Маунт, Абрахам, Томори ва Пулишич ёрқин футбол намойиш этди. «Манчестер Сити»да Фил Фоден ва Эрик Гарсия каби номлар пайдо бўлди. МЮнинг «Спортинг»дан харид қилган футболчиси Бруну Фернандеш эса мавсумнинг иккинчи қисмини ўзининг бенефисига айлантириб юборди. Шу ўринда, Мэйсон Гринвуднинг хатти-ҳаракатларига ҳам эътибор қаратиш жоиз. Англиялик ёш иқтидор эгаси, айниқса, Бруну келгандан кейин ўз ўйинини топиб олди. «Тоттенхэм» таркибида эса мавсум ўртасида сотиб олинган Стивен Бергвейн ҳақиқий кашфиётга айланди.

Bruno-Fernandes-Man-Utd-celebration
Рекордлар, рақамлар, статистикалар

Юқорида айтиб ўтганимиздек, премьер-лига тўпурарлиги Жейми Вардига насиб этди. Энг яхши ассистент сифатида эса Кевин Де Брюйне қайд этилди. Бельгиялик хавбек мавсум мобайнида 20 та голли узатмани амалга оширган ҳолда Тьерри Анри томонидан ўрнатилган рекордни такрорлади. Ундан кейинги ўринларни «Ливерпуль» қанот ҳимоячилари Трент Александр-Арнольд (13) ва Эндрью Робертсон (12) банд этди.
Дарвозабонлар одатда кам алмаштирилади. Аммо АПЛ жорий мавсумида бир қатор футболчилар жамоаси билан барча учрашувларда 100 фоиз иштирок этишди. Булар: Жорж Болдок («Шеффилд»), Конор Коуди («Вулверхэмптон»), Ҳарри Магуайр (МЮ), Деклан Райс («Вест Хэм»), Жеймс Тарковски («Бёрнли»), Виржил Ван Дейк («Ливерпуль») ва Жеймс Уорд-Проуз («Саутгемптон»).

ederson-manchester-city_yq2o9ot936rt1qcxztf9qyv3w
«Манчестер Сити» посбони Эдерсон сўнгги турда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган ҳолда АПЛнинг якунига етган мавсумида энг яхши дарвозабон унвонини қўлга киритди. Турнир мобайнида у жами 16 та баҳсда «қуруқ ўйин» ўтказган. Ундан кейинги натижани эса «Бёрнли» вакили Ник Поуп қайд этди. Унинг ҳисобида 15 та гол ўтказилмаган ўйин бор. «Ньюкасл» дарвозабони Мартин Дубравка 140 та сэйв амалга оширган ҳолда бу борада етакчилик қилмоқда. Эътиборлиси, премьер-лиганинг энг яхши дарвозабони ушбу рейтингнинг 17-поғонасида бормоқда. Дарвозаси олдига келган тўпларни уриб юбориш кўрсаткичи бўйича ҳам «шаҳарликлар»нинг бразилиялик футболчиси лига дарвозабонлари орасида 16-поғонани банд этган. Бизнингча, келгуси мавсумларда премьер-лига мутасаддилари энг яхши дарвозабонни аниқлашда кўпроқ критерияларга эътибор қаратиши зарур.
Энг кўп сариқ карточка олган футболчилар рўйхатини Лука Миливоевич бошқариб турибди. «Кристал Пэлас»нинг таянч ярим ҳимоячиси жами 12 маротаба огоҳлантирилган. Эътиборлиси, энг кўп фол ишлатган футболчи сифатида ҳам лондонликлар ҳужумчиси Жордан Айю қайд этилган.
Премьер-лига ҳакамлари орасида Мартин Аткинсон, Майкл Оливер ва Энтони Тейлор энг кўп 32 та учрашувда ҳакамлик қилган. Майкл Оливер мавсум давомида 1 тадан кўп ўйин ўтказган ҳакамлар орасида қизил карточка кўрсатмаган ягона арбитр бўлиб турибди. Мартин Аткинсон, Майкл Оливер ва Грэм Скотт 5 тадан футболчини мавсум давомида майдондан четлатган. Шунингдек, Энтони Тейлор лиганинг энг кўп сариқ карточка кўрсатган ҳакамига айланди – 122 та.

Michael-Oliver-referee
Якунлар

АПЛнинг якуний натижаларига кўра, «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» клублари Чемпионлар Лигасига йўлланмани қўлга киритади. «Лестер» ва «Тоттенхэм» Европа Лигаси гуруҳ босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга чиқди. «Вулверхэмптон» энди Англия Кубоги финалини кутишга мажбур бўлади. Агар ушбу беллашувда «Арсенал» «Челси»ни мағлуб этадиган бўлса, «бўрилар» евромайдондан четда қолиб кетади. Аммо ҳали ушбу клубда Чемпионлар лигасида қатнашиш имконияти ҳам сақланиб турибди. Чунки жамоа Европа лигаси плей-офф босқичида қатнашмоқда. Шунингдек, «Манчестер Юнайтед» Европа лигасида зафар қучган тақдирда ҳам, Санту шогирдлари халқаро майдонда ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади..
Мавсум якунлари бўйича премьер-лигани «Борнмут», «Уотфорд» ва «Норвич» клублари тарк этадиган бўлди. Чемпионшип ғолиби «Лидс» ва вице-чемпион «Вест Бромвич» тўғридан-тўғри АПЛга йўл олмоқда. «Брентфорд», «Кардифф», «Фулхэм» ва «Суонси» клублари эса плей-офф баҳсларида иштирок этишади.
АПЛ келгуси мавсуми эса 12-сентябрдан старт олиши режалаштирилмоқда. Қолган бир ярим ой ичида SPORTS.uz сайти премьер-лигада яқиндагина очилган трансферлар ойнаси янгиликлари билан сизни зериктириб қўймасликка ҳаракат қилади.

leeds

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

«ВАРчестер Юнайтед»: инглиз ҳакамлари «қизил иблислар»га ён босиши ростми?

SPORTS.uz талқинида Ла Лига рамзий терма жамоаси

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)