Усмон Тошев Европага кетмоқчи, фақат...

Ўқиб изланишдан чарчамайдиган Усмон Тошев мураббийликдан ташқари бошқаларга ушбу касб бўйича таълим беришини яхши биламиз. Шунинг учун у доим футболдаги янгиликларга жуда “ўч” ва ҳамиша ўзининг тажрибасини сайқаллаштириб боришни хоҳлайди.

Анчадан бери у малакасини ошириш учун Европага бориб келишни режалаштириб юрибди. Бу хусусида sports.uz мухбирига шундай деди:

- Ҳозир кўп жойлар ёпиқ. Лекин албатта Европага йўл олиш режамда бор. Янгиликларни кўраётган бўлсангиз, бир қатор мамлакатлар карантинни узайтиришяпти. Шунинг учун айни дамда қаергадир кетишнинг имкони йўқ. Терма жамоамиз мисолида айтадиган бўлсам, бирор-бир Европа жамоаси билан ўйнамоқчимиз. Лекин борди-келдида муаммолар бор. Барибир албатта бораман. Йўллар очилганидан кейин ушбу режамни амалга ошираман, насиб қилса. Кўпроқ Англия ёки Испанияни мўлжаллаб турибман.

Хўш, бу борада нима қизиқтиради, мени? Ҳамма мураббийнинг ўзига яраша маҳорати бор. Масалан, ўзимда тажриба кўп ёки оз демоқчи эмасман. Биласизми, билимимдан келиб чиқиб ишлайман, ҳеч кимдан нусха кўчирмайман. Ўз ишимдан келиб чиқиб, футболчиларимга кўрсатмаларни бераман ва уларни ўргатиб боряпман.

Европага нима учун бормоқчиман? Футбол тўхтамаяпти. Ҳаммада ҳар хил дунёқараш бор. Футболга эътибор ҳам ўзгаряпти. Шунинг учун Европага бориб келмоқчиман. Қайси жамоага борсам ҳам уларнинг футболга эътибори қандай? Қай тартибда ишлашяпти? Умуман, барча икир-чикирларигача қандай ишлашаётганини кўриб, ўз кўзим билан гувоҳи бўлмоқчиман. Футбол ва футболдан ташқаридаги ҳаёти қандай? Кўряпсизми, қизиқтирган жиҳатлар кўп ва барчасига эътибор бериб, ўрганиб келмоқчиман. Бу борада ўзимни қизиқтирадиган айрим саволларим бор. Тўғри, ўша саволларимга ўзимнинг жавобим бор. Фақат Европада бу борада қандай ишлашаётганига аҳамият бермоқчиман.

Ҳозирги пайтда у ёки бу мураббийлардан кўчирадиганлар бор. Масалан, интернет орқали мутахассислар ўзининг иш услубини кўрсатишяпти. Айниқса, “Ютуб” орқали машқлар жараёнларини кўришингиз мумкин. Бошқалар эса уникидан, буникидан кўчиришади. Бундай мураббийларга хорижга бориб малака оширишнинг фойдаси йўқ. Чунки унинг ўз фикри бўлмайди. Фақат бошқалардан кўчиришни билади холос.

Футбол ҳамма жойда бир хил, фақат ишга бўлган муносабат бўйича фарқ бор. Масалан, мураббийларнинг иш услубларида ҳам тафовут бўлади. Чунки ҳар кимнинг футболга қараши турлича. Агар мен бормаган тақдиримда ҳам ўзимдаги билимимдан келиб чиқиб ишлайвераман, чунки танлаган йўлим бор. Бирортасининг ишини кўчирмайман. Мана, Тожикистон терма жамоасида ҳам қилаётган ишларимиз оз бўлса ҳам самара бераётганини кўряпмиз. Мен эса Европа футболи орқали янада қизиқтирган масалаларга ойдинлик киритмоқчиман, - деди Тошев.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)