Ҳозирги кунда аралаш жанг санъатлари спорт тури жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Бутун дунё эътиборини ўзига жалб қилиб, қизиқарли баҳсларни намойиш этиб келаётган UFCнинг аёллар ўртасидаги мусобақалари ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз.

Ушбу промоушенда 12 та вазн тоифаси бўлиб, уларнинг 8 та йўналишида эркаклар ва яна 4 тасида аёллар ўз маҳоратларини ишга солади. Демак, UFCда 12 та чемпион бўлиши мумкин. Аслида эса, ундай эмас. Чунки, биргина Аманда Нуньеснинг ўзи иккита дивизион чемпиони ҳисобланади. Бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради.

Ўзбекча қилиб айтганда "сомонча" дивизионнинг камари хитойлик Вейли Жанга тегишли. 31 ёшли спортчи ҳисобида 21 та ғалаба ва 1 тагина мағлубият бор. Ушбу вазн тоифасида хитойликка 32 та рақобатчи рейтингга киритилган ва бундан ташқари, ўрин эгалламаган яна 9 та жангчи бор. Улар 15 ойдан бери жанг ўтказмаган ёки UFC билан битим имзолаб, ҳали октагонга кўтарилмаганлардан иборат. Хитойлик сўнгги 4 та жангида дивизионнинг энг кучлиларига қарши жанг олиб бориб, барчасида ғалабани тантана қилган. Айниқса, 2020 йилнинг 7 март куни Йоанна Енжейчикка қарши беллашиб, ҳакамларнинг алоҳида қарорига кўра, қийин ғалабага эга чиққанди. Ҳозирда, Жанга Енжейчикдан ташқари, Роза Намаюнас асосий рақибларидан бири саналади.

Супер енгил вазн тоифасида Қирғизистон вакиласи Валентина Шевченко етакчилик қилади. Ўз вақтида, "UFC қироличаси" ҳисобланмиш Аманда Нуньесга икки марта мағлуб бўлган Валентина ушбу дивизионда бир қатор кучли спортчиларни енгишни уддасидан чиқиб, камарга эгалик қилишга муносиб эканлигини исботлаб қўйган. Ҳозирда, унинг асосий рақиблари сифатида Жессика Андраде, Лорен Мёрфи, Синтия Кальвиллони эслаб ўтиш мумкин. Чунки, у учинчи ва тўртинчи поғонани эгаллаб турган Кэтлин Чукагиан ва Женнифер Майя устидан зафар қучиб улгурди, балки реванш жанглари ҳам ташкил этилар! 38 нафар спортчи кураш олиб борадиган ушбу дивизионнинг рейтингида ўзбекистонлик Лилия Шакирова 37-ўринда қайд этилгани ҳақида қўшимча қилишимиз мумкин. Дебют жангида Лорен Мёрфига ютқазиб қўйган ҳамюртимизга кейинги жангларда муваффақият ва зафарлар тилаб қоламиз.

Ярим енгил ва ўта енгил вазн тоифаларида узоқ вақтдан буён Аманда Нуньесга тенг келадигани топилмаяпти. Ярим енгил вазнда 6 тагина спортчи баҳслашади, бу тушунарли, аммо ўта енгилда 30 дан зиёд рақобатчи бор. Бразилиялик Нуньес UFCда бор-йўғи 1 марта, 2014 йилнинг 27 сентябрида америкалик Кет Зинганога техник нокаут эвазига ютқазиб қўйган. Шундан сўнг, кетма-кет 11 та жангда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмай келмоқда. Ушбу натижага эришиш учун 32 ёшли спортчи Ронда Роузи, Холли Холм, Фелисия Спенсер, Жермен да Рандами, Миша Тейт, Ракель Пеннингтон, Кристин Жустино, Шейна Бэзлер, Сара МакМэнн ва 2 марта Валентина Шевченкони "қурбон" қилди.

Ўз Instagram саҳифасида миллиондан зиёд обуначиларга эга бўлган "UFC қироличаси" 6 март куни ярим енгил вазн тоифасидаги камарини австралиялик Меган Андерсонга қарши кечадиган жангда ҳимоя қилади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар