19 декабрдан 20 декабрга ўтар кечаси Лас-Вегасда "UFC Fight Night 183" турнири бўлиб ўтади.

Мусобақанинг марказий жангида Стивен Томпсон ва Жефф Нил ўзаро тўқнаш келади. Ушбу турнир олдидан жуфтликлар ҳақида маълумотлар берамиз.

Стивен Томпсон - Жефф Нил.

Ярименгил вазн тоифасида бўлиб ўтадиган ушбу қарама-қаршилик катта қизиқишлар билан кутилмоқда. Томпсон фаолияти давомида 15 та ғалабага эришиб, 4 та дуранг ва битта мағлубият қайд этган. У сўнгги жангини 2019 йилнинг 2 ноябрь куни Висенте Лукега қарши ўтказиб, ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, зафар қучган. Томпсон чемпионлик учун собиқ даъвогар ҳисобланади. Хорхе Масвидаль, Роберт Уиттакер, Жейк Элленбергер кабиларнинг устидан ғалаба қозониб, анчагина ном қозонган. 4 мағлубиятининг 3 тасини охирги 5 та жангида қабул қилиб олгани фаолиятида пасайиш юзага келганидан далолат бераётгандек туюлади. Машҳур Даррен Тилл, Энтони Петтис ва Тайрон Вудли америкалик спортчига имконият қолдирмаган.

Томпсонга рақиблик қиладиган Жефф Нил 30 ёшни қарши олган. У проффесионал фаолиятида икки марта мағлуб бўлган, аммо сўнгги пайтларда яхшигина ўсишга эришди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби, Нил UFCга ўтганидан сўнг, 5 та жанг ўтказди ва барчасини ғалаба билан якунлади. Америкалик жангчи 13 та ғалабасининг 8 тасида нокаут қайд этгани ҳам алоҳида эътиборга молик.

fights-2

Жозе Альдо - Марлон Вера.

Бразилиялик Альдо ҳақида UFC ишқибозлари жуда яхши билади. Шунинг учун, у тўғрисида маълумот бериш кўпроқ изланишни талаб этади. У 2005 йилда қабул қилиб олган мағлубиятидан кейин, 10 йил давомида 18 та жанг ўтказган ва шуларнинг ҳеч бирида рақибларига имконият қолдирмаган. 2015 йилнинг декабрида Конор МакГрегор 13 сония ичида Альдони "ухлатиб" қўйган ва чемпионлик камарини тортиб олганди. Шундан сўнг, бразилияликнинг аввалгидек натижаларини кўрмадик. У камарни бой берганидан кейин, шу пайтгача яна 5 та жангда ютқазиб улгурди.

Марлон Вера юқори савияли жангчи эканлигини исботлаш учун кўп уринган, аммо доим ҳам бу омадли кечавермаган. Асосан, ўртамиёна спортчиларга қарши октагонга кўтарилиб, мақсадига эришиши секинлашиб кетгандек. 28 ёшли Веранинг рекорди 16-1-6 кўринишига эга. Ҳозир унда катта имконият пайдо бўлган. Агар у Альдони мағлуб этса, ўз рейтингини кескин даражада ошириб олиши мумкин. Эквадорлик жангчи ўзининг сўнгги жангини катта умидлар билан қаралаётган ва яқин келажакда камар учун асосий даъвогарлардан бўлиши кутилаётган Шон O'мэллига қарши ўтказди ва дастабки раунддаёқ техник нокаут эвазига ғалабага эришди.

962cb405-vera-vs.-aldo

Хаос Уильямс - Мишель Перейра.

26 ёшли Уильямс фаолияти давомида 8 марта зафар қучиб, бир мартагина ютқазиб қўйган. У 2020 йилда ва UFCда 2 та жанг ўтказишга улгуриб, ҳар иккисида нокаут эвазига ғалабани тантана қилган. Промоушен америкалик спортчига умид билан қараётганлигини навбатдаги рақиби жиддий эканлигидан билиб олсак ҳам бўлади. Техникаси ўта кучли бўлган Мишель Перейра ёш жангчига қарши кечадиган баҳсда ҳам "шоу" намойиш этиб бера олармикан? Ўтган сафар бразилиялик Зелимхан Имадаевни қандай шапалоқлаб ташлаганини кўргандик. Ноодатий жанглари билан дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар эътиборини ўзига жалб эта олган Перейра фаолияти давомида 24 марта ғалаба қозонган ва 12 та жангда имкониятни бой берган.

khaos-williams-michel-pereira-ufc

Марлон Мораес - Роб Фонт.

32 ёшига қадар, 32 та жанг ўтказиб улгурган тажрибали Мораес ҳам "UFC Fight Night 183"да октагонга кўтарилади. UFCда ўз ўрнига эга бўлган бразилияликнинг юртимизда ҳам мухлислари топилади. Шу пайтгача, 24 марта ўз ғалабасини нишонлаган Мораесга америкалик Фонт рақиблик қилади. 33 ёшли спортчи эса, октагондан 17 марта ғалаба билан чиқиб кетган ва яна 4 та жангда рақибларига ютқазиб қўйган. Роб доим ҳам катта жангларда иштирок этавермаган бўлсада, кўрсатган натижалари ёмон эмас.
Мухлислар фикрини кузатар эканмиз, кўпчилик Мораес нокаут билан ғалаба қозонишини тахмин қилаётганига гувоҳ бўлдик. Кўрамиз, кимни қўли баландроқ келар экан?

BB1agxQG

Ушбу оқшомда яна кўплаб қизиқарли жанглар бўлиб ўтади. Жумладан, Энтони Петтис, Марчин Цибура, Пэнни Кианзад, Алекс Мороно ва яна бир қатор жангчилар чиқиш қилади. Бир гап билан айтганда, мусобақани томоша қилсак, зерикишга ўрин қолмайди.

"UFC Fight Night 183" турнирининг жуфтликлари:

Стивен Томпсон (15-1-4) - Жефф Нил (13-2);

Жозе Альдо (28-7) - Марлон Вера (16-1-6);

Хаос Уильямс (8-1) - Мишель Перейра (24-12);

Марлон Мораес (24-1-7) - Роб Фонт (17-4);

Марчин Цибура (20-6) - Грег Харди (8-2);

Энтони Петтис (23-10) - Алекс Мороно (18-6);

Пэнни Кианзад (13-5) - Сижара Юбенкс (7-5);

Дерон Винн (6-2) - Антонио Аройо (9-3);

Таила Сантос (16-1) - Жиллиан Робертсон (15-5);

Тафон Нчакви (2-0) - Жейми Пикетт (7-3);

Коди Дерден (7-1-2) - Жимми Флик (13-4);

Кристос Гиагос (17-8) - Карлтон Минус (7-2).

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар