УЕФА Суперкубоги: превью

Бундеслигада “Бавария” аллақачон старт амалга оширди ва яна бир жамоа дарвозаси тўрини 8 марта титратди. “Шальке” ёмон жамоа эмас. Улар Германия биринчилигининг ўзига яраша номдор жамоаларидан. Нойер ҳужумдаги жамоадошларига яқинроқ бора олмади, чоғи. Акс ҳолда, менинг ҳурматим ҳаққи бас қилинглар, деган ҳолда собиқ клубини бу каби шармандаликдан қутқариб қолган бўлармиди?! Бу миллий чемпионат мавзуси. Бугун улар “Севилья”га қарши жиддийроқ қарашлари табиий. Ахир ўртага битта титул тикиладиган бу каби беллашувлар тақдири билан ўйнашиб бўлмайди. Мюнхенликлар финалларда анча қийналадиган жамоалар сирасига киради. Шундан умид қилишга мажбурмиз: бизга қизиқарли қарама-қаршилик керак.

“Севилья” ҳақида эса нимадир дейишга ҳайронман. Регилон кетгани уларнинг оғриқли тарафи. Аммо бошқа томондан Ракитич жамоага қайтди. “Барселона”да учралган мағлубият аламлари қолган бўлса керак. 

версус

“Бавария”

Флик жамоасининг ҳужум артиллерияси яна бир истеъдод билан бойиди. Сане каби немис болакайлари учун “Бавария” орзулар жамоаси эканлигини тўғри тушунишимиз керак. Улар учун бошқа жамоалардан яхшироқ таклифлар бўлиб турганига қарамай, ушбу жамоага ўтишларининг сабаби ҳам айни шунда. 

Лерой табиатан анча инжиқ футболчилар тоифасига киради. Ҳар яхшининг бир ёмони бўлади, дегани шу бўлса керак. У Гвардиоланинг юлдузли захира ўриндиғи вакили сифатида ўйнашдан чарчади. Унга ҳар бир ўйинда майдонга тушиш ва ўзини кўрсатиш учун имконият керак. “Ман Сити” ҳужумчилари бажаришга мажбур бўлган тактик топшириқлардан тўйиб бўлган. У тўп рақибдалигида унинг ортидан қувишни эмас, янги ҳужумлар ўйлаб топишни яхши кўради, кўпроқ голлар ургиси ва уларни юзага келтиришни истайди. 

Мюнхен клуби айнан шундай жой. Флик ҳужумчиларга анча эркинлик берган ва бу уларнинг ранг-баранг ўйинларидан ҳам сезилиб туради. Бугун “Севилья”га қарши жиддий беллашувда Санени кўриш ажойиб бўлади. 

Тахминий таркиб: Нойер, Эрнандес, Алаба, Боатенг, Дэвис, Горецка, Киммих, Сане, Мюллер, Левандовски, Гнабри.

Иштирок эта олмайди: Куасси, Коман.

Сўроқ остида: Дэвис.

Бавария

“Севилья”

Пабло Сарабиянинг ўтган мавсум аввалида ПСЖга ўтиб кетиши билан кўпчилик “Севилья”да ижодкор футболчилар қолмаганлиги ҳақида гапира бошлади. Аммо Банега ва Хесус Навас барчага ҳали ҳам нималаргадир қодир эканликларини исботлаб қўя олишди. Йўқ жойдан Лукас Окампос порлаб чиқди. Бугун неча-неча клубларда қадрланмаган юлдуз Ла Лиганинг Мессидан кейинги ўриндаги сермаҳсул футболчилари қаторига кириб олган. Европа Лигасида буни барча яна бир карра гувоҳига айланди. Андалусияликларда Люк де Йонг исмли тажрибали ҳужумчи борлиги финалга келгандагина эсимизга тушди. Барча марказий ҳужумда Эн-Несирини кутаётган бир пайтда собиқ Испания терма жамоаси ва “Реал” бош мураббийи нидерландиялик форвардни бошланғич таркибга киритди.

Бугун ҳам Хулен Лопетеги испан мухлисларининг ёлғиз ишончи бўлиб турибди. Бугун қандайдир мўжиза юз берган тақдирда, унинг бош ролида Лопетеги исмини учратишимиз муқаррар.

Тахминий таркиб: Буну, Навас, Кунде, Диего Карлос, Эскудеро, Ракитич, Фернандо, Жордан, Сусо, Эн-Несири, Окампос.

Севилья

Мураббийлар

Ханс-Дитер Флик: “Севилья” Европа Лигасини ажойиб тарзда ютди. Бу катта жамоа ва тактик жиҳатдан яхши шаклланган. Лопетеги яхши ишларни амалга оширмоқда. Анча катта куч талаб қиладиган ўйинда майдонга тушамиз. Иккала жамоадан ҳам кучли ўйин кутишингиз мумкин. Шу жиҳатдан, бу каби ўйинларни топ даражада десак бўлади. Биз яхшироқ тайёргарлик кўришга ҳаракат қилдик. Жамоам 100 фоиз кучини кўрсатишини кутмоқдаман. Биз ушбу ўйинга бор эътиборимизни жамлай олишимизга умид қиламан. Бу - финал, уларга доим ўзгача ёндашишга мажбурсиз”.  

Флик

Хулен Лопетеги: “Бавария”да, аввало, ажойиб мураббий бор. У футболчиларни индивидуал ва жамоавий тарзда кучайтиришга муваффақ бўлди. Улар қандай ўйнашни, қандай ҳимояланишни ва қай тартибда ҳужумга ўтишни билади. Биз барчасини тўғри тушуниб турибмиз: қаршимизда ҳозирги даврнинг энг кучли жамоаси. Бироқ биз бу ерга айланиб кетишга келмадик”.

Лопетеги

Хулоса ўрнида

Ҳар доим ҳам Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби Европа Лигаси чемпионига қарши УЕФА Суперкубоги финалида ўйнар экан, фаворит мақомида бўлади. Бугунги “Бавария” Лопетеги айтганидек, дунёнинг энг яхши жамоаси, ҳисобланади. Аммо чин кўнгилдан умид қиламизки, бугун кескин ва қарама-қарши ҳужумларга бой футбол кўрамиз. 

лайв

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар