УЕФА расмий сайти 2024/2025 йилдан амалда бўладиган Еврокубокларнинг янги форматини эълон қилди

Хабарингиз бор, кечаги кун бутун дунё футболида катта ихтилофларга бой ўтди. Европанинг 12 та катта клуби янги Европа Суперлигасини тузиш даъвоси билан чиқдилар. Бунга жавобан, ФИФА ва УЕФА турли хил санкцияларни қўллашини маълум қилди. 

Катта революцияни мақсад қилган гранд клуб эгаларига муносиб юриш билан жавоб қайтариш УЕФАнинг кун тартибидаги асосий масала эди. Бироз аввал, УЕФА расмий сайти 2024/2025 йилдан эътиборан амалда бўладиган Еврокубокларнинг янги форматини эълон қилди. Қуйида ушбу ахборотномани тўлиқлигича таржима қилган ҳолда, эътиборингизга ҳавола этамиз.

Еврокубокларнинг янги формати

Бугун УЕФА ижро қўмитасининг катта йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2024/2025 йилдан амал қиладиган Еврокубокларнинг янги формати муҳокама этилди. 

Янги формат жума куни бўлиб ўтган УЕФАнинг навбатдаги йиғилишида тақдим этилди ва клублар асссоцияцияси, УЕФА мусобақаларни ташкил этиш қўмитаси томонидан бир овоздан маъқулланди. 

Ўзгаришлар Европа футболининг келажакдаги ривожи, ҳар бир жабҳадаги ривожи ва иштирокчилар манфаатларини кўзда тутган ҳолда тузиб чиқилди. Биз миллий лигалар фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларга асосланиб, спорт тамойилларига мос ҳолатдаги мусобақаларни ташкиллаштириш йўлида давом этамиз. 

wtw_graphhic

Янги формат ҳақида УЕФА президенти Александр Чеферин қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: 

“Биз илгари сураётган янги формат бир вақтнинг ўзида миллий лигалар ва Еврокубоклар мавқейини, унинг статусини сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Янги форматда ҳам жамоаларнинг миллий чемпионатда намойиш этган ўйинларига асосланиб квалификация амалга оширилади. Мусобақа спорт принципларига асосланган ва ҳар қандай жамоа учун очиқ ҳолатда бўлади. 

Узоқ йиллар мобайнида бўлгани каби, ушбу форматдаги мусобақада Европа лигаларида ўйновчи ҳар қандай клубда УЕФА Чемпионлар Лигасида ўйнаш борасидаги реал орзулар бўлиши мумкин. Бу орзуни рўёбга чиқариш учун шунчаки майдонда рақиблардан кучлироқ бўлиш ва ғалаба қозониш кифоя. Квалификация ҳар қандай инсон омили аралашувисиз, шаффоф, маълум доиралар манфаатини кўзламаган ҳолда амалга оширилади ва ўз лигасида керакли натижага эришган ҳар қандай жамоага бизнинг эшикларимиз очиқ бўлади. 

Футбол бу оммавий ва қадриятларга асосланган бутун жамиятнинг хазинаси. Унинг қитъамиз бўйлаб мухлисларга тақдим этадиган қувончи чексиз. УЕФА ҳукуматининг асосий мақсади Европа бўйлаб футболни миллий ассоциациялар, лигалар, клублар, футболчилар ва мухлислар орасида ривожлантиришдир. Биз юқоридаги барча жабҳаларда бирдек ижобий натижаларга эришишни хоҳлаймиз. Сўнгги икки йил мобайнида маслаҳатлашган ҳолда ушбу форматни тайёрладик ва шу сабабдан у барчага бирдек манзур бўлди, деб ўйлайман”, - деган Чеферин. 

Янги форматдаги Еврокубокларнинг молиявий масалалари ва мамлакатлар коэффициентлари борасидаги якуний қарорлар ушбу йилнинг охирида эълон қилинади ва омма эътиборига тақдим этилади. Шунингдек, ушбу тасдиқланган тизимга йил якунидаги йиғилишда баъзи ўзгартиришлар киритилиши мумкин. 

Шу билан бирга УЕФА янги форматдаги мусобақаларда жамоаларга жуда юқори иқтисодий рағбатлантиришларни тавсия этмоқда. Бу орқали ташкилот спорт принципларини сақлаган ҳолда ҳам клубларни хурсанд қила олишини намойиш этмоқда. 

Шунингдек, УЕФА раҳбарияти барча ассоцияция, лига ва клуб эгалари билан янги формат масаласида фикр алмашиш ва уларнинг эътирозларини тинглашга тайёр. 

uefa-ceferinchampions

Янги формат ҳақида батафсил

Янгиланаётган форматдаги энг катта ўзгариш иштирокчилар сонининг 32 тадан 36 тага оширилаётганидир. Турнирнинг швейцарча тизими: 8 та гуруҳларга бўлинган ҳолда, плей-офф йўлланмаси учун курашиш бекор қилинади. Энди жамоалар яхлит лига типида ўйин ўтказадилар ва барча иштирокчиларда энг камида 10 та ўйин ўтказиш имконияти бўлади. Бунда барча 10 учрашув турли рақибларга қарши ўтказилади ва 5 та уй, 5 та сафар баҳсидан иборат бўлади. 

Энг яхши натижа кўрсатган 8 жамоа автоматик равишда плей-оффга йўл олади. 9-ўриндан 24-ўрингача бўлган жамоалар нимчорак финал йўлланмаси учун кураш олиб боради. 

Юқоридаги типдаги ўзгаришлар Европа Лигаси ва Конференциялар Лигаси мусобақаларида ҳам амал қилади. Фақат, Европа Лигасида жамоаларнинг минимум ўйинлари сони 8 тани, Конференциялар Лигасида эса 6 тани ташкил этиши кўзда тутилади. Ушбу лигаларда ҳам иштирокчилар сони 32 тадан 36 тага оширилиши режалаштириляпти. 

champions_league_2024_nuevo_formato.jpg_524327561

Чемпионлар Лигаси учун квалификация аввалгидек лигадаги натижаларга кўра, шаффофлик билан танлаб олинади. УЕФА ассоцияциялар рейтингида 5-ўринда бораётган лиганинг 3-ўрин соҳиби ҳам Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Яна бир йўлланма Чемпионлар Лигаси квалификациясида ўйналади. Квоталар масаласидаги якуний қарор юқорида айтиб ўтилганидек йил якунида узил-кесил ҳал қилинади. 

Лигалар рейтингининг энг кучли икки вакили энг катта квотага эгалик қилади ва ҳар 5 йилда ушбу рейтинг янгиланиб, квоталар поғоналарга қараб тақсимланиб борилади. 

УЕФА таснифидаги барча мусобақалар миллий лигалар тақвимига ҳурмат сақлаган ҳолда ҳафта ўртасида бўлиб ўтади ва бу борада лига раҳбарлари билан ҳамкорликда иш олиб борилади. 

UEFA.com сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар