Суперлига дебютани – “Турон” селекция ишларида анча-мунча клубларни ортда қолдиряпти десак муболаға қилмаган бўламиз. Бунгача клуб Суперлигада ўз ўрнига эга бўлган бир қатар футболчилар билан шартномалар имзолаб, таркибини кучайтирганди. Навбатдагиси эса янада эътиборли бўлди.

Sports.uz сайти маълумотига кўра, “Турон” клуби тажрибали футболчи Фозил Мусаев билан келишувга эришди. Биласиз, у бунга қадар бир неча йил давомида Японияда “Жубило Ивата” клуби шарафини ҳимоя қилиб келди. Яқинда эса унинг ўзи сайтимизга берган интервьюсида тез орада кейинги фаолиятига ойдинлик киритишини айтган ҳолда балки Ўзбекистон чемпионатида қолиши мумкинлигини ҳам таъкидлаганди. Кўриб турганингиздек, эндиликда 32 ёшли футболчи Суперлигада фаолиятини давом эттиради.

Лекин шуни ҳам тан олиш лозимки, ушбу ўйинчининг Суперлига дебютанти билан келишувга эришганлигини ҳеч ким кутмаганди. Аммо ўз олдига катта мақсадларни қўяётган “Турон” Японияда ўйнаб қайтган футболчини кўндира олди. Жамоа бош мураббийи Ислом Исмоилов sports.uz сайтига Мусаев масаласи бўйича шундай деди:

- Ҳаммамизга маълум, Фозил Мусаев улкан тажрибага ва юқори иқтидорга эга футболчи ҳисобланади. Мана шундай ўйинчини жамоамизга таклиф қилиш осон бўлмади. Фозил Мусаев билан бир ҳафта давомида музокаралар олиб бордик. Якунда ўзи билан келишдик ва жамоамизга жалб қила олдик. Ўйлайманки, Мусаев “Турон”га катта ёрдами тегадиган футболчи сифатида гавдаланади. Хорижда тўплаган тажрибаси жамоамиз учун асқотади деб умид қиламан. Ушбу ўйинчи билан бир йиллик келишувга эришдик. Худо хоҳласа, эртадан жамоамизда машғулотларни бошлайди. Шу ўринда раҳбариятимизга мана шундай юқори савиядаги футболчиларни жамоамизга жалб қилишда ёрдам кўрсатаётгани учун миннатдорчилик билдираман, - деди Ислом Исмоилов.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар