Тошкент оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатини қабул қилиши тўғрисида

Тошкент оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатини қабул қилиши юзасидан Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг баёноти.

Кеча бир қатор ОАВда Тошкентнинг оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатини қабул қилиши борасидаги хабарлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мазкур хабар юзасидан расмий баёнот билдиради.

Ҳақиқатдан ҳам Қозоғистон жорий йилнинг апрель ойида ўтиши режалаштирилган Осиё чемпионатини қабул қилиши керак эди. Аммо мамлакат ҳукумати ушбу мусобақани ўтказишдан бош тортди. Шундан сўнг Халқаро оғир атлетика федерациясининг Ижроқўм вакиллари тезкор йиғилиш ўтказди ва унда Осиё чемпионатини “сақлаб қолиш”, унга мезбон мамлакатни аниқлаш кун тартибидан ўрин олган асосий масала бўлди. Узоқ фикр-мулоҳазалардан сўнг халқаро ташкилот вакиллари мусобақани Тошкентда ўтказиш бўйича бир тўхтам келишди ва бу борада Ўзбекистон томонига таклиф билан чиқишди.

“Тошкент” бу нуфузли мусобақани ўтказишга тайёр.
Ўзи аввалданоқ мезбонликка Қозоғистон ва Ўзбекистон асосий даъвогар бўлиб турганди. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб дарҳол Тошкент вариантида тўхталишди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Халқаро оғир атлетика федерацияси апрель ойида ўтадиган Осиё чемпионатини Тошкентга кўчириш таклифини илгари сурди. Бироқ бу ҳали расмий қарор эмас. Боиси бундай йирик мусобақани қабул қилиш ва уни юқори савияда ташкил қилишда давлатимизнинг ёрдами керак бўлади. Бу бўйича ҳукуматимиз ҳам якуний қарорни қабул қилмагунча расмий хабар бера олмаймиз" – деди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов.

Шунинг учун, барча оммавий ахборот воситаларидан ушбу мусобақани Тошкентда ўтказилиши бўйича ваколатли ташкилотлар томонидан бир қарорга келинмагунча ёритилмаслигини сўраймиз.

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси матбуот хизмати

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар