Тони Фергюсонни ғалаба қозонади дейишга шошилманг

18 апрель куни бўлиб ўтадиган UFC 249 турнири коронавирус туфайли қолдирилмаган ягона катта жанг кечаси, Хабиб Нурмагомедов ва Тони Фергюсоннинг 5-бор бекор қилинган тўқнашуви сифатида тарихда қоладиган бўлди. Гарчи, бутунжаҳонда коронавирус пандемияси авж олаётган бўлсада, Дана Уайт ушбу жанг оқшомини ўтказишга қарор қилди.

Маълумки, Хабиб Нурмагомедов “ўйиндан чиқди”.  Бу борада етарлича маълумотга эгасиз. Айнан унинг ўрнини аввал Конор МакГрегор тўлдиради, деган гап-сўзлар тарқалди. Якунда эса, Жастин Гэтжи вариантида тўхталди.

Дарҳақиқат, бу энг тўғри қарорлардан бири бўлди. Яъни UFC томонидан…  Жастин ва Тони ўртасидаги тўқнашув Хабиб ёки Конорга қарши жангдан асло қолишмайди. Тўғри, юқоридаги икки жангчи “ном” жиҳатидан ҳамда мухлислар аудиторияси борасида Гэтжидан устунликлари аниқ. Лекин, жангнинг томошабоплиги нуқтаи назардан, Тони ва Жастин қарама-қаршилиги қизиқарлироқ бўлади, десак янглишмаган бўламиз.

Бунга эса, ҳар иккисининг очиқ жанглар ўтказишга мойиллиги, зарба кўтара олишлари, оёқ ва қўл зарбалари ҳам ҳавас қилса арзигулик эканлиги, умуман жанг олиб бориш услубидаги ранг-баранглик мисол бўла олади.

Хабиб-Тони жанги сценарийси, одатдагидек асосан “партер”да бўлишини тахмин қилиш мумкин эди. Конорнинг энг катта устунлик томони тик туриб “стойка”да жанг олиб бориши, “партер”да у қадар мукаммал эмаслигини инобатга олиб, Фергюсон уни катта эҳтимол билан “тейк-даун” лар орқали мағлуб этишга уринарди. Чунки Тони ҳам “партер”да ёмон ҳаракат қилмайди. Хуллас, шу тахминларимиз уларга нисбатан Гэтжи-Тони жанги қизиқарлироқ ўтади деган фикрга ундамоқда.

Трансляция жиҳатидан, балки Хабиб-Тони жанги Гэтжига нисбатан жуда катта фойда келтириш мумкин эди, деган савол туғилиши мумкин. Шубҳасиз, агар бутунжаҳонда одатий жараён ҳукм сураётганда бу ўринли бўлиши мумкин эди. Бироқ айни ҳолатда яъни коронавирус пандемияси туфайли бирорта катта мусобақлар ўтказилмаётганлигини инобатга олсак, ишонинг бу жанг керак бўлса, UFC га трансляция орқали топадиган рекорд даражадаги даромадни туҳфа этади.

Dzhastin-Getzhi

Энди, бевосита Фергюсон ва Жастиннинг имкониятлари ҳақида тўхталсак, интернет тармоқлари орқали, хориж ОАВларида Тони Фергюсоннинг имкониятини юқори баҳолашмоқда. Бу фикрга қисман қўшиламан. Яъни Тони учун бу жанг режалаштирилган эди. Шунинг учун у махсус дастур орқали яхши тайёргарлик кўрган. Жастин эса, таваккал қилди ва натижада қисқа фурсат ичида анчагина вазн ташлашга тўғри келди. Қолаверса, тайёргарлик томонидан ҳам идеал бўлган йўқ. Айнан ушбу омиллар Тонини фаворит эканлигига сабаб бўлади.

ф

Жанг олиб бориш услублари ва салоҳият борасида эса, Фергюсоннинг имконияти юқори дейишга шошилмаган бўлардим.

Сабаби, Гэтжининг “даҳшатли” қўл зарбаси бор. Оёқда ҳам ажойиб ишлайди. Зарба кўтара олади. Фергюсон “партер”да кучли дейсизми? Бу борада, яъни самбо бўйича Жастин АҚШ чемпиони ҳисобланади!

 Хуллас, Фергюсонга мазкур атлет таъбир жоиз бўлса, Хабибдан ҳам хавфлироқ рақиб десак муболаға бўлмайди.

Бу билан Гэтжини Хабибдан кучли демоқчимасман. Шунчаки, Хабиб фаолияти мобайнида бирор марта жиддий жароҳат олмаганлиги, оғир зарбаларни қандай хис қила олишини кузатмаганмиз. Фергюсоннинг жанг олиб бориш услуби эса, тирсаклар билан аёвсиз зарбалар, тизза зарбалари хуллас жиддий жароҳатларни юзага келтириб, якунда ғолиб чиқадиган жангчилар сарасига киради. Шундай ҳолатларда Нурмагомедов  қандай ирода кўрсата олишидан бехабармиз. Жастинни эса, бундай вазиятлардан чиқиб кета олганлигини кўп кўрганмиз.

Тўғри, Гэтжи Дастин Порье ҳамда Эдди Альваресдан мағлуб бўлган. Айнан, ушбу жангларда у октагонда ақл билан ҳаракат қилмаган эди. Дастлабки раундлардан очиқ жангга киришиб, оғир зарбаларни қабул қилиб олиши натижасида охир-оқибат жисмоний ҳолати панд бериб қўйганди.

Энди эса, у ушбу мағлубиятлардан хулоса чиқарган ҳолда, ўйланиб жанг олиб бормоқда. Буни сўнги Жеймс Вик, Эдсон Барбоза, Дональд Серронелар билан ўтказган жангларида кўришимиз мумкин. У ҳар уч рақибини биринчи раунддаёқ мағлуб эта олди.

Жастинда яна бир рухий жиҳатдан устунлик бор. Яъни у Майкл Жонсон устидан ғалаба қозона олган. “Эль Кукуй” ни эса, Майкл мағлуб этганди. Албатта, бунга анча йиллар бўлган ва Тони мутлақо бошқа жангчига айланган. Шундай бўлсада, барибир бу ҳам қисман  Гэтжида ишонч уйғотиши мумкин. Бундай жангларда ўзига бўлган юксак ишонч қайсидир маънода панд бериб қўйса, баъзан катта ёрдам беради.

Қисқаси, Жастин Гэтжида Тони Фергюсонни мағлуб эта олиш салоҳияти мавжуд.  Шунинг учун мабодо Фергюсон мағлуб бўлса, бу “апсет” ёки сенсация бўлди, деб ўйламайман.

Албатта, бу шунчаки тахмин ва шахсий қарашларимиз холос. Ким ғалаба қозонишини эса, 18 апрель куни билиб оламиз.

Дарвоқеа, Гэтжи жанг рефереси Херб Дин бўлишини асло истамаётган бўлса керак. Чунки у фаолиятидаги ҳар икки мағлубиятини айнан, Дин бошқарган жангда қабул қилиб олганди. :)

херб

Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш зарурки, агар Жастин ғалаба қозонса, Хабиб Нурмагомедов ва Тони Фергюсон тўқнашувини хеч қачон кўрмаслигимиз мумкин. Чунки доғистонлик жангчи ушбу баҳс ғолиби билан жанг олиб борганидан сўнг, яна  битта жангдан кейин фаолиятини якунлайди. У шундай деб айтиб ўтганди. Сўнги жанг эса, катта эҳтимол билан Конор билан реванш бўлиши мумкин. Яна ким билади дейсиз?

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)