Токио Олимпиадаси Ташкилий қўмитаси COVID-хавфсизлик қўлланмасини тақдим этди

Халқаро Олимпия қўмитаси, Халқаро Паралимпия қўмитаси ва “Токио-2020” Ташкилий қўмитаси шу йил ёзда Японияда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари учун биринчи COVID-хавфсизлик қўлланмаси жамланмасини тақдим этди. Бу ҳақда ХОҚ сайтида маълум қилинди.

Спортчилар Олимпия ўйинларида смартфонлар учун иловадан фойдаланиб, унинг ёрдамида ўз саломатликлари ҳақида ҳисоб бериб боришлари керак бўлади. Мусобақа қатнашчиларига қўл бериб сўрашишдан қочиш, шунингдек спорт иншоотлари ташқарисида икки метрлик ижтимоий масофани сақлаш белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга спортчиларнинг мусобақаларда томошабин сифатида бўлишларига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, трибунага келган мухлислар спортчиларни фақат қарсаклар орқали қўллаб-қувватлаши мумкин бўлади. Японияга йўл олишларидан икки ҳафта олдин спортчилар ташкилотчиларга коронавирусга салбий тест натижасини топширишлари керак бўлади. Улар бу мамлакатга келганларидан кейин ҳам қайта тест топширадилар.

Бу қоидалар тушунтириб ва тўлдириб борилади. Ҳужжатнинг навбатдаги янгиси апрель ойида эълон қилинади.

Бу борадаги қўлланма билан тўлиқ танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг: ҚЎЛЛАНМА 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)