Кеча пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича лицензион Осиё чемпионатига старт берилган эди. Мусобақанинг ушбу дастурида иштирок этган қизларимиз ўз ғалабалари билан юртдошларимизни хушнуд этиш баробарида Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмасига ҳам сазовор бўлишди.

Мусобақа регламентига кўра, Осиё чемпионатида яккалик ва гуруҳ машқи бўйича Токио-2020 йўлланмалари ўйналади. Лицензиялар фақат мусобақа ғолибларига тақдим қилинади. Гуруҳ машқида иштирок этган ҳамюртларимиз 5та тўп, шунингдек, 3та халқа ва 2 жуфт булава дастурида рақобатчиларини сезиларли даражада ортда қолдирди ва энг юқори натижани қайд этди. Ушбу йўналишда кумуш медаль Жанубий Корея терма жамоаси, бронза медали эса таиландлик қизларга насиб этди.

Бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати.

Гуруҳ машқи

1. Ўзбекистон – 83.95

2. Жанубий Корея – 61.90

3. Таиланд – 43.95

Шу тариқа, мураббий Екатерина Пирожкова бошчилигидаги Нилуфар Шомуродова, Ксения Александрова, Динара Равшанбекова, Севара Сафоева ҳамда Камола Эрназаровадан иборат терма жамоамиз Токио-2020 Олимпиадасида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача ҳамюртимиз Сабина Тошкенбоева ҳам яккалик баҳсларида Олимпия ўйинлари йўлланмасига сазовор бўлганди. Эътиборлиси, қизларимиз бадиий гимнастиканинг гуруҳ машқида илк маротаба Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Туризм ва спорт вазирлиги ушбу муваффақият билан Ўзбекистон гимнастика федерацияси раҳбарияти ҳамда терма жамоамиз қизларини самимий муборакбод этади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию