Тожикистонда футболни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев долзарб мавзулар бўйича sports.uz учун махсус интервью берди

Тожикистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилаётган ҳамюртимиз Усмон Тошев юзага келган танаффусдан фойдаланиб уйига қайтди. Биз эса у билан бир қатор қизиқарли масалалар бўйича суҳбатлашдик.

-  Роса олти ой деганда уйга келдим, - деб гап бошлади Тошев. - Бухорода катта ўзгаришлар бўляпти, янги бинолар қурилган. Яна бир, бир ярим йилдан кейин Бухоро янада ўзгариб кетади. Фақат хафа қиладиган шуки, кўплаб дўстларимиз оламдан ўтди. Яқинда вилоят ҳокими Карим Камолов вафот этди. У ажойиб инсон эди. Афсуски, кўпчилиги коронавирус қурбони бўлди.

-  Охирги марта Тошкентда Ўзбекистонга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидан кейин БАА билан ҳам ўйин бўлиб ўтиши керак эди, лекин...

-  Биз амирликларга уча олмадик. Режамиз бўйича Тошкентда ўйнаганимиздан сўнг, БААга йўл олишимиз керак эди. Чунки авиарейслар очилмаганди. У ерга бориш учун виза очиш керак, қолаверса, карантин нормалари ҳам бор. Тошкентга келганимиздагина БААга рейслар очилди. Биз эса улгурмадик. Энди БААга қарши ўйинимизни ноябрь ойига кўчирдик. Эрон билан учрашувимиз ҳам ўша ойда ўтказилади. Аслида октябрь ойига ўйинлар ўтказишимиз мумкин эди. Аммо ушбу ойда Тожикистонда президент сайлови бўлади. Ҳозир шунга катта тайёргарлик кўриляпти. Шу боис ўйинларимизни ноябрга кўчирдик.

-  Пандемия шароити туфайли кўп нарса ўзгариб кетди. Терма жамоалар миқёсидаги халқаро ўйинлар ҳам яна ортга сурилди ва энди келаси йилга қолдирилди. Бу ҳолат мураббийлик ишингизга жиддий халақит қилаётгандир-а?

-  Албатта, халақит беради. Ўзбекистон билан ўйнаганимизда эътибор берган бўлсангиз, бизда тезлик йўқ эди. Лекин бизнинг асосий кучимиз тезликда эди. Пандемия сабабли чемпионатлар тўхтатилди. Машғулотлар ҳам ўзгарди. Шуларнинг барчаси таъсир қилди. Биз эса мураббий сифатида тажрибамиздан келиб чиқиб ҳозирги вазиятдан чиқиш йўлларини ўйлашимиз керак. Бизга пандемия халақит қилди, деб ўтираверсак ҳам бўлмайди. Ҳозирги ҳолатда ҳам барча шароитларни яратиб беришяпти. Бухорода бўлсам ҳам раҳбарлар билан телефон орқали гаплашиб турибмиз. Ўртоқлик ўйинларини ташкил этиш бўйича яхши ишлар олиб борилаётганини айтишим жоиз. Расмий учрашувларда ёмон ўйнамадик. Шунинг учун бизга энди кучли рақиблар таклиф билан чиқишяпти. Бангладеш, Индонезия, Афғонистон каби термаларни кучсиз, дея олмайман. Чунки уларда ҳам ривожланиш бор. Кўпчилик у ерларда ҳеч нима йўқ дейишади, аммо бу қуруқ гап. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни билади. Биз илгари ўшалар билан кўпроқ ўйнаган бўлсак, энди Саудия Арабистони, Эрон, Жанубий Корея ва бошқалар таклиф билдиряпти. Натижада менда қайси бири билан ўйнаш бўйича танлаш имконияти пайдо бўляпти. Тожикистон билан ўйнаб, 15 та гол урамиз, деган тушунчалар йўқ. Кучли рақибларнинг биз билан ўйнаш бўйича таклиф билдиришаётгани жамоамиз ўсаётганидан дарак беради. 1 октябрдан чегаралар очилади. Насиб бўлса, сафарларга Тошкент орқали кетишимиз ҳам мумкин.

тошев4_2

-  Тожикистон футбол федерацияси билан тузган шартномангиз шу йилнинг охирида тугайди. Лекин бошлаган ишингиз ҳали якунига етмади. Чунки ЖЧ саралашидаги қолган ўйинлар кейинги йилга қолиб кетди. Шартномангиз ўз-ўзидан кейинги йилга узайтириладими ёки музокара столига ўтирасизларми?

-  Ҳа, шартнома масаласида гаплашамиз. Лекин шартнома борасида муаммо йўқ. Мен гаплашган раҳбар, ҳукуматда ҳам ишлайди. Биз бир-биримизга ишониб қўл ташлашганмиз. Шартнома эса шунчаки расмиятчилик. Улар Тожикистонда футбол ривожланишини исташяпти. Фақат номигагина эмас, амалий жиҳатдан ҳам катта ишлар қилиняпти. Ишим уларга ёқаётган бўлса, ишлайвераман, ҳеч қанақа муаммо йўқ.

-  Сизга жиддий таклифлар бўлаётгани ҳақида ҳам эшитдим...

-  Футболда яхши ўйнаб туриб ҳам ютқазиш мумкин. Лекин мутахассис мураббийнинг имзоси билинаётганини айтиши мумкин. Мухлис учун эса ютсангиз яхши, ютқазсангиз ёмон. Таклифлар бор, аммо мен Тожикистон терма жамоасида ишлаяпман. Менга раҳбарлар ишонишяпти. Биласиз-ку, ҳозир бир кишига ишониш ҳам қийин. Ҳаётда дўст топиш ҳам осон эмас. Менга эса ишонаётган инсонларни уялтириб қўйишни хоҳламайман.

-  Тожикистон етакчиси – “Истиқлол”га устозлик қилиши мумкин бўлган мураббийлар орасида номзодингиз ҳам бўлган экан. Шу ростмиди?

-  Бор эди. Лекин иккита жойда ишлаш қийин. Менга айтишганди, ким терма жамоада ишласа параллел равишда “Истиқлол”ни ҳам бошқарган. Нега деганда, терма жамоанинг 90 фоиз футболчилари “Исқтилол”дан. Менда ҳам шундай вазият бор эди. Лекин ўйлаб кўрдим ва менга тўғри келмади. Чунки клуб билан терма жамоада ишлаш бошқа. Терма жамоа устози сифатида бошқа ўйинларни кўришим, номзодларни кузатишим керак. Клубни бошқарсам, бундай вақтим бўлмасди. Бундан ташқари, мен Тожикистонда “Варзиш” телеканалида эксперт бўлиб ҳам ишлаяпман. Агар клубда ишласам, бу ишимдан ҳам воз кечишимга тўғри келарди.

тошев2_4

-  Сир бўлмаса, “Варзиш” телеканали сизга қанча иш ҳақи тўлаяпти?

-  Улар билан профессионал шартнома тузганмиз. Молиявий томони жуда яхши, мени қониқтиради. Лекин икир-чикирларини айта олмайман. Олдин Тожикистон футболи қолоқ, орқада қоляпти, дейишарди, аммо буларнинг барчаси эски гаплар. Тожикистонда шунақа шароитлар борки, ҳали кўп жойларда йўқ. 7 гектар ер олганмиз. У ерга терма жамоалар учун марказ қуриляпти. У ерда ҳамма нарса бўлади.

-  Қолаверса, янги стадион ҳам қуриляпти...

-  Ҳа, Тожикистоннинг мустақиллиқ байрамига фойдаланишга топширилади. 30 минг томошабинга мўлжалланган. Раҳбарлар билан бамаслаҳат иш олиб боряпмиз.

-  Тожикистоннинг биринчи рақамли клуби – “Истиқлол” ҳақида бежизга тўхталмадик. Ҳеч бир клуб унга қаршилик қила олмай қолган, рақобатдан ҳоли. Бундай ҳолатда футболчиларни терма жамоага танлашда ҳам қийналмайсизми?

-  Гапингизда жон бор, мен ҳам қўшиламан. Битта гегемон клуб бўлмаслиги керак. Аммо битта ўрнак оладиган жамоа ҳам бўлиши лозим. Бир пайтлар бизда “Бунёдкор” эди. Сколари, Ривалдо кабилар келган пайтда яққол фаворит эди. Ҳозирги пайтда эса “Пахтакор” бошқалардан бир бош устун. Аммо бизда “Пахтакор”га қараб АГМК, “Металлург”, “Бунёдкор”, “Насаф” каби жамоалар интиляпти. Терма жамоа бош мураббийи сифатида менга ҳам Тожикистонда 3-4 та кучли клублар кўп бўлса, жуда қизиқ бўлади. Натижада термага рақобатда ютиб чиқадиган тайёр футболчилар келади. Ҳозир эса “Истиқлол” ярим соатда учта гол уради. Кейин пиёда юриб 4-5 – голларини уради. Бу эса тайёргарликка таъсир қилади.

-  Яқинда Тожикистон терма жамоаси аъзоси Эҳсон Панчшанбе “Навбаҳор”га ўтди. Бунда сизнинг ҳам қўлингиз борми?

-  Албатта, бор. У савияли футболчи ва яхши инсон. Амирбек Жўрабоевни ҳам “Навбаҳор”да қолишини хоҳлардим. Дарвоқе, “Навбаҳор” – “Андижон” ўйинини телевизорда кўрсатяптими?

-  Ҳа, кўрсатяпти...

-  Ие, нега айтмайсиз, Эҳсоннинг ўйинини кўраман. Канчельскисга ҳам ажойиб ўйинчини олаётгани ҳақида айтгандим. У “Навбаҳор”дан кўп нарса ўрганади ва клубга ҳам бера олади.

тошев3_3

-  Шунингдек, куни кеча Европа лигаси доирасида Пловдивнинг “Локомотив” клуби “Тоттенхэм”га қарши ўйнади ва у ерда Тожикистон терма жамоаси аъзоси Парвиз Умарбоев ҳам тўп сурди...

-  Ҳа. Уни Ўзбекистон билан ўйинга олиб келмоқчи эдим. Аммо ўйиндан аввал уйланганди. Бунгача тўрт ой Болгарияда қолиб кетганди. Ўйиндан олдин Умарбоев билан гаплашгандим ва “Тоттенхэм” билан учрашувда ўзини кўрсатишини айтгандим. Кўрдим, у яхши баҳо олди. Ҳамма ҳам “Тоттенхэм”дек жамоа билан ўйнайвермайди. У термамизнинг етакчиларидан бири ва жамоамизнинг мияси.

-  Ўзбекистонда Одил Аҳмедов ҳақиқий етакчи, ўз гапини ўтказа олади. Тожикистонда эса шунга ўхшаш биринчи рақамли футболчи ким?

-  Кимнидир биринчи ёки иккинчи рақамли, деб айта олмайман. Бизнинг сардоримиз Ахтам Назаров. Ростдан у сардорларга хос. Кейин Алишер Жалилов бор. Кўп гапирмайди, аммо яхши ўйнайди. Эҳсон Панчшанбенинг ҳам ҳурмати катта. Яна Парвиз Умарбоев, Фарҳод Восиев кабиларни айтишим мумкин.

-  Тожикистон миллий терма жамоасида ўзингизга маслаҳатчи сифатида ўзингиз яхши билган ўзбекистонлик мураббийни олиб кетиш ниятингиз ҳам бормиди?

-  Ҳа. Искандар Галиулинни Тожикистонга олиб кетмоқчи эдим. Биласиз, “Бухоро”да ҳам, “Андижон”да ҳам бирга ишлаганмиз. Бир-биримизни сўзсиз тушунамиз. Ҳаётда ҳам менга кўп маслаҳатлар берарди. Галиулин билан терма жамоада бирга ишламоқчи эдим, бироқ айрим сабабларга кўра бу иш амалга ошмай қолди.

-  Тожикистон миллий термасидан ташқари, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ҳам ўсиш борлиги сезиляпти. Ривожланишнинг асосий сабаби нима билан боғлиқ бўляпти?

-  Футболчиларда ишонч пайдо бўляпти. Терма жамоага керак бўлса, биринчи лига ва ҳатто ўринбосарлар жамоасидан ҳам олишим мумкин, яхши бўлса. Натижада ўйинчиларда мен яхши ўйнасам терма жамоада ўйнашим мумкин, дея уларда ишонч кучайиб боряпти. Ўсмирлар ҳамда ёшлар терма жамоаларини ҳам яхши савиядаги мутахассислар бошқаришяпти. Жасур Жалолиддиновга ўхшаган исқтиболи порлоқ ёшларимиз кўп.

-  Ўзимизнинг Суперлигани ҳам кўриб турибсизми?

-  Ёмон эмас, яхши. Мана, ҳозир сиз билан гаплашиб “Навбаҳор” – “Андижон” ўйинини кўряпман. Яхши томонга ўзгаришлар бор.

-  “Андижон”ни бошқарган мураббий сифатида собиқ клубингизга бефарқ эмассиз. Ҳали ғалаба нималигини билмай келаётган бу жамоа ҳақида нима дея оласиз?

-  Ўзимизнинг футболга асло бефарқ эмасман. Албатта, “Андижон”ни ҳам кузатаман. Тартиб бўлмаса, жамоага қийин бўлади. Эшитдим, Бахтиёр Ҳамидуллаев “Андижон”ни бошқаряпти. У менинг курсларимда ўқиган, яхши йигит. Унга омад тилайман. Футболни алдаб бўлмайди. Майдонда ўйинчилар ўйнайди, уларни ва мураббийларни ҳурмат қилиш керак. Агар ишонч бўлмаса, йилига 3-4 та мураббий ўзгараверади. Тартиб бўлсагина, натижа бўлади. Олдинда ўйинлар бор, охиригача курашиш керак.

-  Ўзбекистонда сиз учун энг кучли уч нафар мураббийни айта оласизми?

-  Кучсиз мураббийни айтсам-чи (кулади). Умуман олганда, ҳамма мураббийлар кучли. Уларга баҳо бера олмайман, чунки ўзим ҳам мураббийман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)