Тимур Кападзе: Миллий термадан кетиш менинг ташаббусим, Абрамов билан муносабатимизга совуқчилик тушгани йўқ

Миллий терма жамоамизда Вадим Абрамовга яқиндан ёрдам бериб келган Тимур Кападзе энди бош жамоамизда ишламаслигидан хабардорсиз.

Яқинда хабар берилганидек, Кападзе энди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ва янги тузилган “Олимпик”да фаолиятини давом эттиради. Иқтидорли мураббий sports.uz мухбирига миллий термадан кетиши, Абрамов билан муносабати ва кейинги режалари ҳақида гапирди.

Миллий термадан кетиши ҳақида

- Миллий терма жамоадан кетишим – бу менинг ташаббусим, - дея гап бошлади Тимур Кападзе. - Чунки ҳар томонлама улгурмай қоляпман. Масалан, бош жамоамиз БААга кетди, мен эса олимпия жамоамизни йиғишим керак. Олимпия термамизга бор эътиборимни қаратишим зарур. ФИФА кунларида бу терма жамоани йиға олишим мумкин. Миллий термадан кетишдан аввал албатта бош мураббийнинг олдидан ўтдим. Вадим Абрамовга вазиятни тушунтирганимдан сўнг, у ҳам ёшлар билан ишлаб, уларга кўпроқ эътибор қаратишимни маъқуллади. Мен эса ўзимга бошқа ёрдамчи топаман, деб айтди. Кейин бу хусусида раҳбариятга айтдик. Миллий термада натижага жавобгар бўлган мураббий бор. Мен эса бу ерда ёшларни миллий ва олимпия терма жамоага тайёрлаш билан шуғулланаман. Хуллас, кўп омиллар борлиги учун шундай қарорга келдик.

Кападзенинг Абрамов билан муносабатига совуқчилик тушганмиди?

- Абрамов билан муносабатларимизга совуқчилик тушгани ҳақидаги гаплар ўринсиз. Доим у билан алоқаларимиз яхши даражада бўлиб келган. Миллий терма жамоа барчамизники. Бу ерда ўртада ҳеч қандай шахсий келишмовчиликлар бўлмаслиги керак. Янги “Олимпик” жамоа тузилгани учун иш кўп, вақт тиғиз бўлади. Бу ерда иш жуда кўплиги сабабли вақтим етмаяпти ва миллий термага бора олмаётгандим. Биз бу вазиятни Абрамов билан гаплашиб тўғри маънода ҳал қилдик.

тимур1

Ёшлар термасининг йиғини

- Ёшлар терма жамоасининг йиғинини якунладик. Бу U-20 деб ҳам номланади. 10 кунча машғулотлар ўтказдик. “Рубин”, “Оқ-тепа”, “Сурхон” клублари билан ўйнадик. Январь ойини кутдим, чунки ўз жамоаларининг асосий таркибига қўшилган йигитлар ҳам бор эди. Натижада асосий таркибга ўтган ўйинчиларга тегмадим. 2003 йилда туғилган футболчиларни ҳам йиғинимизга жалб қилгандим. Уларнинг ичида ҳам иқтидорлилари бор. Кейинги сафар Суперлига ва про-лига жамоаларидан бир қатор истеъдодли ёшларни ҳам жалб қиламиз. Ўз клубларининг асосий таркибларига кира олмаган йигитларни жамоамизга чақирамиз. Ўша олимпия терма жамоасига номзод ўйинчиларни янги ташкил этилаётган “Олимпик” клубига ҳам таклиф этамиз.

“Олимпик”да натижа устивор вазифами ёки...

- Биринчи вазифа йигитларни тайёрлаш, ўйин амалиётига эга бўлишини таъминлаш, Олимпиада мусобақасига ҳозирлаш, қолаверса, бу ёшдаги футболчиларнинг ораларида кейинчалик миллий термага ҳам номзодлари бўлади. Булар келажакда миллий терма жамоамиз даражасига чиқади, деб умид қиламан. Чунки ёшларни нафақат Олимпиада мусобақасига, балки миллий термамизга ҳам параллел равишда тайёрлаб боряпмиз. Бундан фақат футболимиз ютади. Ўзбекистон олимпия қўмитаси раҳбарияти томонидан “Олимпик” жамоамизга яхши шароитлар яратиб бериляпти. Балки жамоамиздан кимдир ўзини кўрсатса, эртага Суперлиганинг бошқа клублари жалб қилиши мумкин ва биз ўрнига бошқаларини тортамиз. Кўп жабҳаларда йигитларни профессионал даражада тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Терма жамоада алоҳида йиғинлар бўлади ва янги футболчиларни ҳам кўздан кечираман. “Олимпик”дан ҳам иқтидорлиларини қўшиб, барчасини кўз олдимда тайёрлаб бораман. Шу билан бирга “Олимпик”да ҳам футболчилар ҳар куни ихтиёримда бўлади. Янги мавсумни “Жар” стадионида ўтказадиган бўляпмиз. Бизга ҳар томонлама шароит яратиляпти. Йигитларни албатта яхши савияга олиб чиқа оламиз.

Нега “Олимпик”да ишлашга рози бўлгани тўғрисида

- Менга клублардан ҳам таклифлар бор эди. Лекин терма жамоаларимиз олдида муҳим мусобақалар турибди. Менга айтилган янги таклифни эса рад қилмасдан “Олимпик”да ишлашга рози бўлдим. Чунки бу терма жамоаларимизга йигитларни тайёрлаб бориш учун яхши пойдевор бўлади. Бундан терма жамоаларимиз ҳам ютади. Барибир Олимпиада мусобақасига тайёргарликни давом эттирамиз. Қўлимдан келганича ўйинчиларни янада кучлироқ қилиш учун замин яратмоқчиман.

тимур

Жасур Жалолиддинов хусусида

- Агентлар Жалолиддиновга қаердан клуб қидиришаётганини билмайман. Лекин юз берган олдинги вазиятдан керакли хулосаларни чиқаришади, деб ўйлайман. Жасурга ўйин амалиёти зарур. Муҳими, у мураббий хоҳлаётган жамоада бўлиши даркор. Балки керак бўлса, Ўзбекистон чемпионатига қайтса ҳам бўлади. Суперлигадаги исталган клуб Жалолиддиновни ўз сафида кўргиси келади. Чунки четдан ўзи истагандек яхши таклиф чиқмаса ўзимизда ўйнаб тургани маъқул. Агар ўйнамай турса бу унга руҳий тарафдан ҳам таъсир қилади. “Бунёдкор”да ўйнаётганида Абрамов уни миллий термага чақирган пайтлари ҳам бўлган. Жасурнинг агенти билан шартномаси бор. Эшитишимча, унга хориждан жамоа қидиришяпти. Аммо ҳалигача у шу ерда. Бу ҳам ташвишга соляпти. Ҳозир айни тайёргарлик даври. Бу сафар хато қилмасдан тўғри йўл тутишса яхши бўларди. Иқтидорли футболчини йўқотмаслигимиз лозим.   

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)