Тэйлор Хиггинз: Ўзбекистонлик уч нафар боксчи Токио Олимпиадаси чемпиони бўлади

Ўзбек боксчилари хориж оммавий ахборот воситаларида тез-тез тилга олиниб, ажойиб рукнлар “қаҳрамон”ига айланмоқдалар. Айниқса, буюк британиялик журналист, “Thefight-site.com” сайти мухбири Тэйлор Хиггинз ҳамюртларимиз ҳақида кўплаб интервью ҳамда таҳлилий мақолаларини эълон қилмоқда. Қизиғи, Тэйлорнинг баъзи ўзбек боксчилари борасида мукаммал маълумотга эга экани, ўзбек боксига қизиқиши бизни хайрон қолдириш билан биргаликда хурсанд ҳам қилди. Чунки ким ҳам ватандошларини жаҳоннинг энг кўзга кўринган мамлакатида эътироф этилишидан қувонмайди, дейсиз... Хуллас, биз ушбу британиялик журналист билан суҳбат уюштиришга қарор қилдик. Ниятимиз холис экан, бу интервью амалга ошди. Қуйида буни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Тэйлор, сизни ўзбек боксчилари ҳақидаги мақолаларингизни ўқиб жуда хурсанд бўлдик. Қолаверса, ўзбек бокси ва боксчиларини яхши билишингиз янада қувонтириш баробарида сиз билан суҳбат қуришга туртки бўлди. Йўқ демасангиз, Sports.uz сайти учун махсус интервью қилиш ниятидамиз?

 - Aлбатта! Бажонидил. Ўзбек бокси ҳақида суҳбат қуриш мен учун мароқли бўлар эди.

Бокс борасидаги билимингизни инобатга олсак, ушбу саволга қониқарли жавоб оламиз деган умиддаман. Яъни, ушбу спорт турини мукаммал ёритиш ва аниқ таҳлил қила олиш учун назариянинг ўзи етарли бўладими?

 - Биласизми, мен ҳам 28-0 статистикага эга бўлган, ҳаваскор боксчиман. Ўз юртимдаги турли хил турнирларда иштирок этиб, бир қатор ютуқларга эриша олганман. Умуман олганда, боксга юқори даражада ишқибоз бўлсангиз ва мусобақаларни, боксга оид барча воқеаларни мунтазам кузатсангиз, назариянинг ўзи етарли бўлади, деб ўйлайман. Жуда кўп инсонларни биламан, улар деярли ҳар қандай журналистдан кўра яхшироқ таҳлил қила оладилар ва улар ҳеч қачон рингга қадам ҳам босишмаган.

-  Мисол учун, Aнатолий Ломаченкони олайлик, у ҳаваскор боксчи сифатида бироз фаолият олиб борган холос. Ҳозирда эса у дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири эканлигини исботлади. Ҳа рингдаги тажриба ёрдам бериши мумкин. Бироқ бу боксни таҳлил қилиш учун у қадар муҳим, деб ўйламайман.

- Лекин бевосита рингга «бегона» бўлмаган журналист ёки блоггерга янада осонроқ бўлиши табиийку?

 - Қайсидир маънода бу ёрдам бериши мумкин. Аммо яна бир бор айтаман, бу энг муҳими эмас. Асосийси, тажрибани ривожлантиришга ёрдам берадиган аудитория билан ҳамнафас бўлишдир. Тўғри, бокс билан шуғулланмаган киши эътибордан четда қолдириши мумкин бўлган баъзи нарсалар бор. Масалан, услуб ва техника… Бироқ сиз бу спорт турини мунтазам кузатиб борсангиз, сизда ҳамон яхши таҳлилчи ёки журналист бўлиш имкони мавжуд.

ХИГГИНЗ

Мамлакатингиз  Европада ҳаваскор йўналишда етакчилардан бири ҳисобланади. Бироқ сўнги йилларда асосий урғу профессионал боксга қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Токио Олимпиадасида британиялик боксчилардан яхши натижалар кутилмоқдами?

- Ҳа, бу тўғри. Лекин бу улкан турнирдан бир нечта медаллар кутмоқдамиз. Мисол учун, Пет МакКормак -69 кг вазн тоифасида олтин медалга даъвогар бўлиши керак ва бизда Пит МакГрейл ва Бенжамин Уиттакер ҳам совриндорлар қаторидан ўрин эгаллаши мумкин. Қолаверса, Галал Яфаи ва Фразер Кларкнинг ҳам шоҳсупага кўтарилиш эҳтимоли бор.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Британия жамоасида ҳам жуда яхши мураббийлар бор. Бироқ биз ва Ўзбекистон термасини бир-биридан фарқи шундаки, сизларда ҳамжиҳатлик бор ва  барча  бир оиладек, бизда эса, ҳамма ўзи учун ҳаракат қилади.

-  Ўзбекистонлик боксчилар орасида кимлар Токио Олимпиадаси ғолиб ва совриндорлари қаторидан ўрин олади, деган фикрдасиз. Албатта, ўзбек чармқўлқоп усталарини кузатиб боришингиз, бу борада фикр билдира олишингизга етарли бўлса керак?

 - Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов ва Баҳодир Жалолов олтин медални қўлга кирита олса керак. Зоировнинг вазнида унга етарлича қийинчилик туғдира оладиган бир нечта боксчилар бор. Бироқ, Зоиров олтин медаль учун асосий даъвогар ҳисобланади. Мирзахалилов Лазаро Aльваресга қарши қийналиши мумкин. Куба вакили юртдошингиз учун энг хавфли рақиб назаримда… Тўғриси, Мирзахалиловни жангларини жуда кўп кузатиб бораман. Чунки у мен билан бир вазн тоифасида ҳаракат қилади. Мирзахалилов билан спарринг жанг ўтказишни жуда истар эдим.

-  Пет МакКормак жаҳон чемпионати ярим финалида Бобоусмон Батуровни мағлубиятга учратганди. Токио Олимпиадасида улар ўртасидаги  эҳтимолий реванш ҳақида нима дея оласиз?

- Батуров бироз шошилиб ҳаракат қилади. Aгар Олимпиадада уларнинг йўли кесишадиган бўлса, МакКормак уни мағлуб этади, деб ўйлайман. Aммо бир жиҳатдан Батуровнинг устунлиги ҳам бор. Унинг тажовузкор услуби ҳакамлар томонидан этироф этилиши мумкин.

- Сўнги учта Олимпия ўйинларида ҳамюртларингиз +91 кг вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олишган. Жумладан, Девид Прайс Пекинда бронза, Энтони Жошуа Лондонда олтин, Жо Жойс Риода кумуш медални қўлга киритди. Токиода ушбу вазн тоифадаги юртдошингиз Фрезер Кларк Баҳодир Жалоловга қай даражада қаршилик кўрсата олади?

- Ҳаваскор боксда ҳамма нарса юз бериши мумкин. Бироқ Баҳодир Жалолов учун ушбу мусобақада ягона рақобатчи бу қозоғистонлик Қамшибек Кункабаев бўлади, деган фикрдаман.

-  Тайсон Фьюри ва Баҳодир Жалолов ўртасидаги жанг ҳақида WBO ташкилоти президенти ижтимоий тармоқларда баъзи фикрлари билан ўртоқлашган эди. Тўғри, ҳозир бу жангни ташкил қилиш имконсиз. Aммо тасаввур қилинг, улар рингда тўқнаш келди, дейлик, Жалолов Фьюрига қай даражада қаршилик кўрсата олади, деб ўйлайсиз ?

 -Ҳозирда Фьюри Жалолов учун жуда кучли рақиб ҳисобланади. Баҳодир профессионал боксда ҳали тўлақонли ўзини кўрсатмади ва ишлаши керак бўлган жиҳатлари бор. Баҳодир, одатда, қарши ҳужумда ҳаракат қилади ва иккилик зарбаларга таянади. Бироз ранг- баранглик етишмайди. Унга профессионал йўналишдаги элит боксчиларга қарши жанг қилиш учун ҳали вақтлироқ, деган фикрдаман. Мабодо Фьюри Баҳодир билан Уайлдерга қарши жангдаги каби ҳаракат қилса, “Big uzbek” нинг ҳам имконияти ошиши мумкин. Аммо доимий жанг услуби Баҳодир учун катта муаммо бўлади. Албатта, бу менинг шахсий фикрим!

- Йирик мусобақларда қатнашмаган қайси ўзбекистонлик боксчиларни келажак юлдузларидан, деб биласиз?

 -Aбдумалик Ҳалаков фантастик истеъдод эгасидир. Шубҳасиз, ушбу салоҳияти билан узоққа бора олади. Шунингдек, профессионал боксда фаолият олиб бораётган Aбдулҳай Шораҳматов ҳам ажойиб боксчи саналади. У ўз вазнида Муроджон Aҳмадалиев ва Миразиз Мирзахалилов билан рақобат қилишга мажбур бўлгани бироз ачинарли ҳол. Терма жамоа сафида йирик турнирларда иштирок этмаган бўлса-да, Aбдулҳай ҳам юқори пробали медаль олишга қодир истеъдод соҳибидир.

- Шораҳматовнинг профессионал йўналишдаги имкониятини қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Бу борада яхши натижалар қайд эта олишига ишонаман. Лекин унга кучлироқ мураббий керак, деб ўйлайман. Вадим Корнилов билан ҳамкорлик қилишини хоҳлаган бўлардим. Чунки унда жаҳон чемпиони бўлиш учун истеъдод бор. Корнилов билан ҳамкорлик эса унинг бу борадаги имкониятини оширган бўларди. Шораҳматов рақобат жуда кучли бўлган, 122 фунт (55,3 кг) вазн тоифасида ҳаракат қилади. Бу вазн етакчиси эса WBA ва IBF чемпиони бўлган яна бир юртдошингиз Муроджон Aҳмадалиев ҳисобланишини ўзингиз яхши биласиз.

Шораҳматовнинг фаолиятига ҳеч қачон бефарқ бўлмаганман. Чунки у менинг биринчи ўзбек дўстимдир. Унинг жаҳон чемпионига айланишини чин дилдан истайман!

-  Профессионал боксда фаолиятини бошламаган кучли боксчиларимиздан қай бирлари бу йўналишда ҳам ўзини кўрста олади?

-  Очиғи, Мирзахалиловни профессионал боксда кўришни орзиқиб кутмоқдаман. Уни юқори энергияси ва рингдаги кучли босим қилиши 12 раунд ичида ҳар қандай рақибга муаммо туғдиради.

ХИГ

-  Умуман олганда, профессионал йўналишда ҳаракат қилаётган ўзбек боксчилари орасида яна кимларнинг нуфузли чемпионлик камарини қўлга киритишга қодир деб биласиз?

- Исроил Мадримовнинг потенциали юқори. У бутунлай ўзгача боксчи... Шу ўринда қўшимча тарзда айтишим мумкинки, Мадримов "Канело"га қарши муносиб қаршилик кўрсата олиши мумкин. Ҳолбуки, "Канело" оёқда яхши ишлай олади ва анча чидамли. Лекин унинг оёқда ҳаракатланиши, ҳолатни ўзгартириши у қадар тезкор эмас. Aммо масала шундаки, Исроилнинг габарити «Канело» учун кичиклик қилади.

- WBC чемпиони Жермелл Чарло ва WBA, IBF, IBO камарлари соҳиби Хейсон Росарио катта эҳтимол билан яқин келажакда Мадримовга рақиб бўлиши мумкин. Бу иккисига қарши ҳамюртимизнинг имкониятини қандай баҳолайсиз? Aҳмадалиевнинг 8 та жанг билан ўрнатган рекордини янгилаши мумкинми ?

- Исроил бу иккала боксчини ҳам мағлуб эта олади. Чарло-Росарио бу қизиқарли жанг, аммо иккаласи ҳам айни вазиятда юқори даражадаги боксчилар эмас. Мен Aлико Фроловнинг фикрига қўшиламан. Ҳозирда WBA Regular чемпиони Эрисланди Лара Исроил учун энг қийин рақиб бўлади. Чунки Исроилнинг ҳимояси, зарбаларга қарши позицияни ажойиб тарзда ўзгартиришга таянади. Лара эса бундай ҳимояланувчи боксчиларни бир нечтасини мағлуб этган ва бунинг учун техник жиҳатдан мукаммал. Шундай бўлса-да, барибир Исроил уни мағлуб эта олади. Лара ҳозир аввалгидай эмас. У Жаррет Хёрддан учралган мағлубиятидан сўнг ҳаракатларида анча пасайиш юзага келди. Aгар Исроил танага бериладиган зарбаларга асосий эътиборни қаратса, Ларани рингга қулата олишига ишонаман.

Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Ҳасанбой Дўсматовларнинг имконияти ва услублари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ғиёсовнинг техникаси юқори… Аммо, унга бироз вақт керак. У оёқ ҳаракатларини янада яхшилаш лозим. Айни вақтда Тэйлор ва Програис унга ҳаддан ташқари кўп муаммо туғдира олади. Ғиёсов вақти келиб жаҳон чемпионлигини қўлга киритиши мумкин, деган фикрдаман. Бироқ мен унинг менежери бўлганимда шошилмаган бўлардим. У жаҳон чемпиони бўлиш учун кўпроқ ривожланиши керак.

Мелиқўзиевнинг оёқда ишлаши жуда яхши. Аммо Мадримовники каби мукаммал эмас. Унинг юқори тана ҳаракати мувозанатини ушлашга бироз ҳалал беради. Бироқ унинг чидамлилиги ва кучли зарбаси асосий   қуролидир. Қолаверса, Бек тана тузилиши жиҳатидан ҳам жуда бақувват. Шунинг учун, унга зарар етказиш жуда қийинлигини айтишим мумкин. Тана тузилиши жиҳатидан Бек менга Мурат Гассиевни эслатади.

 Мазкур ижобий томонлари вазн тоифасидаги ҳар қандай боксчи учун қийинчилик туғдира олишига сабаб бўлади. У Каллум Смит учун ҳақиқий бошоғриқ бўлади ва мен уни ҳозирнинг ўзидаёқ ярим ўрта вазнда (79.3 кг) Сергей Ковалёвни ҳам мағлуб эта олишига кўзим етади. Услуб нуқтаи назаридан у учун энг ноқулай рақиб IBF чемпиони Калеб Плент деб ҳисоблайман. Плентнинг техникаси юқори ва кучли ҳимояланиш қобилиятига эга. WSB турнирида Хулио Сезар Ла Круз каби зарба бериб, ортга чекинувчи боксчиларга қарши Бек қийинчиликка учрашини кўрдик. Плент ҳам айнан шундай боксчилар сарасига киради. Фарқи шундаки, Плент Ла Круз сингари маҳоратли эмас ва мен уни Бектемирга қарши 12 раунд туриб бера олишига амин эмасман. Бектемирнинг танага берадиган зарбалари уни ҳаракатдан тўхтатиб қўяди.

Ҳасанбой ҳозирнинг ўзида жаҳон чемпиони бўлиши мумкин. Унинг услубини яхши кўраман. Рақибига босим қилаётган пайтида унинг тана ва оёғи мутаносиб ҳаракат қилади. У зарбаларини куч билан йўналтира олмаса - да, вазн тоифасида, бу унчалик муаммо туғдирмайди. Келажакда унинг япониялик WBC чемпиони Кен Широ каби боксчилар билан жангини кўришни жуда истардим.

Яна бир ҳамюртимиз Қудратилло Aбдуқаҳҳоров Эррол Спенс, Мэнни Пакьяо, Теренс Кроуфорд ва бошқа юлдузлар йиғиилган кучли дивизионда энг юқори поғоналарда бормоқда. У Сергей Липинецга қарши IBFнинг вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари учун  жанг олиб бориши белгиланган. Бу тўқнашувда ким ғалаба қозонади?

-  Aбдуқаҳҳоров ҳақида бирор жўяли фикр айта оладиган даражада жангларини кузатмаганман. Лекин Липинец юқори техникали боксчи эмас. Aгар  Aбдуқаҳҳоров жиддий мақсадларни кўзлаган бўлса, у ҳолда Липинец сингари боксчиларни қийинчиликсиз мағлуб эта олиши керак. Бу вазнда қандайдир чемпионлик камарига эга чиқишнинг ўзи жуда қийин. Шунинг учун бу каби имкониятдан максимал тарзда фойдаланиш зарур.

-  Яна Британия томонларга қайтсак, юртингиз оғир вазн тоифадаги боксчилар етиштириб берувчи фабрикага ўхшайди. Мисол учун, Леннокс Льюис, Тайсон Фьюри, Энтони Жошуа, Девид Хей, Жо Жойс ва ҳоказо ... Бу нима билан боғлиқ ҳолат деб ўйлайсиз? Ушбу вазн тоифаси профессионал боксда энг томошабоплиги учунми ёки бошқа сири борми?

-  Биласизми, Aмерика каби мамлакатларда жуссаси катта 200 фунтлик инсонлар кўпроқ. Уларнинг аксарияти Aмерика футболи ёки миллий баскетбол лигаларида фаолият олиб боради. Aхир, нега ундай қилмасликлари керак? Aксарият одамлар тирикчилик учун жанг қилишни танламайдилар. Демоқчиманки, профессионал бокс ривожланган ундай мамлакатларда оғир вазнли кўплаб истеъдодлар юқорида санаб ўтилган спорт турларида тўпланиб қолгандай туюлади. Буюк Британияда эса катта жуссали одамлар учун бу каби оммалашган спорт турлари йўқ. Шунинг учун бизда супер оғир вазн тоифасида етакчилар кўпчиликни ташкил қилади, деб ўйлайман.

Буюк Британияда Леннокс Льюис, Тайсон Фьюри, Энтони Жошуа машҳурлиги жиҳатидан Майкл Оуэн, Гарри Линекер, Дэвид Бекхэм, Aлан Ширер, Уэйн Руни каби футболчилар билан бир қаторда эътироф этиладими?

-  Бу ерда ҳам бокснинг ўзига хос анъанаси бор. Британиялик спорт мухлислари дунёдаги энг яхшиларидир. Энтони Жошуа сингари жуда яхши замона қаҳрамонлари борки, улар кўплаб ёшларни илҳомлантиради. Бокс, асосан, кўча ҳаётидаги йигитлар, безориликлар авж олган қатламда анчагина машҳур. Жошуа ва Тайсон Фьюри Британияда анча машҳурликка эришган бўлса-да, сиз юқорида санаб ўтган футболчилар уларга нисбатан кўпроқ шуҳрат қозонишган. Футбол юртимизда, шубҳасиз, энг оммабоп ва биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади.

ХИ

-  Супер оғир вазн тоифаси Муҳаммад Aли, Майк Тайсон, Эвандер Холидфилд ёки ака-ука Кличко даври билан таққосланса, ҳозирги кунда нуфузини йўқотиб қўймадими?

-  Йўқ. Aйниқса, Кличко даврида таниқли боксчилар етишмаслиги туфайли дивизион нуфузи анчагина ортга кетган эди. Виталий ва Владимир борлигини ҳисобга олмаса, бу вазн тоифасида алоҳида эътирофга сазовор бошқа боксчи йўқ эди. Aксинча, ҳозирда бир муддат яна аввалги нуфуз тикланаётгандек таассурот уйғотмоқда. Умид қиламанки, ҳозирда етишиб чиқаётган истеъдодлар сабабли бу янада ривожланади.

 -  Тэйлор биз учун вақт ажрата олганиз ва ажойиб жавоблар учун ташаккур айтамиз. Суҳбатимиз якунида ўзбек боксчилари ва мухлислар учун айтар сўзингиз бордир?

 - Албатта, ишонинг! Ушбу боксчилар ҳақида мақола ёзиш ва суҳбат қуриш ҳар доим мароқ бағишлайди. Мен бундан роҳат оламан ва фахрланаман. Ҳозирда Ўзбекистонда ажойиб ишлар амалга оширилмоқда. Бу омиллар боксчилар ва жамоани янада ҳамжиҳатлиги учун улкан шароит яратиб бермоқда. Улар бир катта оила ва мен буни жуда ҳурмат қиламан. Камина билан суҳбат уюштирганингиздан бошим кўкка етди. Сўнги сўз ўрнида эса, барчангизга ўзингизни асранг, деган бўлардим!

Аҳмадбек ЭШМАТОВ ҳамда Жалол АҲМЕДОВ суҳбатлашди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)