Термамизга европалик мураббий кераклиги,

Яқинда Бангладеш чемпионатида ўйнаб қайтган ҳамюртларимиздан бири Отабек Валижонов билан у ердаги фаолияти ҳақида гаплашиб қолдик. Илгари “Андижон”да ўйнагани сабабли собиқ клубининг бугунги ҳолатини кўриб ачинаётганини, лекин яхши савиядаги мутахассис борлигини ва у жамоани Суперлигада олиб қолишга кафолат бераётгани ҳақида айтиб қолди.

Валижонов юқори баҳо берган мураббий асли эронлик, ўзи Германия фуқароси ҳисобланадиган Ризо Паркаш экан. Шундан сўнг ушбу мураббийга қизиқишимиз ортди. Чунки у инглиз ва рус тилларида ҳам яхши сўзлаша олишини билдик. Қизиғи, Ризо Паркаш Ўзбекистон чемпионати, умуман футболимизни кузатиб бориши ва бу борада етарлича тасаввурга эгалиги ойдинлашди. Ҳар ҳолда хорижлик мутахассиснинг футболимиз ҳақида билдирадиган муносабатлари ҳам биз учун қизиқ эди.

Интернет орқали Ризо Паркаш ҳақидаги маълумотларни қидирганимизда у бир қатор яхши савиядаги клубларда ишлагани маълум бўлди. Фаолияти давомида Эрон, Уммон, БАА ва Германияда ишлаган. Шунингдек, БАА U-17 терма жамоасида ҳам меҳнат қилганини айтиш лозим. Хуллас, кўпни кўрган мутахассис билан боғланиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

-  Бангладешда ўйнаган футболчиларимиз сиз ҳақингизда илиқ фикрларни билдиришмоқда. Қизиқ, сиздек мутахассис қайси шамоллар учириб бу чемпионатда пайдо бўлиб қолдингиз?

-  Салом, улар мендаги мураббийлик сифатини кўрдилар. Ҳамма менинг қандай лаёқатга эгалигимни кўрди. “Бразерс Юнион” раҳбарияти шу боисдан ҳам менга таклиф билан чиққанди. Мен профессионал мураббийман. Мутахассислигим туфайли турли жойларда ишлашимга тўғри келади. Шу вақт мобайнида етарлича тажриба тўплай олдим, деб ҳисоблайман. Улар мени яхши қабул қилишди. Айтишим керакки, қаерда ишламайин, клуб, унинг мухлислари ва раҳбарлари ишончини қозониш пайида бўламан. Ўз ишимни ёқтираман. Шу сабаб қўл остимдаги ўйинчилар билан худди ака укасига муносабат қилгандек бўламан. Мендаги иш сифатини кўрганлар ишонишди ва Бангладеш терма жамоасида ҳам фаолият юритиш таклифини билдиришди. Бу жуда юқори чорлов. Мавсум ниҳоясига етганидан кейин Бангладеш миллий терма жамоасини қабул қиламан. Ўзим тўғримда гапирадиган бўлсам, Германия фуқаросиман, ёшим 52 да. Оилам бор, икки нафар қизимни вояга етказяпман. Мен мураббий сифатида ишлаш учун барча лицензиялар – “В”, “С”, “А”, “ПРО” ҳаммасини олганман. Бундан ташқари, Германияда муҳандис бўлиб ишлаш имконини берувчи олий таълимни олганман. Электроника соҳасида ҳам бемалол ишлашга лаёқатим етади. Боя айтганимдек, турли жойларда ишладим. Жумладан, Саудия Арабистони, БААда фаолият юритдим. Бир қатор клубларни бошқардим. Уммонда ҳам ишлаб ўзимни кўрсатдим. Бу менинг хориждаги учинчи иш жойим ҳисобланарди. Бошқарувимдаги жамоа 2-дивизионда ғолиб чиқиб, олий – премьер-лигага чиққан. Германиянинг ўзида ҳам учта турли клубда ишладим. Тўғри, элитада фаолият юритиш насиб этгани йўқ. Қолаверса, Эронда ҳам фаолият кўрсатдим. Умуман айтганда, турли мамлакатларда ишлаш борасида менда яхши тажриба тўпланган. Шунинг учун ҳам бўлса керак, ҳозиргача турли клублардан таклифлар олиб тураман. Амирликларда ишлаб юрган кезларимда академияда иккита турли клубда фаолият юритишга ҳам таклиф қилишган. Улар билан беш йиллик битим имзолагандим. Ўз ишимни ҳаддан ташқари ёқтираман. Мендаги иштиёқ ёшим ўтиб борганига қарамай, ҳамон жўшқин. Қаерда ишламай, чин дилдан вазифамни бажаришга ҳаракат қиламан. Бундан бошқача ишлашга кўникмаганман. Айтишим керакки, иш асносида мен учун интизом биринчи ўринда туради. Ўз ўрнида, бундай талабчанлик клублар раҳбарларига ҳам ёқади. Шу боисдан ҳам ўзим ишлаган ҳар бир жамоада икки-уч ойдан кейиноқ кетиб қолмаганман. Аксинча, раҳбарлар бошлаган ишимни охирига етказиб қўйишимга имкон ҳавола қилишган.

ризо6

-  Ўзбекистон чемпионатини тез-тез кузатиб борасизми? Агар шундай қилаётган бўлсангиз, биринчилигимизнинг плюс ва минус томонларини айтиб бера оласизми?

-  Албатта, мураббий сифатида турли лигаларда нималар юз бераётганини кузатиб бораман. Араб давлатларида анча вақт ишлаганим боис кўпроқ шу диёрлардаги биринчиликларни кузатишга ҳаракат қиламан. Осиё – жуда сержило қитъа. Саудия Арабистони, Тожикистон, Ўзбекистон, Эрон, БАА, Қатар, Индонезия, Малайзия лигаларини кузатаман. Дарҳақиқат, ўзбек лигасини бундан уч кун олдин ҳам кузатдим. “Андижон” – “Локомотив” ўйинини томоша қилдим. “Пахтакор” иштирокидаги ўйинларга бефарқ эмасман. Мен кузатган лигалар орасида ўзбек биринчилигини энг кучлиларидан бири, деб ҳисобласам, буни муболағага йўйманг. Суперлигангизда техник-тактик услубдан ташқари жисмоний кучга таянган ҳолда ҳам ўйин олиб боришади. Шунинг ҳисобига учрашувлар сифати анча юқори. БААда ишлаб юрганимда ўзбек футболчиси – Азиз Ҳайдаровни кузатганман. У “Ал-Шабаб” клубида жуда яхши тўп сурган. Бежизга Ҳайдаровни жамоа сардори этиб тайинламагандилар. Саудия Арабистонида ва Эроннинг “Истиқлол” клубида ўйнаган Сервер Жепаровни ҳам яхши билардим. У жуда яхши плеймейкер эди. Қолаверса, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинлари чемпиони бўлганидан хабарим бор. Менда яхши таассурот қолдирган. Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин юртингизда бир-иккита кучли клублар бор эди. Шунинг баробарида футболингизни ўзига хос услубини яратиш вазифаси ҳам турган. 1994 йилги Осиё ўйинларидаги ғалаба мана шу услубнинг самараси бўлган дея оламан. Устига-устак, ўша кезларда термангизни кучли мураббийлар бошқаришган. Аммо кейинчалик футболингизда бироз пастга шўнғиш кузатилса-да, миллий термангиз жаҳон чемпионати йўлланмалари учун доим охиригача курашяпти. Термангизда 2014 ва 2018 йиллардаги мундиалга бориш учун яхши имконият юзага келганди. Осиё лигаларини кузатар эканман, юртингиз футболи байроқдори ҳисобланадиган “Пахтакор”да Осиёда ҳам ғолиб чиқиш имкони юқорилигига ишонаман. Умуман, ўзбек ўйинчилари шу пайтгача хориж чемпионатларида ҳам ўзларидан ёмон таассурот қолдирмасдан келмоқда. Юқорида айтганимдек, улар Саудия Арабистони ва бошқа лигаларда яхши тўп суришди. Телевизор ёки радио орқали Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни кузатар, эшитар эканман, юртингизда футболни жуда севишларига ҳам беихтиёр амин бўламан. Ўйлайманки, бир кун терма жамоангиз орзусига эришиб, жаҳон чемпионатига чиқади. Бунинг учун астойдил тер тўкиш керак. Мураббий сифатида Ўзбекистон чемпионатини қитъада етакчилар қаторида эътироф этишим мумкин.

-  Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқиши учун қандай йўл тутиши керак?

-  Ўзбекистон терма жамоаси дарҳақиқат қитъадаги кучлилардан биридир. Мен унинг “ЖЧ-2022” саралаш босқичи “D” гуруҳидаги ўйинларини кузатяпман. Тўғрисини айтсам, термангизнинг қандай қилиб Фаластинга ютқазиб қўйганидан ҳайрон қолганман. Бу сенсацион натижалар сирасига киради. Саудия Арабистони билан Ўзбекистонни гуруҳ фаворити сифатида айтишим мумкин. Эҳтимол, термангиз Саудияга қарши жавоб ўйинида ғалаба қозониб, дастлабкисидаги мағлубият аламини олар. Бунинг учун фақат яхши ўйнаш, руҳиятни туширмаслик керак. Биласизми, Ўзбекистон терма жамоасининг Саудияга қарши Тошкентдаги ўйинини кузатганман. Энг ачинарлиси, сўнгги паллада омад сизлардан юз ўгириб дарвозангиздан учинчи голни ўтказиб юборгандинглар. Умуман айтганда, ўйинчиларингиздаги даража, сифат чакки эмас. Термангизга Европа футболи нафасини биладиган мураббий қандайдир вазифа учун таклиф қилинса ҳам ёмон бўлмасди. Чунки хорижлик мутахассисларнинг бундай паллада албатта ёрдами тегмасдан қолмайди. Терма жамоа миқёсида гапирадиган бўлсак, футболчилари асосан хориж лигаларида тўп сурадиганлари доим етакчи ўринларда бўлишади. Биламан, Ўзбекистон термасида легионер мақомидаги ўйинчилар топилади. Лекин уларнинг умумий сони унчалик кўп эмас. Легионер мақомидаги футболчиларнинг бундай пайтда албатта фойдаси тегмасдан қолмайди.

ризо3

 -  Бизнинг Суперлигадан таклиф оладиган бўлсангиз, ишлашга тайёрмисиз?

-  Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай мураббий кучли чемпионатларда ишлашни истайди. Албатта, ўзбек Суперлигасини ҳам шу мақомга мос биринчилик, деб ўйлайман. Агар юртингиздаги етакчи клублардан таклифлар келиб тушса, буни кўриб чиқишим тайин. Ўзбек маданияти тожик ва форс маданиятига ўхшаб кетади. Осиёликларни яхши билганим боис шундай деяпман. Бекорга рус тилини ўзлаштирмаганман. Агар Ўзбекистон Суперлигасидан таклиф келиб тушса рус тилини билишим менга қўл келиши аниқ. Ўз тажрибам ва билимим билан ўзбек футбол клубларидан бирига фойдам тега олишига ишончим комил. Мақтаниш эмасу, қаерда ишламай, албатта бошқарувимдаги клубда ижобий томонга ўзгаришларни амалга ошириб келаман. Чунки мен ўзимнинг билим ва тажрибамга ишонаман.

-  Айни пайтда Қатарда ўтказилаётган Осиё Чемпионлар лигасини ҳам кузатиб бораётган бўлсангиз керак. “Пахтакор”нинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

-  Пахтакор” жой олган гуруҳ ҳақида гапирадиган бўлсам, шуни айтишим керакки, клубингизда плей-оффга чиқиш учун яхши имконият бор. “Пахтакор” учун асосий рақиб “Ал-Ҳилол” ҳисобланади. Шу гуруҳ ўйинлари видеоёзувларини кўриб чиқиб амин бўлдимки, “Пахтакор” “Шабаб Ал-Аҳли” ва Эроннинг “Шаҳр Ходро” клубларидан кучлироқ. Эшитишимча, Азиз Ғаниев яқинда “Шабаб Ал-Аҳли” клубига кўчиб ўтган. Бу эса ўзбек ўйинчиларининг савияси бошқаларникидан қолишмаслигининг яна бир исботидир. “Пахтакор”нинг Суперлигадаги ўйинларини ҳам кузатиб шунга амин бўлдимки, клуб бошқалардан анча кучайиб кетган. Менда Игорь Сергеев яхши таассурот қолдирди. Унда фаолиятини хориждаги чемпионатлардан бирида давом эттириш учун яхши имконият бор, деб ўйлайман.

-  Сиз Эрон ва Германия фуқаросисиз. Бироқ инглиз ва рус тилларини ҳам яхши биласиз. Бу тилларни ўрганишга сизни нима руҳлантирган?

-  Рус тилини Украинада ўқиб юрган кезларимда ўрганганман. Бундан ташқари, араб давлатларида кўп вақт ишлаганим боис араб тилидан ҳам етарлича хабарим бор. Қолаверса, форс тилидан ҳам хабардорман. Умуман айтганда, жами бешта тилни биламан. Менда шундай одат бор, хорижда ишлаш таклифини олар эканман, дарҳол ўзим борадиган мамлакат тилини ўрганиш ҳаракатига тушиб қоламан. Жумладан, бошқарувимдаги жамоада тўп сурадиган маҳаллий футболчилар билан кўпроқ мулоқот қилиб шу тилни ўрганишни истайман. Иложи борича таржимон хизматидан камроқ фойдаланиш менинг тамойилларимдан бири саналади. Чунки таржимон сиздаги фикрни тўлиқ етказиб бера олмаслиги мумкин. Негаки, бундай пайтда ўйинчилар ва мураббий ўртасида тил билан боғлиқ кўприк қолмайди. Маҳаллий ўйинчиларнинг она тилида гаплашиш орқали улардаги кайфият, кечинмаларни бемалол тушуниш мумкин. Агар насиб қилиб, ўзбек чемпионатида ишлайдиган бўлсам, миллий тилингизни ҳам ўрганишга киришаман. Бунинг учун менга икки-уч ой кифоя қилади. Шу вақт ичида хориж тилини анча ўрганиб оламан. Ўз навбатида хорижлик мутахассиснинг маҳаллий футболчи билан шу тилда гаплашиши унга дарҳол ёқиб қолиши аниқ. Бундай паллада футболчининг мураббийга бўлган ҳурмати янада ортади. Мураббий билан маҳаллий ўйинчилар орасидаги дўстлик риштаси шу йўл орқали янада мустаҳкамланади. Албатта, ўзимни ғайритабиий заковат соҳиби дея олмайман. Аммо менга хориж тилларини ўрганиш ёқади. Кейинчалик режаларимда ўзбек ва испан тилларини ҳам ўрганиш бор. Эҳтимол, фурсати етиб ҳинд тилини ҳам ўзлаштиришга киришарман. Турли тилларни ўрганиш менинг севимли машғулотларимдан бири ҳисобланади.

ризо2

-  Эшитишимча, чемпионатимизда ғалабасиз бораётган “Андижон”ни бошқарадиган бўлсангиз, уни Суперлигада олиб қолишга кафолат берибсиз. Бу ишни қандай амалга оширмоқчисиз?

-  Мен ўзимнинг мураббийлик салоҳиятимга ишонаман. Акс ҳолда бундай гапни айтмаган бўлардим. Ўйинчиларнинг кўнглига иложи борича тезроқ йўл топишга ҳаракат қиламан. Агар “Андижон”да ишлайдиган бўлсам, қисқа вақт оралиғида кўп нарсани ўзгартира олишимга ақлим етади. Аввало, ўйинчилардаги хадиксирашни бартараф этиш керак. Мен буни клубнинг “Локомотив”га қарши ўтказган ўйинида сездим. Тактик жиҳатдан “Андижон” ёмон тайёргарлик кўрмаган. Лекин жамоа айни пайтда мусобақа жадвалида энг охирги ўринни эгаллаб тургани боис ўйинчиларда саросима ва хадиксираш жуда кучайиб кетган. Лекин вазиятни ижобий томонга ўзгартирса бўлади. Бунинг учун клуб бир-иккита ўйинни ютадиган бўлса, ўз-ўздиан 8 ёки 9-ўринга кўтарилиб олади. Чунки аутсайдерлардан бири бўлиб турган “Бухоро” билан ҳам ўртадаги очколар фарқи унчалик катта эмас. Бир сўз билан айтганда, иложсиз ишнинг ўзи йўқ. Тўғри, футболда олдиндан бирор нарсани тўлиқ кафолатлаб бўлмайди. Чунки футбол тасодифларга бой бўлган ўйиндир. Унда исталган дақиқа ёки сонияда кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. Эҳтимол, юқоридаги гапларимдан мени мақтанчоқ одамдек тасаввур қила бошлаган бўлсангиз ажаб эмас. Аммо ўз савиямни, тажрибамни яхши биламан. Ихтиёримдаги клуб мана шундай вазиятда қолган паллаларда футболчилар билан тил топиша олишимга бир неча бор амин бўлганман. Агар “Андижон” яқин бир қанча ўйинларни яхши натижалар билан тамомлай олса, ҳаммаси тубдан ўзгариб кетиши тайин. Клубда чемпионатни мусобақа жадвалининг ўрта поғоналарида якунлаш имкони туғилади. “Андижон”да яхши ярим ҳимоячилар борлигини кўрдим. Фақат ўйинчилар баҳс давомида тезроқ ўйлашни ўргансалар бўлгани. Айни пайтда клуб жуда тиғиз тақвим туфайли мураккаб вазиятга тушиб қолган. Яқин уч-тўртта ўйинда яхши натижалар қайд этилмас экан, ҳаммаси тамом бўлиши аниқ. Ўйинчиларини ишонтириш керак. Фақат футболчиларнинг миясини тозалаб, уларга ўзларига бўлган ишончни қайтариш мумкин бўлади. Боз устига “Бухоро” билан ўртадаги фарқ атига икки очкони ташкил этяпти экан, яқин ўйинни клуб ғалаба билан тамомласа яхши томонга ўзгариш кузатилишга тушади. Футболда кўп нарса руҳият ва моддий масалага боғлиқлигини унутмаслик керак.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Дилшод Даврлнов
20/09/2020 09:32
Тугри Олдингдан окан сувнинг кадри йук деб Шунга аетса керак
Мухуддин Курбанмурадов
19/09/2020 20:59
Долбаевлар кутингга урасанми хорижлик мутахасисни, отни калласидай пулни олиб кетаяпти, натижа хуй. Миржалол Косимовдай тренер борку узимизда, ягона вариант, нимага узимизникини езмайсилар. Качонгача четни хуроз кандига епишасилар. Пулинг куп булса халкка бер корни оч халкни.

Минбар

Барча блоглар