Тақдир ҳазили ёхуд Виктор Кумиковнинг

Яқинда хабар берганимиздек, россиялик тажрибали мутахассис Виктор Кумиков “Андижон” клубини бошқаришга рози бўлди. Унинг бундай танловидан эса ҳайрон қолганлар ҳам ёки вазиятга одатий ҳол сифатида қараганлар ҳам бўлди.

Охирги мавсумларда барқарор ўйин кўрсатиши қийин кечаётган жамоанинг бош мураббий танлашда омади чопди, деяётганлар ҳам топилади. Балки, энди клуб Кумиков бошчилигида рақобатбардош жамоага айланар, албатта буни вақт кўрсатади.

Яқинда сайтимиз орқали Виктор Балютовичнинг бош мураббий этиб тайинланиши юзасидан “Андижон” клуби вице-президентининг муносабати билдирилганди. Аммо расман ишга киришган бош мураббий воқеалар ривожи қай даражада кечгани борасида ҳали жиддий бир гап айтмаганди. Янги клубига эга бўлгани боис Кумиковга берадиган саволларимиз кўп эди. Шу сабабли Виктор Балютович Sports.uz сайти учун “Андижон”  билан боғлиқ дастлабки катта интервью берди. 

-  Салом Виктор Балютович! Сизни “Андижон” клубининг бош мураббийи этиб тайинланганингиз билан табриклайман. Шуниси диққатга сазоворки, бундай тайинланув туғилган кунингизда юз берди. Айтинг-чи, бу ҳам тақдирнинг ўзига хос туҳфаси, деб ўйлайсизми?

-  Табрик учун раҳмат. Аммо дабдурустдан бир нарса дейиш амримаҳол. Ҳаммаси мавсум охирига борганда кўринади ва натижага биноан сарҳисоб қилиб олиш мумкин.

-  Клубга тайинланганингиздан сўнг ишни нимадан бошладингиз?

-  Ҳозирча махсус дастур асосида ишлаяпмиз холос. Ахир карантин шуни тақозо этади. Ҳозирча нолишга ҳожат йўқ. Ҳаммаси жойида. Асосийси, ишни бошлаб олдик.

кумиков7

-  “Андижон” таклифини қабул қилишингизда сизга нима ёки кимдир ўзига хос таъсир кўрсатдими?

-  Биласизми, Ўзбекистонга келганимдан сўнг, карантин бошланиб қолгани туфайли шу ерда қолиб кетдим. Афтидан, бу ҳам тақдирнинг қандайдир туҳфаси бўлса керак. Қолаверса, бунга қадар андижонлик журналистга берган интервьюда билдирган фикрларим амалда ҳам ўз тасдиғини топган кўринади.

-  Сиз билан ўша суҳбатни уюштирган журналист ўзим эдим...

-  Сизнинг ўша мақолангиз туфайли ҳаммаси шундай тус олганидан хурсандман. Бундан барча андижонлик ишқибозлар ҳам хабардор. Барибир ҳам вазият тақозоси билан ортимга қайта олмасдим. Боз устига қаршимда танлаш имконияти унчалик кўп эмасди. Умид қиламанки, тақдир туҳфаси туфайли “Андижон” клубидаги ишларимиз омадли кечади.

-  Карантин туфайли Янгиерда қолиб кетдингиз. Агар вазият бундай тус олмаган тақдирда Россияга қайтиб кетишингиз тайин эди. Буни ҳам тақдирнинг ўзига хос совғаси сифатида қабул қилдингизми? Балки Ўзбекистонга ишлаш мақсадида ташриф буюрганмидингиз?..

-  Саволингизнинг дастлабки бандларида жон бор. Карантин туфайли ортга қайта олмаслигим аниқ бўлиб қолганди. Карантинда ҳаммаси инсоннинг истак-хоҳишларига нисбатан ҳолат юз беравермайди. Чунки киши борки, эркинликни истайди. Аммо бундай чекловларнинг ҳам ўзига яраша фойдали томонлари борки, буни истисно қилиб бўлмайди. Дарҳақиқат, мана шундай ҳолат сабаб фаолиятимни бундан кейин ҳам Ўзбекистонда давом эттириш имкониятига эга бўлиб турибман.

кумиков_2

-  Афтидан, “Андижон” клуби ҳақида маълумотлар йиғишни бошлаб юборган бўлсангиз керак?..

-  Гапингиз рост, ҳозирча фақат асосан маълумотлар тўплаш билан кўпроқ банд бўляпмиз. Айни чоғда менда аниқ бир режа йўқ. Негаки, клубга бош мураббий этиб тайинланганимдан бери фақат изланиш ва ўрганиш билан машғул бўлишимга тўғри келмоқда. Вазият шуни тақозо этмоқда. Карантин ниҳоясига етсин, ўшанда сизга бу масалада исталган саволингизга жавоб қайтара оладиган даражада маълумотларга эга бўламан, деб ўйлайман.

-  Демак, ҳозирча фақат танишув жараёни кетяпти эканда...

-  Ҳа, шундай.

-  Раҳбарият билан жамоани бошқариш масаласидаги музокаралар қандай кечди? Афтидан, мутасаддилар “Андижон” олдига муайян бир вазифаларни қўйган бўлсалар керак?

-  Раҳбарият жамоанинг 7-ўриндан пастга тушиб кетмаган ҳолда мавсумни ниҳоясига етказиш борасида вазифаларни қўйди. Мен буни амалга ошириш мумкин бўлган вазифа, деб ҳисоблайман.

кумиков4_1

-  Демак, бунга ўзингиз ҳам ҳозирдан ишона бошлабсиз-да...

-  Ҳа, бунга “Андижон” ижросидаги бир қанча видеоёзувларни томоша қилиш асносида келдим. Жамоа жанговор характерга эга эканлигини намойиш этмоқда. Шундай экан, чемпионатни 7-ўриндан паст бўлмаган поғонада якунлашнинг иложи бор, деб ўйлайман. Кейинчалик насиб қилса, бундан ҳам юқорироқ ўринлар учун курашга киришамиз. Клубнинг истиқболи борлигига ишонаман.

-  Агар сир бўлмаса, “Андижон” ижросидаги айнан қайси ўйин сизга кўпроқ манзур бўлди?

-  Менга Қаршидаги учрашувдан ҳам кўра “Андижон”нинг “Навбаҳор”га қарши ўтказган ўйини кўпроқ маъқул бўлди.

-  Ўша учрашувлардан “Андижон”нинг кучли ва кучсиз томонлари ҳақида дастлабки хулосаларни чиқаришга улгурган бўлсангиз керак?

-  Кечирасизу, ҳозирдан бу ҳақидаги саволингизга тайинли жавоб айта олмайман. Қолаверса, ҳар бир ва ҳар қандай кучли клубнинг ҳам ўзига яраша ожиз ҳамда устунлик томонлари бўлади. Асосийси, “Андижон”да иш бошлашга киришар эканман, ўйиннинг қайси жабҳаларини кучайтириш борасида дастлабки хулосаларга эгаман.

кумиков6

-  Жамоани бошқаришда мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беради?

-  Менга бу масалада Диёр Мирзабоев, шунингдек, “Шахтёр” ва АГМКда кўмаклашган мутахассилар – ўз вақтида ўйинчи сифатида Россия чемпиони бўлган Олег Корниенко билан Роман Узденов ёрдам беришади. Узденов футболчилик даврида Россия ва Қозоғистон клубларида тўп сурган. У менга ассистент сифатида ёрдамлашади.

-  Ёрдамчиларингиз сизга янги иш жойингизда кўмаклашишни бошлаб юборишдими?

-  Йўқ, чунки карантин туфайли улар бу ерга учиб кела олмадилар. Карантин ниҳоясига етганидан сўнг штабимдаги ёрдамчилар билан биргаликда ишга киришамиз. Ҳозирча эса мен асосан Диёр билан бирга иш олиб боряпман.

-  Дарвозабонлар мураббийи сифатида Қобил Олимжонов ишлашда давом этаверадими?

-  Бу борада аниқ жавобни айта олмайман. Бунинг учун раҳбарият билан ҳаммасини келишиб, муҳокама қилиб олишим керак бўлади. Агар ҳаммаси яхши кетса, у ўз вазифасини бажаришда давом этаверади.

кумиков5_1

-  Табиийки, “Андижон” билан биринчи давранинг охирига қадар Александр Хомяков томонидан тузилган таркибдан фойдаланган ҳолда ишлашингизга тўғри келади. Албатта, ҳар бир мураббий ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда таркибга футболчиларни жалб этишни хоҳлайди. Бу билан нимага ишора қилмоқчи эканлигимни ўзингиз ҳам тушуниб турган бўлсангиз керак?

-  Бунинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ. Қолаверса, тажрибамда бундай вазиятлар олдин ҳам етарлича кузатилган. Чунки мураббийлик ишимда у ёки бу жамоани мавсум ўртасида ё охирида қабул қилишимга ва олдинги ҳамкасбим танлаган футболчилар билан ишни якунига етказишимга тўғри келган ҳолатлар учраган. Шундай экан, бундан хавотирга тушмайман. “Андижон”даги вазият олдингиларига нисбатан таққосланса, бир мунча яхши. Чунки чемпионат бошланиб, атиги учта тур учрашувлари ўтказилган холос. Агар барчамиз енг шимариб ишга киришадиган бўлсак, натижалар ҳам муносиб кўриниш олиши тайин. Боз устига “Андижон” иштирокидаги учрашувларнинг видеоёзувини томоша қилиш асносида таркибдаги ўйинчиларнинг ҳақиқий меҳнетсевар йигитлар эканлигига амин бўлдим.

-  “Насаф”, “Машъал” ва АГМКдан сўнг “Андижон” сиз учун Ўзбекистонда бошқарган тўртинчи жамоа бўлади. Андижонлик мухлислар сизни тажрибали мураббий сифатида биладилар. Бу борада ўзингиз қандай фикр билдирган бўлардингиз?

-  Нима ҳам дейишим мумкин, агар ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлар эканмиз, натижалар яхши кўриниш ҳосил қилади ва бундан жамоа ишқибозлари хурсанд бўладилар. Шундан умид қилган ҳолда ишга киришмоқчимиз. Билсангиз керак, ўз вақтида “Машъал” ва “Насаф”нинг мухлислари биз олиб борган ишлардан кўнгиллари тўлганди. Мана шундай ҳолатнинг “Андижон”да ҳам давом этишидан умид қилиб қоламиз. Муҳими, андижонликлар футболни севишади. Мухлисларнинг далдаси билан жамоа яхши натижаларни қайд эта олади, деб ўйлайман.

-  Андижон вилоятининг ҳокими учун жамоа ўзига хос аҳамият касб этади. Бундай ҳолат сизни эҳтиёткорлик билан ишлашга мажбур этиши мумкинми?..

-  Буни билмайман. Чунки ҳоким билан ҳали юзма-юз учрашиб, гаплашганимча йўқ. Андижонга етиб келганимдан кейингина бу борада ҳаммасини бафуржа, бамаслаҳат гаплашиб олишимиз мумкин бўлади.

кумиков2_2

-  “Андижон” клуби таркибидаги ўйинчилардан қайсиларини яқиндан биласиз?

-  Мен ҳаммасидан кўра Қаҳрамон Баҳодировни яхшироқ биламан холос. Чунки у “Машъал”да ҳам, АГМКда ҳам қўл остимда тўп сурган. Қолган йигитларни эса унчалик билмайман. Улар билан энди-энди танишишни бошладим холос.

-  Андижонга қачон келасиз?

-  Ўйинларни ўтказишга рухсат берилган заҳоти Андижонга учиб борамиз. Айтишларига қараганда, базада таъмирлаш ишлари кетаётган экан. Ўйинларни бошлашга рухсат берилгунча бундай ишлар ниҳоясига етади деб ўйлайман. Бўлмаса, учрашувларга Янгиерда ҳозирлик кўриб туришимизга тўғри келиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

-  Андижон футболи ҳақида сизда қандайдир ўзига хос тасаввур мавжудми?

-  Биласизми, илгари “Машъал”, “Насаф”ни бошқариб юрган кезларимда “Андижон” билан бир неча бор учрашишимга тўғри келган. Албатта, клуб таркиби юлдуз ўйинчилардан ташкил этилмаганди. Лекин “Андижон” чемпионатнинг ўртамиёналаридан бири саналса-да, ўзидан ёмон таассурот қолдирмаган. Бироқ охирги пайтларда “Андижон”нинг қандай ҳолатда бўлгани ҳақида у қадар билмасдим. Чунки сўнгги марта Ўзбекистонда ишлаган чоғимда “Андижон” Суперлигада эмасди. Бироқ шуниси аниқки, “Андижон” осонликча таслим бўладиган жамоалар сирасига кирмайди.

кумиков8

-  Бунга қадар собиқ клубларингиз билан “Андижон”га қарши бир неча бор ўйин ўтказгансиз. Ўша учрашувлардан қайси бири хотирангизда кўпроқ сақланиб қолган?

-  Афтидан, бу 2009 йилдаги ўйинлар бўлса керак. Чунки ўшанда “Андижон” ўзидан яхши таассурот қолдирадиган даражада ўйинлар намойиш этган. Таркибда Қайрат Ўтабоев, Жасур Нарзиқулов, Дилявер Ваниев, Виктор Клишин, Февзи Давлетов сингари ижрочилар бор эди. Ўша мавсумдаги иккала учрашувда “Андижон” менда жуда яхши таассурот қолдирганди.

-  Суперлиганинг қачондан давом эттирилиши ҳам деярли ойдинлашиб қолмоқда...

-  Чемпионат ўйинларини июнь ойининг иккинчи ҳафтасидан бошлаш яхшироқ бўларди, чамамда. Чунки карантин чекловлари қачон олиб ташланиши ҳозирча аниқ эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам учрашувлар давом эттирилиши 15-20 июндан олдин юз бермаслиги аниққа ўхшаб турибди.

-  Учрашувларнинг томошабинларсиз ўтказилиши эҳтимоли кўпроққа ўхшайди. Бу масалада нима деган бўлардингиз?

-  Бу масалани албатта мутасаддилар ҳал қилишади. Агар ўйинларни уларнинг иштироки билан давом эттириш учун муайян чоралар кўрилса учрашувларни томошабинлар кўз ўнгида ўтказишнинг гашти барибир бошқача бўлади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)