Таэквондо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати тарихда қолди

Иорданиянинг Амман шаҳрида таэквондо бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати якунига етди. Унда асосий таркиб билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалларини жамғаришга муваффақ бўлди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси. 

Вакилларимиздан ўсмирлар Олимпиадаси совриндори Улуғбек Рашитов (-55 кг) ҳамда Жасур Жайсунов (-68 кг) ўз вазн тоифаларида қитъамизда тенгсиз эканликларини исботлаган бўлсалар, Азизжон Ўктамов (-48 кг) финалда имкониятни бой бериб қўйди. Шунингдек, Абдулазиз Ҳамидуллаев (-63 кг), Марат Мавлонов (-78 кг), Феруза Содиқова (-63 кг) ҳамда Озода Собиржонова (-55 кг) шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишди.

Жами еттита медаль жамғарган терма жамоамиз якунда умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни қўлга киритди. Яна бир эътиборли томони шундаки, бу Осиё чемпионати йигитларимизнинг илк бор олтин медаль қўлга киритгани билан тарихда қолмоқда. Улуғбек Рашитов эса йигитлар ўртасида мусобақанинг энг яхши спортчиси деб топилди. Ғолиб ва совриндорларимизни яна бир бор ёдга оламиз:

Олтин:
Улуғбек Рашитов (-55 кг)
Жасур Жайсунов (-68 кг)

Кумуш:
Азизжон Ўктамов (-48 кг)

Бронза:
Абдулазиз Ҳамидуллаев (-63 кг)
Марат Мавлонов (-78 кг)
Феруза Содиқова (-63 кг)
Озода Собиржонова (-55 кг)