Тачмурод Агамуродов
Ads

Суперлига 21-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Динамо” учрашувидан кейинги меҳмонлар бош мураббийи Тачмурат Агамуродов ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати хабар берди. 

- Жамоамиз учун айни пайтда Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун ҳар бир очко қадрли. “Навбаҳор” эса совринли ўринлар учун кураш олиб бораётган клуб. Шу боис, биз мазкур баҳсда ҳимоявий ўйин намойиш этишни режалаштиргандик. Афсуски, ниятимизга етолмадик. Шундай бўлса-да, йигитларга майдонда барча имкониятларини ишга солишгани учун миннатдорчилик билдираман. “Навбаҳор”ни эса ғалаба билан табриклайман ва кейинги баҳсларда наманганликларга омад ёр бўлишини тилайман.

Ушбу жамоаларнинг биринчи даврада Самарқандда бўлиб ўтган ўйинини томоша қилдим. Ҳақиқатданам ўша баҳс жуда қизиқарли тарзда кечган экан. Бироқ, таъкидлаганимдек, биз учун ҳар очко айни пайтда “олтин”га тенг. Шу боис, Наманганда очиқ ўйин намойиш этолмасдик. Биз бу ерга очко олиш учун келгандик. Аммо ниятимизга етолмадик. Лекин ҳали ҳеч нарса йўқотилмади ҳамда “Динамо” Суперлигада “жон сақлаб қолиш” учун охиригача кураш олиб боради. Бунга жамоамизда назарий жиҳатдан имконият бор ва биз ундан максимал даражада фойдаланишга интиламиз. Шогирдларим қолган ўйинларда ҳам майдонда бугунгидек бор кучлари билан ҳаракат қилишса, олдимизга қўйилган мақсадни амалга оширамиз, деган умиддаман.

Мени “Динамо”га жамоани Суперлига олиб қолиш учун таклиф қилишган. Тўғри, жамоамиз ҳозир қийин аҳволда. Бундан ташқари, кейинги учрашувлардаги рақибларимиз ҳам анойи эмас. Лекин ёмон аскаргина генерал бўлишни орзу қилмайди. Шунинг учун ўз ниятимизни амалга ошириш учун бор имкониятимизни ишга соламиз, - деди мураббий.