Суперлига давом эттирилса, ҳафтада неча марта ўйин ўтказилади? Ёки

Мавсумнинг дастлабки уч турида уч очко тўплаган “Сурхон”да аллақачон бош мураббий ўзгарганидан хабарингиз бор. Дастлабки турдан кейиноқ жамоага фарғоналик Баҳром Ҳайдаров янги бош мураббий этиб тайинланганди. Унинг бошчилигидаги жамоа эса шундан кейин бир ғалаба ва бир мағлубият қайд этди.

Ҳамма мураббийлар қатори Ҳайдаровнинг ҳам юз берган мавжуд вазият туфайли режалари буткул ўзгариб кетгани шубҳасиз. Ҳозирда у ҳам ҳамкасблари қатори ўйинчиларини масофадан туриб бошқармоқда. Ўз навбатида термизликларнинг янги мураббийини бу борада хавотирга солаётган жиҳатлар ҳам йўқ эмас.

-  Албатта, футболчиларнинг ўйин амалиётисиз қолиб кетаётгани мураббий сифатида мени хавотирга солади, - дея гап бошлади, Ҳайдаров. - Бу ҳақида куни кеча ҳам клубдагилар билан гаплашгандик. Барибир индивидуал шуғулланиш ўзига яраша яхши эффект бермайди. Ҳеч бўлмаганда, спорт зали бўлиши керак. Аслида эса бу ҳам футбол учун етарли эмас.

Бошида йигитларга жавоб бериб юборганимиздан кейин камида бир-икки ойга футболчилар билан кўриша олмаслигимиз аниқ бўлганди. Сўнг мураббийлар штаби билан алоҳида дастур ишлаб чиқдик. Натижада ҳар бир ўйинчимизга алоҳида юкламалар берганмиз. Тўғри, уларни қандай шуғулланаётганини телефон орқали кузатиб турибмиз. Лекин, барибир футболчи ўз ишини берилиб бажармас экан, масофадан бошқариш қийин бўлиб қолаверади. Яъни, ишлар сиз ўйлагандек кўнгилдагидек чиқмайди.

Агар чемпионатнинг бошланиш санаси аниқ бўлса, 10-15 кун олдин машғулотлар ўтказиш учун ҳам рухсат берилади. Аммо бундай ҳолатга биринчи бор тушиб турибмиз. Ҳеч ким илгари бу каби вазиятга дуч келмагани учун тажриба ҳам йўқ. Ахир футбол бошланибоқ яна икки ой муддатга мажбурий дам олиш, бунақаси бўлмаган. Биз эса энди биринчи ўринда футболчиларимизнинг функционал ҳолатини, ўйин ритмини меъёрига келтириб олишимиз лозим.

Мураббийларни футболчиларининг ортиқча вазнга эга бўлиб қолишлари ҳам ташвишга солаётган бўлса ажаб эмас. Айрим мутахассислар эса вақти келиб жамоа йиғилганида ўйинчиларнинг ортиқча вазнга эга бўлиб қайтишса уларга жарима қўлланилиши мумкинлиги борасида ҳам эшитиб турибмиз. Бироқ Баҳром Ҳайдаров “Сурхон”да бундай иш қилмаслигини айтди.

-  Биласизми, бизда вазият бошқачароқ. Қўрқитиш билан мажбурлаш тўғри келмайди. Жаримани бошқа нарсаларга, айтайлик тартиб-интизомни бузишганига қўлласангиз бўлади. “Сурхон”да кўпни кўрган, тажрибали, профессионал ўйинчилар йиғилган. Шу боис улар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзларини назорат қила оладилар, деб ўйлайман.

Барибир хоҳласак-хоҳламасак ҳам айримларида ортиқча вазн кузатилиши мумкин. Бундай ҳолат илгари ўзимда ҳам кузатилган. Аммо бир ҳафта ичида футболчи машғулотларда шуғулланиб ортиқча вазндан қутулиши муаммо эмас. Айтмоқчиманки, ҳозирги шароитда футболчилар уйда минг индивидуал шуғулланишгани билан барибир ортиқча вазнга эга бўлиб қолишларининг эҳтимоли юқори. Шу боис йиғилиб, жамоадагилар билан кўришганимизда яна ҳаммасини ўз назоратимизга оламиз.

Ҳозирда асосий мавзу чемпионатнинг қачондан бошланиши бўлиб турибди. Агар мавсумни давом эттириш санаси аниқ бўлса, жамоалар бир неча кун аввал машғулотларга киришадилар. Демак, ҳамма қатори мураббийлар ҳам тезроқ жамоалари билан шуғулланишларини кутмоқдалар. Ҳайдаров эса ҳафтада неча маротаба ўйин ўтказиш мумкинлигини айтди.

-  Танишлар билан гаплашганимизда ва интернетни кузатганимизда кўп жойларда тахминан июнь ойининг 10-саналаридан чемпионатнинг бошланишига рухсат берилиши мумкин деган, гап-cўзлар юрибди, лекин ҳали ҳеч нарса тасдиқлангани йўқ, - дея мавзуни давом эттирди, “Сурхон” устози. - Агар чиндан ҳам янги ойдан мавсум давом эттириладиган бўлса, ҳафтада икки марта – чоршанба ва шанба кунлари ўйинларни ўтказиш мумкин, акс ҳолда ҳеч нимага улгурмай қоламиз.

Ёдингизда бўлса, қишки йиғинда футболчилар таътилдан қайтишгач, уларга оғир юкламалар бериларди ва ҳафтада икки марта ўйин ўтказиларди. Ўйлайманки, бу катта фожеа ҳисобланмайди. Илгари бир ярим ойча дам олардик ва кейин машғулотларга киришардик. Ҳозир ҳам деярли шунга ўхшаш ҳолатдамиз. Менимча, машғулотларга рухсат беришса дастлаб Тошкентда тўпланишни режалаштириб турибмиз.

 “Сурхон” бу йил катта марралар сари курашга киришганди. Жамоа олдига кучли учликдан жой олиш вазифаси қўйилгани ўйлаймизки, фикримизни тўла-тўкис исботлайди. Лекин мавжуд вазият сабабли мақсад ҳали ҳам ўз кучида турибдими?

-  Ҳозир ҳамма – 14 та жамоа бир хил аҳволда. Охирги пайтларда бир-иккита клубларнинг енгил шуғулланиб турибди, деган гап-сўзларни ҳам эшитиб турибмиз. Аммо улар ҳам биздан у қадар ўтиб кетиб қолмаса керак. Шу боис ҳозирги танаффус барчага бир хил таъсир қилади деб ўйлайман. Вазифамиз ўзгаришсиз қолади. Дам олдик, энди мақсадимиз бошқача бўлади, деган гапларга ўрин йўқ. Биз ҳар қандай вазиятда ҳам вазифамиз учун охиригача курашамиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Насаф
25/05/2020 08:30
Канал эгалари навбахорни одамларими дейман, качон карама Навбахор Навбахор. Навбахордон бошка клуб йукми, масалан бирор бир клуб кайси эди масалан хаа Насафми шу тугрисида хам ёзса буладику