Стол тенниси: Эрон ва Марказий Осиё давлатлари терма жамоалари Наманганда жам бўлади

Жорий йилнинг 22-27 декабрь кунлари Наманган шаҳрида жойлашган "Баркамол авлод" спорт саройида стол тенниси бўйича "Марказий Осиё Олимпия умидлари" ҳафталиги ўтказилади.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан Олимпия ўйинлари туркумига киритилган спорт турларини ёшлар ўртасида янада оммалаштириш, халқаро мусобақа ва ўқув-машғулот йиғинларини юртимизда ўтказиш учун барча имкониятлар яратилмоқда. Бунинг самарасида ёшларимиз ўзлари танлаган спорт турлари бўйича маҳоратларини ошириб, юксак натижаларга эришмоқдалар.

Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ушбу имкониятлардан муносиб фойдаланган ҳолда, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда, Осиё стол тенниси федерациясининг 2019 йилдаги "ITTF ASIA DEVELOPMENT PROGRAM" номли низоми бўйича "Марказий Осиё Олимпия умидлари" ҳафталигини ташкиллаштирмоқда. Ҳафталикда 10 ёшдан катта бўлган спортчилар халқаро ўқув-машғулот йиғинида қатнашади.

Ёшларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш, истеъдодларини янада юксалтириш ва бой тажрибага эга бўлиш мақсадида ўтказилаётган ҳафталикда стол теннисчиларимиздан ташқари, Марказий Осиё ва Эрон давлатларининг терма жамоалари ҳам иштирок этади.

photo_2019-12-21_13-11-50

Ўқув-машғулот йиғинида терма жамоа аъзолари тактик-техник, жисмоний ҳолат бўйича назарий ҳамда амалий машғулотлар ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро ўқув-машғулот йиғини мамлакатимиз ва Марказий Осиё давлатлари тарихида илк маротаба ўтказилмоқда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)