SPORTS.uz талқинига кўра Чемпионлар Лигаси чорак финал рамзий терма жамоаси

Мураббий: Руди Гарсия

Испаниялик мутахассис ушбу босқичда ўзиникидан анча кучли таркибга эга жамоани ўйнатган ватандоши Гвардиолани енгди. Ҳа, у “Ман Сити” мураббийини доғда қолдирди ва чорак финалнинг энг катта сенсациясини амалга оширди. Нега энг катта? Чунки Франция чемпионатида 7-ўрин билан кифояланган “шерлар” манчестерликларни ҳар тарафлама ютди. Айниқса, жамоа устозининг топқирлиги амалда ўйинни французлар томонга буриб юборди. Аслида, кейинги босқичга ўтган ҳар бир клуб мураббийлари ҳам бу номга лойиқ. Лекин Гарсия улардан бир бош устун. Бунга сабаблар етарли:

-жамоасини руҳий жиҳатдан фаворитга қарши муносиб тайёрлай олди;

-Гвардиола тики-такасига ўз услуби билан қарши туришни эплади;

-ўйин тақдирини ўзгартириб юборган ўзгаришни амалга ошириб, топқирлик намойиш этди;

-Депай ўрнига Дембелени майдонга ташлаш орқали, бир ўйинчига қараб қолмаганлигини исботлади. Бу якунда ўз самарасини берди.

rudi-garcia-juventus-lyon_1jjfs2nvmc4nd1op1xvdcrisdj

Дарвозабон: Антонио Лопеш

Чорак финалда иштирок этган жамоалар таркибида Облак, Нойер, Тер-Штеген, Навас каби дунё рейтингининг энг юқори поғоналаридаги дарвозабонлар ичида камтаргина номга эга Антонио Лопеш рамзий жамоамиздан ўрин олди. “Сити” билан ўйинда қаҳрамонимиз дарвозаси томон йўналтирилган 6 зарба йўлига ғов бўлди ва клубининг турнирни давом эттиришида муносиб ҳиссасини қўшди. Фақатгина, бир вазиятда Кевин Де Брюйне унинг постига йўл топди. Аммо ўша вазиятда дарвозабонни айблаш мутлақо хато бўлади. Жезус, Стерлинг каби юлдузларнинг қолган уринишлари голсиз якунланиши Лопеш меҳнатлари самараси ҳисобланади. Биз буни муносиб баҳоладик.

GettyImages-1012876500

Чап қанот ҳимоячиси: Альфонсо Девис

Мюнхенликларнинг ноёб топилмаси Альфонсо ўзидан кутилганидан ҳам ёрқинроқ ўйин намойиш этмоқда. “Барселона” билан кечган баҳсда ҳам ўзининг энг кучли формасида ҳаракат қилган канадалик лотераль бизнинг жамоамиздан ўрин олишига тўлақонли асослар бор. Ўша ўйинда у қанотдаги рақиби Семедуни буткул ожиз қолдирди. Биргина Киммихнинг голида у босиб ўтган йўлнинг ўзи уни қандай истеъдодли эканлигини исботлайди. Энди финал остонасида ҳам Девисдан шу даражада ўйин кутиб қоламиз.

1266329491.jpg.0

Марказий ҳимоячи: Дайо Упамекано

Бу йил Диего Симеоне ва унинг шогирдларида Чемпионлар Лигасида узоқроққа бориш имконияти бор эди. Аммо “Лейпциг” бунга осонликча йўл қўймаслигини кўрсатди. Аслида, Диего Коста, Альваро Мората, Жоау Фелиш каби ҳужумчилари бор “Атлетико” учун барчаси енгил ўтиши тахмин қилинган эди. Бироқ “буқалар” орқа чизиғи Дайо Упамекано бошчилигида қандай тартибли ҳимояланаётганига ҳамма ҳам эътибор қаратмади. Упамекано эса, аввал Костани, кейинчалик унинг ўрнига майдонга тушган Моратани буткул зарарсизлантиришни уддалади. “Лейпциг” ярим финал чипталарини қўлга киритган ўйинда айнан у энг яхши футболчи, дея тан олинганида ҳам рамзий маъно бор, назаримизда.

PRI_161129487

Марказий ҳимоячи: Жейсон Денайер

“Сити” босимига бардош қилиш жуда мушкул. Ҳатто, гранд клубларнинг супер ҳимоячилари ҳам бу ишни уддалай олмайди, баъзан. Лекин Денайер бу вазифани ортиғи билан бажарди. Унинг бошчилигида ҳақиқий ҳимоя қўрғони барпо этилганлиги, француз клубининг катта ютуғи. Ортда қолган босқичда улар ўзларининг бу мусобақа плей-оффидаги иккинчи сенсацияларини қайд этишди. Энди навбатдаги ўйин даҳшатли “Бавария”га қарши. Воқеалар ривожини кузатамиз.

2865181-59049628-2560-1440

Марказий ҳимоячи: Маркиньос

Ва ниҳоят, парижликларда бу йил узоқ кутилган Чемпионлар Лигасини ютиш учун ҳар йилгидан-да яхшироқ имконият туғилди. Энди барчаси уларнинг ўзларига боғлиқ. “Аталанта” билан бўлган учрашувнинг сўнгги дақиқалари каби кучли, ҳужумкор футбол кўрсатишса, уларни тўхтатиб қолиш қийин кечиши аниқ. Чорак финалдаги ғалабанинг ҳам ўзгача мазаси бор. Асосий вақтнинг охирги дақиқасида ҳисобни тенглаштириб, рақиб руҳиятини синдирган Маркиньоснинг хотирасида бу баҳс узоқ йиллар сақланиб қолиши шубҳасиз.

EfQAB_KXoAEeX5H

Ўнг қанот ҳимоячиси: Жошуа Киммих

Немис афсунгари доимгидек юқори даражасини кўрсатди. Кимсан “Барселона”га 1 та гол уриб, 1 та ассист амалга оширган фулбексиз рамзий жамоамиз тўлиқ бўлмаслиги аниқ эди. Шунингдек, Киммих узатмалар аниқлиги бўйича 82,5% натижасини кўрсатди. У ўйин давомида тўп назоратига эгалик қилиб, тўпсиз қолганида прессинг қиладиган клубга қарши ҳар қандай футболчи орзу қиладиган кўрсатгични қайд этди.

1266339902.jpg.0

Марказий ярим ҳимоячи: Леон Горецка

 Горецка ўйин давомида яққол ажралиб турмаган бўлса-да, керакли вазиятларда ўз ишини ортиғи билан бажарди. Мюнхенликларнинг иккинчи голидан сўнг рақиблар катта куч билан ҳисобни тенглаштиришга ошиқди. Худди шу фурсатда айнан қаҳрамонимизнинг заргарона узатмасидан кейин Гнабри ҳисобни йириклаштирди. Бу гол каталонияликларга жуда қаттиқ зарба бўлганлиги уларнинг голдан кейинги ҳаракатларида яққол сезилди.

EfabDOHXsAIkpKE

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Томас Мюллер

Нафақат “Барселона” билан ўйиннинг, балки бутунлай “Чорак финал босқичининг энг яхши футболчиси” бўлишга асосий даъвогар Томасни рамзий жамоамизда ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясига қўйдик. Чунки 30 ёшли немис хавбеки бу мавсум голлари билан бир қаторда ассистлари орқали ҳам кимлигини исботламоқда. Унинг шижоати, мотиваторлик қобилияти жамоанинг барча аъзолари учун далда бўлмоқда. Флик даврида у ўзининг иккинчи ёшлигини бошдан ўтказяпти.

fcb_bar_postmatch_muller

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Филиппе Коутиньо

Эътибор берган бўлсангиз, майдон марказини буткул “Бавария” вакилларига топширдик. Сабаби бу чизиқ “Барселона” устидан қозонилган ғалабада асосий ролни ўйнади. Эрта прессинг, ҳеч бир футболчига бўш ҳудуд қолдирмаслик, қанотлар ўртасидаги ўзаро пасларда боғловчилик вазифаларини ушбу чизиқ футболчилари ортиғи билан бажардилар. Коутиньо эса 15 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, дубль расмийлаштирди ҳамда Левандовскининг голига узатма амалга оширди. Кейинги мавсум ҳам Флик уни ўз клубида кўришни исташи катта эҳтимол.

NINTCHDBPICT000601995330-e1597520054564

Ҳужумчи: Неймар

Неймар ўзига ўхшашни бошлади. Энг муҳим паллаларда жароҳат олиб, жамоасига панд бериб қўйган мавсумлари унутилгандек, гўё. “Аталанта”дан ярим финал чипталари тортиб олинган ўйинда ҳам бразилиялик афсунгар юқори даражада ўйнади. Баҳс бошидан, то сўнгги сонияларигача Неймардан ҳавф кутган бергамоликлар якунда барибир уни тўхтатиб қолишни уддалай олмади. Ўйин давомида 16 бор рақибларини алдаб ўтишга эришган футболчи бу борада энг яхши кўрсаткични қайд этиб турибди. Қизиқарли тарафи, бу кўрсаткич энг яқин тақибчисидан 5 тага кўп, дегани. Мана, унинг ҳақиқий даражаси.

GettyImages-1265725937

Ҳужумчи: Мусса Дембеле

Қаҳрамонимиз манчестерликларга қарши майдонга тушгани ҳамоноқ, ўйинни жамоаси томонига ўзгартира олди. Ўйинга қўшилганига 4 дақиқа бўлган бир вақтда тўп киритиб, жамоасини олдинга олиб чиққан Мусса, кўп ўтмай дублни расмийлаштирган ҳолда, сенсацияга бош сабабчи бўлди. Унинг қулай позиция танлаш ва голни ҳис қилиш қобилияти бу сафар “Лион” жамоасига қўл келди. 24 ёшли Дембелега энди янада кучли рақиб дуч келади. Бу вазиятда у яна қаҳрамонлик кўрсата олармикан? Бу барча учун қизиқ.

NINTCHDBPICT000602273483

dsad

Доимгидек рамзий жамоамизда бир қанча футболчиларга жой топилмади. Захирадан ўйинга қўшилиб, жамоасини руҳлантира олган Мбаппе, “Сити” дарвозасини моҳирлик билан ишғол этган Корне, дунёнинг энг кучли посбонларидан бири Облакни ожиз қолдирган Дани Ольмо ва ўзининг энг кучли мавсумини ўтказаётган Роберт Левандовски каби ажойиб ўйинчилардан кейинги босқичларда ҳам чиройли футбол кутиб қоламиз.

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар