SPORTS.uz талқини бўйича Суперлига 14-тур рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Раҳимжон Давронов

Мавсум дебютанти ҳисобланган “Машъал” ҳар икки сафар “Сўғдиёна”дан устун келди. Зоминда кечган баҳсда Дильявер Ваниев шогирдлари 1-турдаги ғалаба шунчаки тасодиф эмаслигини исботлай олди. Учрашув давомида тинмай ҳужум уюштирганига қарамай, “Сўғдиёна”нинг уринишлари Давронов постига тўп киритилиши билан якунланмади. Муборакликлар посбони камида 5 та вазиятда жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. 

Давронов

Чап қанот ҳимоячиси: Александр Мерзляков

Қўқонликлар ғоят аламли тарзда ғалабани қўлдан бой берди. 2:2 ҳисобидаги дуранг уларни қимматли 2 очкодан маҳрум этди. Аслида, ўйин дурангга мос кечди. Мерзляков жуда кам гол уради. Унинг голи ҳисобнинг тенглашишига сабабчи бўлганди. Ҳимояда ҳам анча яхши ҳаракат қилди. Бухороликлар гол киритган вазиятлар унинг қанотида содир бўлмаганди. Стандартлар пайтида Ашурматов шогирдлари анча пала-партиш футбол намойиш этди. Ҳимоя вакили сифатида қаҳрамонимиз ҳам бу камчиликларда ҳиссадор. Аммо бу уни тур рамзий жамоасига олишимизга тўсқинлик қила олмади.

Мерзляков

Марказий ҳимоячи: Аббос Отахонов

Отахонов бекободликлар ишонган футболчилардан бири. Унинг ҳимоядаги ишончли ўйини сабаб Тошкент вилояти дербиси “Металлург” фойдасига ҳал бўлди. АГМК сўнгги дақиқаларда кўп гол ураётган эди. Жамоа гол ўтказар экан, кўпчилик барибир Қосимов шогирдларининг жавоб тўпи киритишига ишонаётган эди. Якунда, ундай бўлмади ва олмалиқликлар 2020 йилги мавсумда илк бор майдонни голсиз тарк этди. 

Отахонов

Ўнг қанот ҳимоячиси: Дилшод Саитов

“Насаф”нинг асосий муаммоси барқарор эмаслигида. Улар ўйинини топиб олган тақдирда, ҳар қандай рақибни янчиб ташлашга қодир. Бу гал мана шундай кайфиятда турган “аждарлар” йўлидан “Қизилқум” чиқиб қолди. Қанот ҳимоячиси Дилшод Саитов эса тез-тез ҳужумда кўриниб турди. Навоийликларнинг ҳужумдаги асосий қуролига айланиб бораётган Иброҳим Томивани зарарсизлантиришда ҳам Саитов анча жонбозлик кўрсатди. Шунингдек, у ўйин мобайнида жуда ҳам фойдали сариқ карточкани ишлаб олди. Ўша вазиятда у ҳужумни майдон марказида тўхтатмаганда, жамоаси дарвозаси жиддий хавф остида қолиши тайин эди. 

Саитов

Марказий ярим ҳимоячи: Нурилло Тўхтасинов

Тўхтасиновни тўхтатиб бўлмаяпти. У “қалдирғочлар”нинг деярли ҳар бир учрашувида гол урмоқда. Узоқдан яхши зарба бера олиши яқин орада эсига тушиб қолган кўринади. Унинг голлари доим юқори савияда ижро этилгани билан ажралиб туради. Мана шундай ҳаракат қилишда давом этган тақдирда, Нуриллони тез орада легионер мақомида кўриб қолсак ажаб эмас. Барча юртдошларимиз қатори унинг фаолиятида ривож тилаймиз.

Тўхтасинов

Марказий ярим ҳимоячи: Сирожиддин Қўзиев

Муборакликлар ярим ҳимоячиси “Сўғдиёна” дарвозасига голгача ҳам бир нечта кучли зарба йўллаган эди. Жиззахликлар бундан етарлича хулоса чиқаравермагач, Қўзиевнинг навбатдаги зарбаси Митрович учун қайтариб бўлмас траектория ҳосил қилди. Тўпнинг дарвоза устунига теккани эса, гол жозибасини янада ошириб юборди. Унинг ягона голи “Машъал”га муҳим 3 очко келтирди.

Қўзиев

Чап қанот ярим ҳимоячиси: Саламат Қутибоев

Яна бир учрашувнинг ягона гол муаллифи. Бекободликларнинг ҳақиқий етакчиси учрашув мобайнида ҳамма ерда ҳозир-у нозир бўлиб туради. ПФЛ томонидан Тошкент вилояти дербисининг энг яхши футболчиси, деб топилган Қутибоев рамзий терма жамоамизга киришга мутлақ ҳақлидир.

Қутибоев

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Ислом Кенжабоев

“Қизилқум” ҳимоячиларини учрашув мобайнида энг кўп қийнаган футболчи сифатида бемалол Исломни қайд эта оламиз. Унинг ўнг қанотдаги фаоллиги эвазига ҳисоб очилди. Тўғри, Бозоров ўз голини индивидуал маҳорат эвазига киритди. Аммо унга Кенжабоев ўз вақтида тўп етказиб берганини ҳам эътироф этиш зарур. 

Кенжабоев

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Азиз Турғунбоев

“Навбаҳор”га Азизнинг голи керак эди. “Пахтакор”га қарши биринчи давра учрашувидаги можаролардан сўнг, жамоанинг ўз уйида мағлуб бўлиши яхши бўлмасди. Айниқса, бир амаллаб кириб олган мухлислар кўз ўнгида… 

Нима бўлган тақдирда ҳам, Турғунбоев ўша вазиятда жуда чиройли ва аниқ ҳаракат қилди. Бизга шуниси муҳим. 

Турғунбоев

Марказий ҳужумчи: Жасур Ҳакимов 

“Қўқон-1912” га қарши ўйин Ҳакимов учун жуда омадли келди. Унинг меҳнат маҳсули ҳисобланмиш 2 голга ҳурматни сақлаган ҳолда айтишимиз керакки, ўша иккала вазиятда унга тўп келиб тушиши омаддан бошқа нарса эмасди. Албатта, бу ерда ҳужумчиларга хос жой танлаш маҳорати ҳам катта роль ўйнайди. Нима бўлганда ҳам, унинг дубли жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Ҳакимов

Марказий ҳужумчи: Бобир Абдихолиқов

“Қизилқум”га қарши ўйин Абдихолиқов учун эсда қоларли бўлди. “Насаф” клуби матбуот хизматининг ёзишича, 23 ёшли футболчи Игнатий Нестеров дарвозасини биринчи бор ишғол қилган. Кенжабоевнинг супер узатмаси ва Касмининнинг қўпол хатоси эвазига киритилган 2 та гол орқали Абдихолиқовнинг жорий мавсумдаги голлари 9 тага етди.

Абдихолиқов

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)