SPORTS.uz талқини бўйича Европа топ-5 чемпионатлари рамзий терма жамоаси

Бош мураббий: Зинедин Зидан (“Реал”)

Муаммоли дея ҳисобланган “Реал” “Мадрид дербиси”ни катта устунлик билан енгди. Бунда, албатта, мураббий имзоси асосий ўрнида сезилиб турди. Мавсум бошидан буён мағлуб бўлмай келаётган “матрасчилар”нинг ожиз тарафларини тўғри топа олган франциялик мутахассис турнинг энг яхши мураббийи бўлгани у қадар ажабланарли ҳолат эмас.

Ушбу принципиал беллашувдаги ғалаба орқали “қироллик клуби” чемпионлик курашидаги имкониятларини яхшигина ошириб олди. 

Зидан шу куни 4-3-3 схемасидан фойдаланди. Айнан шу чизма орқали рамзий жамоамизни тузиб чиқамиз. 

photo_2020-12-15_01-37-00

Дарвозабон: Эмилиано Мартинес (“Астон Вилла”)

“Арсенал”да Лено билан рақобатни бой берган Эмилиано, аслида, яхши даражадаги дарвозабон эканлигини “Вулверхэмптон”га қарши беллашувда исботлаб қўйди. У нақд 7 та вазиятда жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. Айнан шу сейвлар якунда жамоасига АПЛнинг кучли жамоаларидан бирининг устидан ғалаба тақдим этди. 

photo_2020-12-15_01-37-01

Чап қанот ҳимоячиси: Тэо Эрнандес (“Милан”)

Миланликлар “Ювентус” билан олдинда кутиб турган баҳсга қадар орадаги катта фарқни ушлаб туриши фойдали бўлар эди. Албатта, жамоанинг ўзи учун! Очколар нисбати кичрайиб борар экан ўзаро беллашувдаги интрига бир неча баробарга ошиб кетади. 

“Парма” биринчи таймни супер тарзда ўтказди ва ғалабага ҳақли ўйин намойиш этаётган эди. Ҳужумчилардан бир садо чиқмагач, Тео Эрнандеснинг ўзи барчасини ҳал қилишга бел боғлади. Учрашув якунида бўшашган пармаликлар дарвозаси 2 маротаба ишғол қилинди. Француз қанот ҳимоячиси жамоасини муқаррар мағлубиятдан қутқариб қолди. 

photo_2020-12-15_01-37-01 (2)

Марказий ҳимоячи: Харри Магуайр (“Манчестер Юнайтед”)

“Манчестер дербиси” кўпчиликнинг назарида ва ҳақиқатан ҳам, жуда зерикарли ўтди. Бунинг бош сабаби, ҳар иккала жамоа ҳам бир-биридан чўчиб ҳаракат қилди. Аммо барибир ўйин давомида “шаҳарликлар” устунликка эришди. “Қизил иблислар” жарима майдони атрофида тинимсиз босим уюштирилди. Мана шу пайтда ҳимоянинг ишончли ҳаракат қилиши натижасидагина Оле-Гуннар Сульшер шогирдлари мағлуб бўлмади. 

Жамоани сардор сифатида ўйинга бошлаб тушган Харри Магуайр мудофаа марказини яхши ушлаб тура олди ва рамзий терма жамоамизга лойиқ кўрилди. 

photo_2020-12-15_01-37-02

Марказий ҳимоячи: Бенжамин Ми (“Бёрнли”)

“Арсенал”да аҳвол ростдан ҳам ёмон. Бу кетма-кет турларда ўз исботини топиб келмоқда. Аммо барибир уларни мағлуб этиш қийин вазифа. Буни шараф билан уддалаган “Бёрнли” клубининг тартибли ўйинига ҳурматимиз рамзи сифатида жамоа сардори Бенжамин Мини марказий ҳимоя зонасига жойлаштирдик. Яна бир сабаби, ушбу ғалаба клубни хавфли зонадан чиқишига ёрдам берди. 

photo_2020-12-15_01-37-02 (2)

Ўнг қанот ҳимоячиси: Силас Вамангитука (“Штутгарт”)

“Боруссия” Дортмундда муаммолар борлиги кундек равшан эди. Люсьен Фавр “Штутгарт”дан учралган шармандали мағлубиятдан сўнг, жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига мос келадиган мураббий олиб кела билинса, жамоа таркибидаги умидли ёшлар билан кўп натижаларга эришиш мумкин. 

“Штутгарт”нинг ғалабасида Силас Вамангитуканинг дубли катта роль ўйнади. Иккинчи бўлимда захирага олинганига қарамай, у майдонни тарк этгунча ўйин тақдири ҳал қилиб бўлинганди. 

photo_2020-12-15_01-37-02 (3)

Таянч ярим ҳимоячиси: Каземиро (“Реал”)

Бразилиялик ярим ҳимоячининг биринчи тайм аввалида киритган голи кўп нарсани ўзгартириб юборди. Тартибли ўйин орқали тўғри ҳимояланиб, асосан, стандартлар пайтида ўз голларини урадиган “Атлетико” ўз услубида доғда қолдириб кетилди. 

Бундан ташқари, ўйин давомида марказдаги курашларда деярли енгилмади. Кучли жисмоний тайёргарликни биринчи планга қўйувчи Симеоне шогирдларига қарши бу ишни бажариш анча мушкул кечади. 

photo_2020-12-15_01-37-02 (4)

Марказий ярим ҳимоячи: Карлес Солер (“Валенсия”)

Қулаётган “Валенсия”да қолган истеъдодли ярим ҳимоячи “Атлетик”ка қарши учрашувда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Аввалроқ, “Реал”ни ҳам айнан у тиз чўктирганди. Ли Канг Иннинг беқарор ўйинлари ва ҳали тажрибасизлиги “кўршапалаклар”нинг лидерига айланиш учун имкон бермаяпти. Бошқа тарафдан бу жамоада Солернинг ўзи бемалол етакчилик қила олади. 

photo_2020-12-15_01-37-03 (2)

Марказий ярим ҳимоячи: Лоренцо Пеллегрини (“Рома”)

Ла Лиганинг қулаётган етакчиси “Валенсия” ҳақида гапирдик. Энди навбат А Сериянинг қадимий гегемонларидан бири “Рома”га! Тотти фаолиятини тугатгач, ушбу жамоани олдинга бошлаб борувчи кучли етакчи етишмаяпти. Ҳа, Эден Жеко қўлидан келганча “жаллороссилар”ни ўз ортидан эргаштирмоқда. Бироқ бу жамоага 6-ўринни тақдим этмоқда, холос. 

Лоренцо Пеллегрини “Болонья”га қарши беллашувдаги голи ва ассисти эвазига жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Шу туфайли уни рамзий жамоамиз ярим ҳимоясига жойлаштирдик. 

photo_2020-12-15_01-37-03

Чап қанот ҳужумчиси: Ирвинг Лосано (“Наполи”)

Неаполликларнинг ўзига хос ҳарактерга эга бўлган ҳужумчиси навбатдаги тур баҳсларида ўзини захира ўриндиғида қолишга мажбур этаётган Гаттузога нималарга қодир эканини кўрсатиб қўйди. "Сампдория"га қарши беллашувда киритилган гол ва ассист жамоага ғоят муҳим ғалабани тақдим этди: "Наполи" 3-ўринда!

photo_2020-12-15_02-18-46

Ўнг қанот ҳужумчиси: Леон Бэйли (“Байер”)

“Доришунослар” бу турда Бундеслиганинг энг хавфли жамоаларидан бирини таслим этишга эришди. Қандай ҳисобда?! 4:1! Ушбу ғалаба орқали Петер Бос шогирдлари мусобақа жадвалининг 1-поғонасига кўтарилиб олишди. Кетма-кет ўйинларда очко йўқотаётган “Бавария” ва “Боруссия” Дортмунд уларга ушбу шароитни тақдим этди. 

Тур ўйинида Леон Бэйли энг порлоқ футболчи сифатида ёдимизда қолди: дубль!

photo_2020-12-15_01-37-03 (4)

Марказий ҳужумчи: Жейми Варди (“Лестер”)

“Лестер”нинг “Брайтон”ни енгиши тахмин қилинаётганди. Аммо Жейми Вардининг супер ўйини фонида бу иш жуда чиройли тарзда уддаланди. У баҳс Англиялик кеч очилган истеъдод ушбу баҳсда гол уришдан ташқари, жамоадошларининг 2 та голига ассист ҳам амалга оширди. Жеймининг мавсум бошидан буён тер тўкаётгани оқибатида “Лестер” ҳозирда АПЛ жадвалининг 3-поғонасида бормоқда. 

photo_2020-12-15_01-37-03 (5)

Top5 (1)_1

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар