SPORTS.uz талқини бўйича Европа Лигаси мавсум терма жамоаси

Европа Лигаси жорий мавсуми қизиқарли учрашувлар ва воқеаларга бой бўлди. Аввало, пандемия турнир форматининг буткул ўзгариб кетишига сабаб бўлди. Аммо клублар ва турнир ташкилотчилари шундай шароитда мусобақани якунлаб қўйиш имконини топгани ҳам катта гап. Марказлашган, формат жиҳатидан терма жамоалар ўртасида кечувчи мусобақаларни эслатиб юборган ушбу кубок беллашувлари бир қатор кучли футболчилар ўйинларидан баҳраманд бўлишимизга ёрдам берди.

Мураббий: Хулен Лопетеги

Агар ушбу финалда Конте ғалаба қозонганда, уни энг яхши мураббий, дея эътироф этардик. Ҳар икки мутахассис йил бошида ўз клубларини қўлга олишганига қарамай, кучли тактик билимларини футболчиларга сингдира олишди.
Лопетегини эса футбол жамоатчилиги икки карра олқишламоқда. Сабаби, у “Реал”дан жуда катта муваффақиятсизлик билан кетди ва кўпчилик уни қайта ўзини тиклай олмайди, деб ўйлади. Мана унинг жавоби. Финал учрашувидан айнан Де Йонг “Интер” ҳимоячиларига бу қадар кўп муаммо келтиришини испаниялик мутахассис қайердан билган экан?! Жамоа етакчиси Окампос иккинчи тайм аввалида жароҳат олиб майдонни тарк этгач, ғалабани қўлга киритгани ҳам унинг мураббийлик салоҳиятининг нақадар чуқур билимларга асосланганини кўрсатиб беради.

Лопетеги

Дарвозабон: Яссин Буну

Вацлик Европа Лигасининг нимчорак финалидан бери ҳавотирда: Буну бу каби ажойиб ўйинлари орқали асосий таркибга даъво қилиб қолиши ҳам мумкин. Дарҳақиқат, марокашлик посбон плей-оффни супер даражада ўтказди. Чорак финалда Хименес томонидан амалга оширилган пенальтини қайтарди. Акс ҳолда, андалусияликлар Кёлнга етиб келолмаган бўлармиди?! Боз устига, асли Канадада туғилган Буну турнир мобайнида 6 та ўйинни “қуруқ” ўтказди.

Буну

Чап қанот ҳимоячиси: Серхио Регилон

Кўпчилик футбол мухлислари “Реал”га Регилон кераклиги ҳақида гапирмоқда. Бугун бемалол айта оламизки, Серхио “Севилья”га кўпроқ керак. “Қироллик клуби” эса Марсело ва Менди бор позицияга уни ҳам олиб келиб қўйиши тўғри бўлмайди. Севилья шаҳрининг бош жамоаси келгуси мавсумда Европа Чемпионлар Лигасида ҳаракат қилишини инобатга олсак, Регилоннинг қолиши учун сабаблар кўпайиб кетмоқда.

Регилон

Марказий ҳимоячи: Диего Годин

Годин жорий мавсумда “Интер” сафига қўшилиш орқали фаолиятини тугатиш ҳаракатига тушганини эмас, аксинча, иккинчи ёшлигини ўтказмоқчилигини исботлаб қўйди. Уругвайлик ҳимоячи финалларда гол уришни жуда яхши кўради. Аммо доим унинг голлари ғалаба учун кифоя қилмайди. Тўғри-да, ҳимоячи ўз вазифасини бажариши муҳимроқ. Рақиб дарвозасини ишғол қилиш олд чизиқ вакилларининг вазифаси.
Годин Конте ёқтирадиган марказий ҳимоячилар типига киради. У қанот ҳимоячилари ҳужумга чиқиб кетишига имкон берадиган даражада ишончли ҳаракат қилди.

Diego-Godin

Марказий ҳимоячи: Харри Магуайр

Айни дақиқаларда англиялик ҳимоячи Грецияда бўлиб турибди. У кичик муаммолар ичида қолиб кетди. Ярим финалдаги “Севилья”дан учралган аламли мағлубият унга қаттиқ таъсир қилган кўринади. Дарҳақиқат, МЮ жорий мавсумда 3 та ярим финални бой берди.
Харри Сульшер иккинчи жамоани майдонга ташлаган айрим ўйинларда ҳам ҳужумчи, ҳам ҳимоячи бўлиб ўйнашга мажбур бўлди. Биринчи мавсумданоқ сардорлик боғичини тақишига унинг мана шундай фидоий ўйини сабаб бўлмоқда. Ҳа, ҳозирча хатолар учраб турибди. Тажриба ошгани сайин бу камчиликлар ҳам бартараф этилади.

1597613739_maguire

Ўнг қанот ҳимоячиси: Данило Дамброзио

Мавсум кашфиёти дейиш учун Данилонинг ёши (31) катталик қилади. Аммо шуниси ҳам борки, Конте келгунича “Интер”да фаолият олиб борган мураббийлар унинг иқтидорини пайқай билмади. Бугун у “неррадзурилар” сафидаги камёб алмаштириб бўлмас футболчилардан бири.
Қанотдан яхши ҳужумга қўшилиши орқали жорий мавсум Европа Лигаси плей-оффида барча жамоаларга муаммо туғдира олди.

Дамброзио

Марказий ярим ҳимоячи: Эвер Банега

Аргентиналик хавбекнинг узатмалари финалда ҳам етакчи ўринни эгаллади. Чорак финалда ҳам айнан унинг узатмаси Окампоснинг голига сабаб бўлганди. Европанинг турли клубларида ҳаракат қилган ушбу футболчи меҳнатига яраша камроқ соврин ютган. Аммо мана энди бир пайтлар келиб эслаш учун яхши хотиралари бор.

Банега

Марказий ярим ҳимоячи: Николо Барелла

Мавсум кашфиётларидан бири финалда ўз ўйинини топа олмади. Шунда ҳам Конте уни майдондан олмади. Чунки 23 ёшли футболчи жамоада анча катта мавқега эга бўлиб улгурди. У тезкорлиги, кесувчи пасларидаги аниқлик ва кучли зарба орқали мухлис ва мутахассислар эътиборини қозонди.
Бу каби финалларда имкониятни бой бериш айниқса унинг ёшидаги футболчиларга оғир ботади. Умид қиламизки, Николо кейинги мавсумларда ҳам ривожланиб боради.

Барелла

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш

Мавсумни “Спортинг”да бошлаган Фернандеш иккинчи қисмини МЮ билан давом эттирди. Ўзгариш фақат жамоада, Бруну эса гол уришдан тўхтамади. Уларнинг асосий қисми пенальтилардан урилганини инобатга олганимиздан ташқари ҳам португалияликнинг 4 та голли узатмаси ва фойдали иш коеффициентлари юқори даражаларга даҳл қилади. 8 та голи билан турнир тўпурарлигини қўлга киритган хавбек “Севилья”га қарши ярим финал учрашувида роса тер тўкиб, ғалаба учун ҳаракат қилди. Бироқ якунда кичик имкониятларидан максимал фойдаланган испанлар ғалабани илиб кетди.

фернандеш

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Лукас Окампос

Аргентиналик хавбек ҳам кеч порлаган юлдузлар сирасига кириб қолди. Бугун унга жуда кўп клублар қизиқиш билдирмоқда. Аммо у “Севилья”га келмагунча иқтидорини намойиш эта олмаган. Балки, ҳамма гап мураббийдадир.
Аммо Окампосни охири нима бўлиши номаълум экстра-таймларга кириб кетаётган жамоасини сўнгги дақиқалардаги голи орқали ярим финалга олиб чиққани учун ҳам рамзий терма жамоамизга киритишни маъқул топдик.

окампос_1

Марказий ҳужумчи: Жуниор Мораес

Ярим финалгача барчани ўзининг қувноқ ўйини билан мафтун этган “кончилар” “Интер” олдида шунчаки ожиз қолдилар. На ЖуниорЮ на Марлос ва на Тайсон жамоасини ушбу мағлубиятдан қутқариб қола олмади. Ярим финалларга хос бўлмаган ҳисоб қайд этилган ушбу ўйиннинг ўзинигина кузатган мухлис Мораес вариантини ёқламаслиги мумкин.
Аммо биз мавсум терма жамоасини тузиб чиқмоқдамиз ва бутун турнир мобайнида Украина чемпионларининг марказий ҳужуми вакили ажойиб ҳаракатланди.

Мораес

Марказий ҳужумчи: Ромелу Лукаку

“Интер” таркибига кўчиб ўтишини кимдир қўллади, кимдир нотўғри, деб ҳисоблади. Аммо Ромелу футболчи сифатида ўз фаолияти учун нақадар фойдали қарорни қабул қилганини ушбу мавсум кўрсатиб бермоқда. У Европа Лигаси плей-оффидаёқ бир нечта рекордларни ўрнатиб юборди. Клубга келган илк мавсумидаёқ жамоа афсонаси Роналдонинг рекордларини янгилай бошлаган бельгиялик янги мавсумда янада катта иштиёқ билан ҳаракат қилиши аниқ.

Лукаку

СОСТАВ

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)