SPORTS.uz талқини бўйича Чемпионлар Лигаси нимчорак финал рамзий терма жамоаси

Ушбу рамзий терма жамоани тузар эканмиз, сизлар билан икки давр хусусида суҳбатлашамиз. Бунда бизга ўша давр футболи муҳитига тўлиқ қайта олиш катта ёрдам беради. Акс ҳолда, номзодлар орасида сизнинг эътирозингизни юзага келтирувчи қаҳрамонлар бўлиши мумкин. Ушбу жамоа нимчорак финалнинг барча учрашувларини қамраб олади. Яъни, биз сиз билан қиш қаҳратони ва ёз жазирамаси ўртасида сарсон бўламиз. Бошладик!

Мураббий: Диего Симеоне (4-4-2)

На Гвардиола ва на Руди Гарсия, айнан Симеоне нимчорак финалнинг энг катта қаҳрамонларидан бири бўлди. Чунки, у ўша пайтларда мотивацияга тўла, ўйини шаклланган ва бутун Европага ваҳима  солаётган «Ливерпуль»ни мусобақадан чиқариб юборганди. Ўз уйида учрашувнинг бошида киритиб олган голини муносиб қўриқлагани одатий ҳол. Аммо «Энфилд»да барчаси Клопп режалари бўйича кетаётганди. Ҳисоб тенглашди, қўшимча бўлимлар аввалида Фирмино мерсисайдликларни олдинга олиб чиқди. Аммо Симеоне Ливерпулга айлангани келмаган эди. У захирадан майдонга туширган Льоренте ва Мората амалда баҳс тақдирини ҳал қилди.

Демак, мураббийнинг имзоси ўйин картинасига жиддий ўзгартириш киритаётгани маълум. Аргентиналик мутахассис фойдаланган 4-4-2 тактик схемаси рамзий терма жамоамизга асос бўлиб хизмат қилади.

симеоне_1

Дарвозабон: Петер Гулачи

Венгриялик посбоннинг биринчи ўйиндаги қаҳрамонликлари, айниқса таҳсинга сазовор. У нақд 5 та вазиятда жамоасини мағлубиятдан сақлаб қолди. Амалдаги турнир финалчиси билан кечган ҳар иккала ўйинда Чемпионлар Лигасида катта тажрибага эга бўлмаган «Лейпциг»нинг гол ўтказиб юбормаслигида Гулачининг хизматлари беқиёс.

Gulácsi

Чап қанот ҳимоячиси: Альфонсо Девис

Очиғи, нимчорак финалда энг яхши чап қанот ҳимоячисини танлаб олишимиз қийин кечди. Сабаби ушбу позицияда ҳеч бир жамоа футболчиси барқарор ўйнамади. Биз Девисни жорий мавсумда катта ўсишга эришаётгани учун қолганлардан кўра муносиброқ номзод, деб топдик. Зюле жароҳати сабаб марказга кўчган Алаба энди ўз позициясидан айрилган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда, бугунги кун футболи келажаги сифатида канадалик иқтидор эгаси каби ёш, тезкор ва умидли футболчилар кўрилмоқда.

ДЕВИС

Марказий ҳимоячи: Жейсон Денайер

«Лион» «Ювентус»ни мағлуб этгани ҳақидаги хабарнинг ўзиёқ, футболни яхши тушунувчи инсонларга французлар ҳимояси яхши футбол кўрсатганини англатади. Бельгиялик ҳимоячини ушбу чизиқнинг асосий фигураси сифатида таркибга киритишни маъқул кўрдик.

Денайер

Марказий ҳимоячи: Клеман Лангле

Гол уриб олган «Барса» ва гол уролмагани ўртасида катта фарқ бор. Тезкор гол билан жамоасига хотиржамлик тақдим этган футболчи дастлабки баҳсда қатнаша олмаган эди. Пенальтидан биринчи тайм охирида ҳисобни тенглаштирган неаполликлар иккинчи бўлимни босим уюштирган ҳолда ўтказишлари аниқ эди. Шундай ҳам бўлди, аммо ҳимоя ўйин охиригача бошқа хатога йўл қўймади.

Лангле

Ўнг қанот ҳимоячиси: Ханс Хатебур

Биринчи ўйинда дубль қайд этиб жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасига катта ҳисса қўшди. Жавоб ўйинида ҳам бергамоликлар ғалаба қозонди. Аталанта дебютидаёқ чорак финалда ўйнайдиган бўлди. Хатебур ПСЖ ҳужумчиларига ҳам, ҳимоячиларига ҳам бирдек хавф туғдира олишини нимчорак финал исботлаб берди.

Хатебур

Марказий ярим ҳимоячи: Маркос Льоренте

«Ливерпуль» масаласини ҳал қилиш учун испаниялик хавбекка кўп вақт керак бўлмади. Унинг икки бор энг тўғри вазиятда йўллаган зарбаси Адрианни ожиз қолдирди. Маркос Моратанинг ҳал қилувчи голида ҳам иштирок этди. Айниқса, нишонлашни «қийиб қўйди»…

льоренте

Марказий ярим ҳимоячи: Кевин Де Брюйне

Нимчорак финалнинг энг марказий беллашувидан кимдир рамзий терма жамоамизга кириши керак эди. Биз биринчи ўйин қаҳрамони ва иккинчи беллашувда ҳам жамоага етакчилик қилган Де Брюйнени танладик. Боиси, «Реал»нинг Мадридда рисоладагидек кетаётган ўйинини унинг паси ва голи барбод қилди. Манчестердаги учрашувда у чалғитувчи вазифада бир нечта футболчи эътиборини ўзига қаратиб, жамоадошларига бўшлиқлар яратиб берди.

де брюйне

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Марсель Забитцер

Австриялик хавбек «Тоттенхэм»нинг сўнгги умидларини ҳам ер билан яксон қилди. Биринчи бўлим якунидаёқ, «шпорлар»га Забитцернинг икки голи ҳукм ўқиб қўйди. Фақат голлар эмас, ярим ҳимоячи иккала баҳсда ҳам хавфли зарбалари билан Льорисни безовта қилиб турди. Кейинги босқичда «Атлетико» анча осон ўйнаши айтилмоқда. Ҳа, асосий ҳужумчи Вернер жамоани тарк этди. Аммо бу клубнинг барча устунлари қулаб тушди, дегани эмас.

забицер

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Йосип Иличич

32 ёшли ярим ҳимоячи «Валенсия»га қарши жавоб баҳсида покер қайд этиб, Чемпионлар Лигаси тарихида бир учрашувда 4 та гол киритган энг ёши катта футболчига айланди. «Кўршапалаклар» барчани дастлабки дақиқалардаги ўйини билан ҳайрон қолдираётганди. 0-4 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, уларнинг бу қадар катта мотивация билан майдонга тушишлари ажабланарли ҳол эди. Аммо Иличичнинг бир ўзи барчасини ҳал қилди ва иккинчи ўйинда ҳам «Аталанта» ғалаба қозонди.

Иличич

Марказий ҳужумчи: Криштиану Роналду

Жавоб баҳси аввалидан ҳамма португалияликнинг «Вольфсбург» ва «Атлетико»га қарши ўйинларини ёдга ола бошлади. Барчаси шунга қараб кетаётганди. Бироз вақт ва омад етишмай қолди. Устига-устак, энди Роналду 35 ёшли ветеран футболчи. У энди майдоннинг ҳар бир нуқтасида пайдо бўлиб қолувчи ракета эмас. Бунинг учун жамоада Дибала, Бернардески, Бентанкур ва бошқа ёшлар бор. У қўлидан келган барчасини қилди. Афсуски, дубль Роналдуга етарли бўлмади. Айниқса, иккинчи гол Кришнинг бор аламини ўзида мужассам этди, назаримизда.

роналду уефа

Марказий ҳужумчи: Роберт Левандовски

Йил омадсизи совринини Левандовскига топширсак бўлади. Сабаби у жорий мавсумда жуда катта тезлик олди. Мавсум давомида барқарорликни на Месси ва на Роналдуда кўрдик. Роберт эса бир маромда голларини уриб юраверди. Нимчорак финалдаги ҳаракатлари ҳақида гапирганда, унинг ассистлари кўпроқ эътирофга сазовор. Икки ўйинда 3 та гол польшалик форвард учун одатий ҳол. Аммо бу голлар олдида 4 та ассист ҳам борлиги эътиборни тортади.

Ҳа, сўнгги паллада «Олтин бутса»ни бой бергани, энг яхши ҳаракат қилган пайтда «Олтин тўп» соврини ўз тарихида биринчи бор топширилмагани уни хафа қилаётган бўлиши мумкин. Лекин биз Лева қандай ўйнаганини кўриб турибмиз. Тарих уни бу совринларсиз ҳам унутмайди.

лева

уефа

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)