SPORTS.uz талқини бўйича Бундеслига рамзий терма жамоаси

Тан олиш керак, мавсум ўрталарида турнир жадвалида интрига анчагина юқори эди. То "Бавария" клуби бош мураббий Нико Ковачни истеъфога чиқармагунига қадар мюнхенликлар эрасига чек қўйиладигандек эди, гўё. Бироқ 4 ноябрь куни Ковач ўз лавозимидан озод этилди ва ёрдамчи мураббий Ханс-Дитер Флик амалдаги Бундеслига ғолиби бўлган жамоага бош мураббий этиб тайинланди. Айнан ушбу юриш кўп нарсани ҳал қилди. Чунки "қизиллар" унга қадар турнир жадвалида "РБ Лейпциг" ва "Боруссия” Дортмунд клубларидан ортда эдилар. Флик келганидан кейин эса чемпионатни 2-поғонадаги "асаларилар"дан 13 очко кўп жамғарган ҳолда якунлашди. Қўшимчасига, мамлакат кубогида зафар қучишди. Бу мюнхенликлар учун барча мусобақаларда кетма-кет 17-ғалабага айланди ва уларнинг мағлубиятсиз серияси 26 та ўйинга етди. Бу натижаларда германиялик мутахасиснинг хизмати беқиёс. Шу туфайли, Бундеслига мавсум рамзий терма жамоасига уни бош мураббий сифатида танладик. Тактик схема эса 4-3-3 (4-1-2-1-2).

4d9bb9c977649c5cb69a7bb66533a4d15e8ba9808d532707326190

Дарвозабон: Мануэль Нойер

Германия миллий терма жамоаси ва "Бавария" клуби сардори ҳақли равишда рамзий терма жамоадан ўрин олмоқда. Мавсум давомида умумий ҳисобда 2970 дақиқа майдонда ҳаракат қилган немис кипери ҳисобида 15 та "қуруқ ўйин" мавжуд. Бошқача қилиб айтганда, Нойер дарвозани қўриқлаган 46% баҳсларда ўз пости дахлсизлигини сақлаб қолишни уддалаган. Ушбу натижа билан исталган посбон мақтанса арзийди.

Нойер

Ўнг қанот ҳимоячиси: Ашраф Ҳакими

2 йил давомида "Боруссия Дортмунд" сафида ҳаракат қилган тезкор футболчи ушбу мавсумда ўз ҳисобига 5 та гол ва 10 та ассистни ёздириб қўйишга эришган. Бу орқали Африканинг 2019 йилдаги энг яхши ёш ўйинчиси жамоасининг кумуш медалларни қўлга киритишига муносиб ҳисса қўша олди. Ундан ташқари, юқори тезкорлик намойиш этган ҳолда, бир муддат Бундеслига рекордини ўрнатишга ҳам муваффақ бўлган эди (36,2 км/с). "Асаларилар" билан шартномаси якунланган Ашраф клуб сафини ёрқин хотиралар билан тарк этди ва Бундеслига мухлислари унинг ўйинини узоқ вақт эслашлари аниқ.

Хакими

Марказий ҳимоячи: Дайот Упамекано

Франциялик ёш иқтидор соҳиби, шубҳасиз, йил кашфиётларидан бири. Упамекано баланд бўйи эвазига кўплаб ҳужумчиларга бош оғриғи туғдира олади. 21 ёшли ушбу марказий ҳимоячига “Арсенал”, “Реал Мадрид”, “Ливерпуль” ҳамда “Барселона” жамоаларидан таклифлар бўлганлиги бежиз эмас. “Канонирлар”нинг бу ҳимоячига 60 млн евролик расмий таклиф билан чиққанлиги ҳам унга бўлган талаб юқорилигидан далолат. Жорий мавсум у тўп сурадиган “Лейпциг” клуби Бундеслигада фақат “Бавария”дан кўпроқ гол ўтказиб юборган. Бу натижа ҳам умидли ҳимоячининг ўз амплуасида нақадар ишончли ҳаракат қилишидан дарак беради.

Упамекано

Марказий ҳимоячи: Матс Хуммельс

Ушбу мавсумдан эътиборан дортмундликлар сафида тўп тепаётган ҳимоячи клубининг чемпионлик йўлида мюнхенликлар билан узоқ вақт кураш олиб боришида асосий фигуралардан бири бўлди. Фақатгина 28-тур баҳси кўп нарсага ойдинлик киритди ва мағлубиятга учраб, рақибларини 7 очко олдинга ўтказиб юборган Люсиен Фавр шогирдлари бироз тушкунликка тушиб қолдилар. Аслида, ўша учрашувда ҳам Хуммельс бошчилигидаги “Боруссия” ҳимояси яхши ҳаракат қилган, бироқ дарвозабоннинг биргина хатоси туфайли мағлубият аламини татиб кўришга мажбур бўлганди. Матс эса бу мавсум ҳам аввалгилари сингари ёмон ўйин намойиш этмади.

Хуммельс

Чап қанот ҳимоячиси: Альфонсо Дэвис

Рамзий терма жамоамиздан ўрин олган энг ёш футболчи бўлишига қарамай, канадалик ҳимоячи мавсум давомида бунга тўлиқ ҳақлилигини исботлади. 2-августда 20 ёшни қарши оладиган супер истеъдод соҳиби кучли бешликда “Олтин дубль” қайд этган ва Чемпионлар лигасининг фаворитларидан бўлган жамоанинг асосий таркибида ҳозирданоқ ўзи учун жой ҳозирлаб улгурган. Боз устига, у Бундеслиганинг энг тезкор футболчиси ҳисобланади. Мюнхенликлар аъзоси 32-тур доирасида “Вердер”га қарши кечган баҳсда 36,51 км/с тезликда югуриб, ашаддий рақиби Ашраф Ҳакимининг рекордини янгилай олган. Шунчаки, ракета!

Дэвис

Таянч ярим ҳимоячиси: Жошуа Киммих

Немис афсунгари бир неча мавсумдан бери нафақат Бундеслиганинг, балки бутун Европанинг ҳам энг кучли таянч ярим ҳимоячиларидан бири ҳисобланади. Майдонни яхши кўра олиш қобилияти, узоқ масофадан шедевр голлар, кескин вазиятларда ҳам аниқ паслар узата олиши унинг даражасини анча юқорига кўтарган. Ушбу мавсумда ҳам чемпионлик масаласини амалда ҳал қилган ўйинда Киммих катта саҳнага чиқди ва Дортмунд клуби дарвозасини жарима майдони ташқарисидан ишғол этди.

Киммих

Хужумкор ярим ҳимоячи: Кай Хаверц

Леверкузеннинг "Байер" клуби бу мавсум Чемпионлар лигаси йўлланмаларидан мосуво бўлганлигига қарамай, миллий биринчиликда яхши ўйинлари билан ёдда қолди. Қўшимчасига, Германия кубоги финалига чиққан леверкузенликлар тақдим қилаётган футбол анча томошабоп. Айнан шундай чиройли футболнинг асосий сабабларидан бири Кай Хаверцдир. Ёш немис хавбеки бу мавсумда 30 учрашувда майдонга тушган ва ўз ҳисобига 12 та гол ва 6 та ассистни ёздириб қўйишга муваффақ бўлган. Унинг кўрсатаётган ўйини бир қатор гранд клубларнинг оромини ўғрилаган. Турли хил нашрлар Хаверцнинг тез кунларда "туманли алъбион"да кўриниш бериши ҳақида ёзмоқда. Биз ҳам вазиятни кузатамиз.

photo_2020-07-06_20-14-05

Хужумкор ярим ҳимоячи: Томас Мюллер

Сўнгги йилларда ўйин услубини бироз ўзгартирган Томас ўзининг иккинчи ёшлигини ўтказмоқда. Бир мавсум давомида 21 та голга аниқ узатма амалга ошириш учун жуда катта меҳнат қилиш зарур. Дарҳақиқат, Мюллер меҳнатдан қочмайдиган футболчилар сирасига киради. У бутун Европада ҳам ассистлар бўйича пешқадамлик қилмоқда. Эътибор беринг-а: у Месси, Де Брюйне, Александр-Арнольд каби футболчилардан олдинда. Бундеслигада Кевиннинг рекордини янгилагани эса уни "маэстро" деган номга яна бир қадам яқинлаштирди.

Мюллер

Ҳужумчи ортидаги футболчи: Жейдон Санчо

Бундеслига "жавоҳири" бу мавсумда ажойиб ўйин кўрсатди. Ёшига нисбатан олганда натижалари ҳавас қиларли даражада. 2019-20 йилги мавсум Санчо учун ҳам анча омадли келди. 32 учрашувда 17 гол ва 16 та голли узатма. Шулар туфайли у "Golden boy" соврини учун курашда яққол фақорит. Инглиз вундеркинди учун бу мавсум трамплин вазифасини ўташи катта эҳтимол. Негаки "Реал Мадрид", "Ливерпуль", "Манчестер Юнайтед" ҳамда "Бавария" жамоалари уни сўраб "Боруссия” Дортмунд эшикларини тез-тез тақиллатмоқдалар. Мерсисайдликлар устози Юрген Клопп ҳам Жейдонга қизил форма ярашса керак, деб бежизга айтмаганини тахмин қилиш мумкин. Хуллас, "юлдузлар фабрикаси"ни яна бир истеъдод тарк этишга яқин.

Санчо

Ҳужумчи: Тимо Вернер

Германия миллий терма жамоаси мухлислари анчадан бери Мирослав Клозенинг ўйинларини қумсайди. Вернер эса унинг том маънодаги вориси дейиш ўринли бўларди. Чунки у ҳам 1 та вазиятдан 1 та гол ура оладиган ҳақиқий "страйкер" ҳисобланади. Бу мавсум Бундеслигада 28 марта рақиблари постига йўл топа олган Тимо эндиликда ўз омадини "аристократлар" сафида синаб кўради. Ажойиб танлов, наздимизда.
Аслида, Вернер ҳам бу йил ўйини ўхшаб қолган йигитча эмас. Шунчаки, унинг натижалари бир "қотил" голлари соясида бироз кўзга ташланмас эди...

Вернер

Ҳужумчи: Роберт Левандовски

Бу мавсумда унга қанча таъриф берсак ҳам оздек туюлмоқда. Кетма-кет рекордларни янгилаётган польяк форвардини ушбу мавсум на Германия чемпионатида, на Еврокубокларда ҳеч ким тўхтата олмаяпти. Унинг узоқ йиллик орзуси бу мавсум амалга ошадиганга ўхшамоқда. Ниҳоят, Лева “Олтин тўп” ва “Олтин бутса”ни қўлга киритишга жуда яқин. Ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ: Чемпионлар лигасининг қолган баҳсларида борини бериб, ҳаракат қилиш ва барча совринларга эга чиқиш. Бу ҳолат ҳатто, унинг тушларига кириб чиқаётган бўлса ажаб эмас.

Левандовски

Бундеслига Европанинг топ чемпионатларидан эканлигини яна бир марта исботлади. Мавсум давомида чемпион жамоанинг асосий таркибидан тушмаган, 12 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, 11 бор жамоадошлари голларига ҳаммуаллифлик қилган Серж Гнабри, 10 та гол ва шунча ассист амалга оширган Алессан Плеа, унинг жамоадаги шериги Маркус Тюрам, "Лейпциг" учрашувларида беназир бўлган Марсель Забитцер ва шубҳасиз, мавсум кашфиёти Эрлинг Холанд мавсумнинг рамзий терма жамоасидан тушиб қолиши чемпионатда юқори даражадаги футболчилар жуда кўплигидан далолат.

Ёрқин лаҳзаларга бой ўтган Бундеслиганинг ушбу мавсумдаги энг яхшиларини жамоамизда қайд этишга уриндик. Келгуси мавсумларда янада кўпроқ футболчилар кашф этилишидан умид қилган ҳолда Германия чемпионати билан вақтинча хайрлашамиз.

Жавоҳир Азимов тайёрлади

 

«Барселона», «Реал», «Бавария»: Европа клубларининг келгуси мавсум учун расмий либослари (фотомақола)

Клопп шогирдларини тарихий чемпионликка етаклаган 10 та ўйин

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)