SPORTS.uz талқини бўйича АПЛ жорий мавсуми рамзий терма жамоаси

Бош мураббий: Юрген Клопп (4-3-3)

Мавсум давомида турли материаллар орқали германиялик мутахассисни алқовчи гапларни хўб гапирдик. Нафақат биз оммавий ахборот воситалари вакиллари, балки бевосита футбол жамоатчилиги ҳам унинг «Ливерпуль»да амалга оширган ишларини ҳақли равишда юксак эътироф этиб келди. Мерсисайдликларнинг ашаддий рақиби МЮни чорак аср бошқарган сэр Алекс Фергюссоннинг гаплари ушбу чемпионликка бағишлаб айтилган гапларнинг гултожи бўлди: «Клопп, ушбу тарихий чемпионлик сабаб, кечаси соат 3 да қўнғироқ қилиб, уйқумни бузганингни кечираман…».
Бу шунчаки бир клубнинг чемпионлиги эйфориясида айтилган сўзлар эмас. «Ливерпуль» чемпионлигини бутун бошли Англия ва ҳатто дунёда қанчадан қанча қизил либосли инсонлар орзиқиб кутганининг ифодаси, гўё. Ушбу тантана фонида Чемпионлар лигаси нимчорак финалидаёқ «Атлетико»дан аламли мағлубият қабул қилиб олингани, мағлубиятсиз серия аутсайдер «Уотфорд» майдонидаги 0:3 ҳисоби билан барҳам топгани, Англия кубогида «Астон Вилла» қизиллар дарвозасига урган 5 та гол, ҳамма-ҳаммаси унутилади.
Юрген ушбу мавсумда, асосан, 4-3-3 схемасидан фойдаланди. Бизнинг жамоамиз ҳам худди шундай тактик чизгилар асосига қурилади.

Клопп
Дарвозабон: Ник Поуп

Бундан олдинги АПЛ якунларига бағишланган мақоламизда таъкидлаганимиздек, Англия футболи мутасаддилари келгуси мавсумларда энг яхши дарвозабонни аниқлашда бошқачароқ ёндашувни ўйлаб кўришлари лозим. Сабаби, «Манчестер Сити» дарвозабони 16 та «қуруқ ўйин» ўтказиши ҳайратланарли нарса эмас. Бу каби гранд клубларда ҳимоя чизиғи мустаҳкам бўлади ва дарвозабон ҳа деганда безовта қилинавермайди.
«Бёрнли»нинг премьер-лигада ўз мавқейига эга клубга айланиб боришида ушбу посбоннинг хизматлари катта. Ўртамиёна клуб дарвозасини қўриқлайдиган Поуп ушбу мавсумда «энг яхши дарвозабон»дан битта кам – 15 та «қуруқ ўйин» ўтказди. Ваҳоланки, унинг дарвозаси олдида юзага келган хавфли вазиятлар салмоғи Эдерсонникидан бир неча баробар кўп. Гарет Саутгейт терма жамоа асосий посбони масаласида ўйлаб кўриши керак. Чунки, айни ҳолатда «арилар» вакили Жордан Пикфорддан кўра ишончли ҳаракат қилмоқда.

Ник Поуп
Чап қанот ҳимоячиси: Эндрю Робертсон

Мавсум давомида 12 та голли пас муаллифига айланган ҳимоячи рамзий терма жамоадан жой олиши керак эди. Шунингдек, шотландиялик футболчи ҳисобида 2 та гол ҳам бор. Ушбу статистикадан ҳам кўришимиз мумкинки, Энди ҳимояда ишончли ўйнашдан ташқари, ҳужумга ҳам яхши қўшилади. Нариги қанотдаги шериги Арнольд билан тез-тез кросслар амалга ошириб, рақибнинг чизиқли ҳимоясини ишдан чиқаради. Тезкорлиги ҳисобига лотераль ҳимоячи ролини аъло даражада бажаради. Одатда мураббийлар бу каби ҳимоячилардан 3 та марказий ҳимоячи орқали фойдаланишади. «Ливерпуль»да Фабиньо ва Хендерсоннинг ҳимояга мослашувчанлигидан ташқари, Ван Дейк бошлиқ марказий ҳимоя ҳам анча тартибли. Бу эса 26 ёшли қанот футболчисига жамоа ҳужумларига қўшилишда катта имтиёзлар беради.

Робертсон

Марказий ҳимоячи: Виржиль Ван Дейк

Клопп суянган қоя. Нидерландиялик футболчи ўзига сарфланган пулларни ортиғи билан оқлади. У доимий барқарор шерикка эга бўлмаса-да, мерсисайдликлар ҳимоясини яхши бошқармоқда. Футболчи стандардлар пайтида ҳужумга қўшилиш натижасида 5 та гол уришга ҳам эришган. Умуман, Клопп қарши ҳужумлардан ҳимояланишнинг тизимли стратегиясини ишлаб чиққан, деб бемалол айта оламиз. Жамоа ҳимоясининг 3 вакили стандард вазиятларда олдинга бориши футболчилар ва мураббийнинг ўз устунлигига комил ишончи борлигидан дарак беради. Таянч ярим ҳимоячиси Фабиньо ҳам бир қадам ортда бўлса ҳам тўп қайтишини пойлаб туради. Мавсум давомида мана шундай тўпларга бразилиялик футболчи томонидан йўлланган бир қатор хавфли зарбалар гувоҳи бўлдик.

Ван Дейк
Марказий ҳимоячи: Чаглар Сеюнжу

«Лестер» мавсуми ҳақида гапирганда пандемиядан кейинги даврни инобатга олмасак, яхши бўларди. Камтарона захирага эга клубда бундай зич тақвим туфайли муаммолар юзага келиши аниқ эди. Унгача эса жамоа ажойиб футбол намойиш этаётганди. Ҳа, гранд клубларга қарши баҳсларда «тулкилар»нинг доминант мақомида ҳаракат қилгани ва рақибини янчиб ташлаганини кўрмадик. Аммо ўртамиёна клублардан Рожерс шогирдлари қандай очко олишни билишади. Ишонмасангиз, «Саутгемптон»дан сўранг…

Сеюнжу_1
Ўнг қанот ҳимоячиси: Трент Александр-Арнольд

Келгуси мавсум рамзий терма жамоаларида ҳам «Ливерпуль»нинг ушбу ҳимоя учлигини кўрсак, ҳеч ҳам ажабланиш керак эмас. Атиги 21 ёшли футболчи «Ливерпуль» билан деярли барча совринларни ютишга эришди. Ҳа, бу ёшда уники каби ютуқларга кўпчилик эришган. Аммо мавсумнинг барча 38 учрашувида қатнашиш ва асосий футболчи мақомида бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ушбу мавсумда Арнольд 4 та гол ва 13 та ассист амалга оширди. АПЛда ундан кўп голли узатмаларни фақатгина «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Кевин Де Брюйне амалга оширган. Футболчининг ўзи эса бу каби натижаларига камтарона тарзда: «Мен орзулари рўёбга чиққан оддий ливерпуллик йигитман», - деб жавоб беради.

Арнолд
Марказий ярим ҳимоячи: Жордан Хендерсон

Англияда йил футболчиси, деб топилган Хендо рамзий жамоамизга кирмаслигининг иложи ҳам йўқ эди. ЕЧЛ ва АПЛ кубогини боши узра кўтарган инглиз футболчиси, шубҳасиз, «Ливерпуль» тарихидаги энг яхши сардорлар қаторида тилга олинади.
Клопп қурган жамоавий футболнинг негизида айнан шу футболчи туради.

Jordan-Henderson-2-min

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Кевин Де Брюйне

Тьерри Анрининг ассистлар борасидаги рекордини такрорлашга эришган бельгиялик футболчи мавсум давомида премьер-лига мутасаддилари ундан иккита ассистни ўғирлашганини иддао қилмоқда. Биз рақамлар-у, статистикаларсиз ҳам Кевин қандай ҳаракат қилаётганини кўриб турибмиз. Ушбу рақамлар Гвардиоланинг ротацион тактикаси бўлмаганда янада каттароқ бўлиши мумкин эди.

Кевин Де Брюйне_1

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш

Рамзий терма жамоалардан жой олиш учун португалиялик хавбекка ярим мавсум ҳам етарли бўлди. Тўғрида, мана шу қисқа вақт ичида икки бор АПЛда ой футболчиси унвонини қўлга киритишнинг ўзи бўладими?!
14 та ўйинда 8 та гол ва 7 та ассист! У каби сермаҳсул футболчини Англиядан топиб бера оласизми? 25 ёшли футболчининг ҳаракатлари бесамар кетмади. Манчестерликлар якунда премьер-лига бронза медалларига эга чиқди ва Чемпионлар лигаси йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

skysports-bruno-fernandes-man-utd_4928834_1
Чап қанот ҳужумчиси: Пьер-Эмерик Обамеянг

Сўнгги дақиқаларгача лига тўпурарлиги учун курашган габонлик футболчи ушбу эътирофга муносиб мавсум ўтказди. Бир неча кун аввал Англия кубоги финалида дубль қайд этиб, жамосига титул ва Европа лигаси йўлланмасини тақдим қилган футболчининг келажаги сўроқ остида. Очиғи, Обамеянгдек истеъдоднинг Европа лигасида ўйнаши бироз ачинарли. Артета эса ўзи тузаётган янги «Арсенал»да 31 ёшли форвардга катта эътибор қаратган.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Обамеянг
Ўнг қанот ҳужумчиси: Муҳаммад Салоҳ

Гарчи, Салоҳ ушбу мавсумда олдинги икки йилдаги каби «Олтин бутса»ни қўлга кирита олмаган бўлса ҳам, «Ливерпуль» афсонавий чемпионлигининг катта қисмини ташкил этди. 19 та гол ва 11 та ассист амалга оширган мисрлик футболчининг ушбу мавсумини омадли, деб аташга тўла ҳақлимиз. Энди мерсисайдликлар турли фронтларда бир хил курашишлари, бир турнир сабабли бошқаларидан воз кечиб қўймасликлари даркор.

salah_5
Марказий ҳужумчи: Жейми Варди

Мавсум давомида тез-тез йўқолиб қолган Варди якунда барибир ўз мақсадига эришди. 23 та гол билан АПЛ тўпурарлигини қўлга киритган 33 ёшли форвард бу борада энг «қария» тўпурар сифатида тарихга кирди. Бир жиҳатдан айнан Жеймининг беқарор футболи «тулкилар»ни Чемпионлар лигасидан мосуво қилган бўлиши ҳам мумкин. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, ушбу мавсумда фаолиятидаги голлари сонини 100 тадан ошириб олган футболчини «Лестер» мухлислари унутишмайди.

Варди

Top5_1

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Узоқ кутилган икки чемпионлик, бўм-бўш трибуналар, рекордларга бой йил: АПЛда мавсум якунлари

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Санжар Сайфиев
05/08/2020 00:36
Кевин Де Брюйне билан Бруну Фернандешни ўрни алмашиб қопти