Шохжаҳон Эргашев: «Сендан боксчи чиқмайди дейишган эди» (Интервью)

Ҳамюртимиз Шохжаҳон Эргашев «Урюк и клюква» «YouTube» канали учун махсус интервью берди. Ушбу суҳбат давомида, боксчи фаолиятидаги қийинчиликлари ва олдига қўйган мақсадлари ҳақида фикр билдирди.

6-синфдан кейин мактабда ўқимаганман…

«Мен спортга жуда эрта кириб келганман. 6-синфдан сўнг, умуман мактабга бормай қўйдим. Ота-онамга ёрдам бериш мақсадида катта ҳаётга эртароқ кириб келишга тўғри келди. Москвага энди келган пайтимда, мендан рус тилида исмимни сўрашган. Мен эса, «нормальний» деб жавоб берган эдим. Бу ҳозир кулгили туюлади, бироқ ўша пайтда рус тилидаги бирорта сўзни билмас эдим.

Ўзбекистонинг кичик бир шаҳарчаси – Рапқонда туғилганман. У ерда катта супермаркетлар, светофорлар йўқ эди. У ернинг одамлари жуда содда ва самимий. Бизда ўғил фарзанд дунёга келса, боксчи туғилди, дейишга одатланишган.

2002 йилда бокс билан шуғулланишни бошладим. У пайтлари бизнинг шаҳарчада спорт тўгараклари йўқ эди. Шу боис, отам билан мактаб спорт залида машғулот ўтказганмиз. Менга кўпчилик «сендан боксчи чиқмайди, яхшиси ота-онанга рўзғорда ёрдам бери», деган. Тўғриси, бу сўзларни эшитиш жуда аламли. Руҳан қийин вазиятга тушиб қолганимда, отам қўллаб-қувватлаб турганлар. 2010 йилда спортни ташлашга мажбур бўлдим. Катта опам турмушга чиққач, оиламизда молиявий муаммолар пайдо бўлди. Шу боис, ишлашга қарор қилдим.

ркерлўклрўклр

Кун бўйи дадамга ёрдам берар, кеч бўлиши билан спорт залга ошиқар эдим. Бу ҳаётимдаги энг қийин дамлар.

Россияда ҳам осон эмас…

Бу ерга келгач, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Россияда ҳам ҳаммаси осон эмас. Аввалига тунда қоровул бўлиб ишладим. Кундузи машғулотлар, кечаси иш. Спортчи кечаси уйқуга тўймаса, кундузи машғулотларда жуда қийналади. Буларни енгиб ўтиш учун инсон ўз кучига ишониши керак.

Ҳозир жуда кам инсонлар тонгги соат 6 да уйғониб югуришга чиқади. Ҳаммага уйқу ширинроқ, бироқ сен қолганлар ухлаётган пайтга машғулотга йўл олишинг керак. Шунда улардан кўра натижанинг яхшироқ бўлади.

Бахтимга доимо атрофимда яхши инсонлар бўлди. Улар мени тўғри йўналтиришгани учун ҳам бугунги даражага кўтарилдим. Менга дадамдан бошқа ҳеч ким ишонмаган. Москвага келгач, иш ва машғулотларни бир темпда олиб боришга уриндим. Бу ерда мени Пўлатов Сайфулла Темурович ҳар томондан қўллаб-қувватлади. Бу инсондан миннатдорман. Улар менинг нафақат спортда, балки ҳаётда ҳам устозим. Улардан жуда кўп нарса ўрганганман. Мен доимо уларга ўхшашга интилганман. Сайфулло Темурович сингари кийинишни, сўзлашни ва ҳатто, улар севган таомларни истеъмол қилишни истаганман.

Улкан мақсадлар...

Бундан 3 йил илгари АҚШга кўчиб кетдим. Россияда 10 та жангда ғалаба қозонгач, америкаликлар менга шартнома таклиф қилишди. Мен рози бўлдим. АҚШдаги бокс бу бошқа олам. У ерда бокснинг даражаси анча баландроқ. Океан ортида 9 та жанг ўтказдим ва ҳаммасида ғалаба қозондим.

Ҳаётда улкан мақсадга эришмоқчи бўлсангиз, албатта, ўзингизни кучли шахс сифатида тарбиялашингиз лозим. Ҳозирча, ҳеч қандай режаларим йўқ, аммо жаҳон чемпиони бўлмоқчиман. Улар бизга чемпионлик жангини таклиф этишган. Ўйлашимча, яна озгина вақт керак.

дукпўуклпўулкўплукп

Таслим бўлмаслик керак! Балки бугун омадинг келмас, балки эртага ҳам балки бир йил, ҳатто, 10 йил керак бўлса ҳам ҳеч қачон чекинмаслик лозим. Фақат олдинга қадам ташлаш лозим. Ана шунда, инсон ўзи истаган мақсадга эришади.»

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)