Яқинда “Шўртан” клуби Игорь Криушенко ва унинг ёрдамчисига тўланиши керак бўлган қарздорликни тўлиқ бартараф қилди.

Бу ишни ҳал қилиш учун йиллар керак бўлди. Бу орада “Шўртан” ФИФА тақиқларига учраганини яхши биласиз. Бунинг устига клуб молиявий томондан ҳам муаммоларга тушиб қолди. Шунга қарамасдан, ниҳоят жамоа мутасаддилари беларуслик мутахассисларни рози қилди.

Бироқ ушбу муаммони бартараф қилиш жуда қийин кечганини ҳам айтиш жоиз. Sports.uz мухбири вазият ҳал қилингач, Игорь Криушенко билан алоқага чиқди.

- Игорь Николаевич, ниҳоят, “Шўртан” клуби сиз билан қарздорлик масаласини тўлиқ ҳисоб-китоб қилибди. Сиз буни тасдиқлай оласизми?

- Ҳа, ниҳоят бу иш ёпилди. Афсуски, охирги тўрт йил давомида шу масала ижобий ҳал бўлиши учун “Шўртан” билан судлашиб юришимга тўғри келди. Асосийси, бугунги кунга келиб, барча қарздорлик бартараф қилинди.

криушенко1

- “Шўртан” клубидагилар сиз билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш учун номерингизни мендан сўрашганди. Айтишларича, улар сизни масалани ҳал қилиш учун Ўзбекистонга таклиф қилишган экан-а?

- Дарҳақиқат, янги раҳбарият менга мурожаат билан чиққан. Бироқ табиийки, менинг ортга қайтишимдан ҳеч қандай маъни йўқ эди. Ўтган вақт давомида бутун фикру зикрим қарздорлик бартараф этилиши билан боғлиқ бўлди.

- Агар сир бўлмаса, “Шўртан” сизга қанча миқдорда пул тўлади?

- Буни ҳеч қандай изоҳсиз қолдираман.

- “Шўртан” клубидаги ҳолатдан хабардор эдингизми? ФИФАнинг тақиқи туфайли жамоада бор-йўғи 13 нафар футболчи қолганди. Бундай жамоани бошқараётган Асрор Алиқуловга нима деган бўлардингиз?

- Ҳа, мен ўша вазиятдан бохабар эдим. Янги бош мураббийга ачинаман. Шунинг баробарида раҳбариятдан иш учун яратилган шарт-шароитлар муҳайё қилиниши йўлида ваъдага вафо қилишини сўраб қоламан. Акс ҳолда мен билан содир бўлган вазият яна такрорланиши ҳеч гап бўлмасдан қолади.

криушенко_1

- Ўтган бир неча йиллар давомида “Шўртан” сизнинг қарзингизни узиш ҳаракатида бўлди, бу орада ФИФА ҳам клубни турли йўллар билан жазолади. Шахсан сиз ортда қолган йиллардан кейин ҳам қарздорлик тўлиқ бартараф этилишига ишончингиз комилмиди?

- Мен шу вақт ичида ФИФА қўйилган шарт қандай бажарилишини сабр билан кузатиб бордим холос. Шунинг асносида бир неча бор раҳбариятга қарздорлик бартараф этилиши билан боғлиқ вазият қандай ҳал қилинаётгани билан қизиқиб, уларга мурожаат этишимга тўғри келганини айтмоғим даркор. Афтидан, бундай қилмаслигим керак эди шекилли. Агар бундай қилмаган чоғимда эҳтимол, мен билан ҳисоб-китобни аввалроқ амалга оширган бўлишармиди...

- Адашмасам, 2019 йилдан бери Индонезия чемпионатида ишлаб келяпсиз. Кейинги режаларингиз қандай? Жамоани ўзгартириш ниятингиз борми?

- Ҳозирча мени бу ерда ҳаммаси тўла қаноатлантиряпти. Бошқараётган жамоам билан максимал даражадаги вазифаларни бажаришни хоҳлайман. Кейин эса кўрамиз, нима бўларкин?

криушенко3

- Ўзбек футболчиларини ўз жамоангизда кўришни истайсизми? Уларни кузатиб боряпсизми?

- Ҳозир, афсуски бунинг учун вақт етарли эмас. Тўғри, бир қанча футболчиларни даражаси қандай эканлигини биламан. Аммо ҳаммасини икир-чикирига қадар айтиб бермоқчи эмасман.

- Агар Ўзбекистондан таклиф бўлса, яна қайтишга тайёрмисиз?

- Ҳозир ҳаммаси фақат миш-миш холос. Вазият рўй-рост ҳал қилинадиган даражада кўриниш ҳосил қилмаган. Шу билан бирга айтишим керакки, агар ўз олдига жиддий вазифа қўядиган бирор-бир клубдан муносиб таклиф келиб тушса, уни бажонидил кўриб чиқишга тайёрман.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию