Шомуродовга қизиққан “Юве” бошқа ҳужумчи танлади

Италия чемпиони “Ювентус” анчадан бери ўзига мос ҳужумчи қидирмоқда. Ҳатто қишки трансферлар вақтида туринликлар “Женоа” легионери Элдор Шомуродовга ҳам қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Айни пайтда Турин суперклуби “Арсенал” ҳужумчиси Фоларин Балогунни ўз таркибига қўшиб олишни режалаштирмоқда.

Лондонликлар ёш ҳужумчини беш йиллик янги шартномага кўндирмоқчи. Бироқ, футболчи бошқа жамоага ўтишни истаяпти. Шу боис, музокаралар тўхтаб қолган.

Don Balon нашрининг ёзишича, “Ювентус”га 36 ёшли Криштиану Роналдуга шерик сифатида ўйнайдиган чаққон ҳужумчи керак. 19 ёшли Балогун ҳали Англия премьер-лигасида бирорта учрашув ўтказмаган бўлса-да, Европа лигасида нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди. Шунинг учун ҳам туринликлар айнан англиялик ҳужумчига қизиқиб турибди.

Агар “Ювентус” Балогуннинг агентлари билан шахсий шартнома бўйича келиша олса, ёш футболчи ёзда Туринга эркин агент сифатида келади.

Шу ўринда, футболчига “Лейпциг”, “Ливерпуль” ва “Манчестер Юнайтед” ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар