Шомуродов «Женоа» юлдузини захирага михлаб, ўзи гол ура бошлади

А Сериянинг 9-турида “Женоа”нинг “Парма”га қарши учрашуви генуяликларнинг ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италия футболига мослаша бошлаганини кўрсатиб берди. Ҳамюртимиз Генуя жамоасидаги дастлабки ўйинларида самарали ҳаракатларни амалга ошира олмаганидан уни танқид қилаётганларнинг сони кўпайиб қолган эди.

Элдор жароҳатини даволатиб, сафга қайтганидан кейин кетма-кет иккита учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушди ва ҳар икки ўйинда ҳам самара келтирди. Италия кубогидаги баҳсда голли паси билан жамоасининг “Сампдория” устидан қозонган ғалабасига замин яратган бўлса, А Серия баҳсида “Парма” дарвозасини ишғол қилиб, Европадаги голлари ҳисобини очди.

Шомуродовнинг бошланғич таркибда майдонга тушаётгани у ички рақобатда “Женоа”нинг энг машҳур ўйинчиси Горан Пандевни ортда қолдирганидан далолат бермоқда. Умуман олганда, Роландо Маран ўз жамоасида Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамакка ҳужум жуфтлигини ташкил қилганини таъкидлаш жоиз. Бу футболчилар “Женоа”га бир вақтда – ёзги трансферлар даврида келган эди.

   20201130_230005_1

Мутахассислар Шомуродов ва Скамакка бир бирига мос ҳужумчилар эканини таъкидлаяпти. Ҳар иккисининг бўйича баланд ва “иккинчи қаватда” яхши кураша олади. Бир-бирини тушиниб ўйнаяпти. Шомуродовнинг тезлиги юқорилиги футболчимизнинг асосий устунликларидан бири. “Сампдория”га қарши учрашувдаги голли пас айнан шу тезлиги ортидан амалга оширилди.

Ўйин таҳлили билан шуғулланаётган мутахассислар легионеримиз “Парма”га қарши сифатли ўйнаганини айтмоқда. Таҳлилларга кўра Элдор учрашувда жами 14 та пас оширди ва шулардан тўққизтаси жамоадошларига аниқ етиб борди. Элдор икки марта хавфли вазият яратди, бироқ шериклари бундан унумли фойдалана олмади.

Учрашувда 69 дақиқа ўйнаган Шомуродов рақиб дарвозасига уч марта зарба берди. Иккитаси аниқ бўлди ва улардан бири голга айланди. Гол бўлган зарба алоҳида маҳорат билан ижро этилди. Элдор кутилмаган вазиятда узатилган тўпни қабул қилиб, зарба йўллаш учун икки сония сарфлади холос. Атрофидаги ҳимоячилар қаршилик кўрсатишга улгуролмай қолди.

- Мураббий Шомуродовга кўпроқ вақт берганида “Женоа”нинг мағлубиятдан қутилиб қолиш эҳтимоли янада ошар эди. Элдор жароҳатдан кейин тўлиқ ўйнашга қийналаётгани Мараннинг қарорини оқлаши мумкин. Лекин ўйинни ушлаб турган футболчини захирага олиш қанчалар тўғри, жаноб Маран?, - деб ёзади футбол шарҳловчиси Константин Калуцкий.

Гарчи ҳамюртимизнинг голи “Женоа”ни мағлубиятдан қутқариб қолмаган бўлса-да, “Женоа” вакиллари орасида учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб эътироф этилган Элдорнинг ўйини очилиб бораётганидан хурсандмиз.

Шу ўринда, “Женоа” раҳбарияти, хусусан, бош мураббий Роландо Мараннинг Шомуродовдан умиди катта эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Маран яқинда журналистларга берган интервьюсида Элдорни иккинчи даврга пухта тайёрлаш кераклигини, чунки жамоанинг ўйин услуби ўзгаришини маълум қилган эди. Унинг гапларига қараганда, Элдор Шомуродов бундан буён “Женоа” юлдузи Горан Пандев ўрнига жамоанинг асосий фигурасига айланиши кутилмоқда.

gettyimages-1228613744

“Женоа” 10-тур учрашувини 7 декабрь куни сафар “Фиорентина” клубига қарши ўтказади. Кетма-кет иккита беллашувдаги муваффақиятли ўйинидан сўнг, Элдор бўлажак баҳсда ҳам асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Фиорентина” жамоаси ҳам ёзги трансферлар вақтида Элдор Шомуродовни олишга ҳаракат қилган жамоалардан бири эди.  

Шомуродовнинг муваффақиятидан сўнг, Россия клублари қайси футболчиларимизга харидор бўлади?

Шомуродовга оид қизиқ факт!

Футболни тушунмаганлар Шомуродов ҳақида гапирмасин!

"Шомуродов Россияга қайтиб кетади!"

“Женоа”: Шомуродов учди!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)